Элакдан ўтказилади: Ўнлаб ҳокимларнинг ўз лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилади

Ўзбекистон президенти уй-жой қурилиши ва ер ким ошди савдосидаги сусткашликдан норози бўлган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда 2023 йилда 16 та туманда бирорта кўп қаватли уй-жой қурилмаганини танқид қилди. Ваҳоланки, аҳоли сони шитоб билан ўсаётган мамлакатда уй-жойга талаб тобора ортиб бормоқда.

Президент матбуот хизматига кўра, 2023 йилда минтақалардаги ҳудудларда 2 мингта кўп қаватли уй-жойлар қуриб, аҳолига топшириш режаси тўла бажарилмаган. Жумладан, 124  уй-жой қурилиши якунланмаган бўлса, қурилган уйлардан 450 таси ҳалигача фойдаланишга топширилмаган.

Маълум бўлишича, 16 та туманда бирорта кўп қаватли уй-жой қурилмаган, туман ҳокимларининг бундай режалари ҳам бўлмаган. Йиғилишда бош вазирга ана шу туманлар ҳокимларининг ўз лавозимларига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди. Бунгача Шавкат Мирзиёев ҳукумат раҳбарига Нукус, Жиззах, Бекобод шаҳарлари ҳамда 4 туман ҳокимларининг саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўсишни таъминламаганилари учун уларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни топширганди.

Ўзига хос элакдан ўтказиш Андижон вилоятининг Балиқчи ва Жалолқудуқ, Тошкент шаҳрининг Бектемир, Миробод, Олмазор, Чилонзор, Юнусобод ва Яккасарой туманлари ҳокимларини ҳам кутиб турибди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда ўтган макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишда маълум қилинган.

Ўша йиғилишда бюджет тушуми учун энг катта захира – ерларни тадбиркорларга ким ошди савдоси орқали сотиш экани таъкидланган.

Расмий хабарларда айтилишича, 2022 йилда бундан 1 триллион сўм тушум бўлган, 12 мингта янги лойиҳалар қўшилди. Лекин жойлардаги сусткашлик боис, 2023 йилда 3 триллион сўм қўшимча тушум бой берилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг