Қовун туширишди: Қирғизистон терма жамоаси Осиё кубоги ўйинларидан чиқди

Мамлакат футбол раҳбарияти терма команда мағлубиятларидан номус қилиб, истеъфога чиқди.

Қирғизистон миллий терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтаётган Осиё кубогининг саралаш ўйинларида Таиланд, Саудия Арабистони ва Уммон иштирок этган гуруҳда қатнашиб, бир марта дурангга эришди ва икки марта мағлубиятга учради. Натижада уч ўйинда бешта гол ўтказиб юбориб, атиги битта гол уришга муваффақ бўлган терма жамоа кейинги босқич ўйинларига чиқа олмади.

Қирғизистон футбол иттифоқи президенти Медербек Сидиқов

Шундан сўнг Қирғизистон футбол иттифоқи президенти Медербек Сидиқов истеъфо берди. Бу ҳақда у 29 январь куни Қирғизистон футбол иттифоқи ижроия қўмитаси йиғилишида айтган. Истеъфога асосий сабаб Қирғизистон терма жамоасининг Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогидаги мағлубияти бўлган. Сидиқовдан сўнг ташкилот ижроия қўмитаси ҳам ўз ваколатларини муддатидан олдин тугатишга қарор қилган.

Футбол иттифоқининг янги президенти ва ижроия қўмитаси 19 февралда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари қурултойда сайланади.

Сўнгги йилларда Қирғизистонда футболга катта эътибор берилиб, терма жамоанинг Бишкекда ўтказилган деярли ҳар бир халқаро учрашувларида уларни қўллаб-қувватлаш учун шахсан президент Садир Жапаров бош бўлиб, давлат раҳбарлари келишади.

Садир Жапаровнинг ўзи ашаддий футбол ишқибозигина эмас, балки яхшигина ўйинчи ҳамдир. Мамлакатда ҳар йили ўтказилиб келаётган “Мурас” футбол турнирида унинг жамоаси доим олдинги ўринларни эгаллаб келади. Жапаровнинг ўзи эса бир неча бор энг натижали бомбардир дея тан олинган.

Афтидан Футбол иттифоқи раҳбарларининг истеъфога кетишига кўпроқ мана шу ҳолат сабаб бўлган. Яъни, улар давлат раҳбарияти ишончини оқлай олишмаган. Умуман олганда халқаро мусобақаларда тажрибаси камроқ Қирғизистон терма жамоаси ёмон ўйнамаган. Таиланд, Саудия Арабистони ва Уммон каби кучли жамоалар билан ўйнаб, бор-йўғи бешта гол ўтказиб юборишгани ҳам бунга далил бўла олади.

Осиё кубогида Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон ва Тожикистон кейинги босқичга чиқишга муваффақ бўлишди. Жумладан, ўзбекистонлик футболчилар икки марта дуранг ўйнаб, бир марта ғалаба қозонганлар. Умумий ҳисобда 4 та гол уриб, битта тўп ўтказиб юборганлар.

Тожикистон жамоаси сўнгги ўйинда Бирлашган Араб Амирликлари билан ўйнаб, фақат пенальтилар натижасида 5:3 ҳисобида ғалаба қозонишга эришган. Тожик футболчилари ҳисобида 7 гол бўлса, дарвозаларидан 5 та гол ўтказиб юборишган.

Келаси босқич, яъни чорак финал ўйинлари 2 феврал куни давом этиб, унда Тожикистоннинг терма жамоаси Иордания жамоаси билан учрашади. Эртасига, 3 февралда эса, Ўзбекистон футболчилари Таиланд терма жамоаси билан куч синашади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг