Яхши хабар, лекин… Қирғизистонда сўз эркинлигининг тақдири нима бўлади?

Қирғизистон парламентининг уч қўмитаси ОАВ ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокамадан олиб қўйдилар. 

Бир неча йилдирки, сўз ва матбуот эркинлиги бўйича бутун Марказий Осиё минтақасида илғор ҳисобланган, бунинг учун бир вақтлар «Демократия оролчаси» номини ҳам олган Қирғизистонда журналистлар ва фаолларга қарши босим кучайиб келмоқда. Шу йилнинг январида мамлакат тарихида мисли кўрилмаган воқеа содир бўлди. Турли айбловлар билан ҳибсга олинган 11 журналист икки ойлик муддатга, яъни тергов амаллари тугагунга қадар қамоққа ташланди.

Бунгача қатор таҳририят ва уларнинг ходимлари уйларида тинтувлар ўтказилган. Пойтахт Бишкекда митинглар ўтказишга тақиқлов қўйилиб, унинг муддати бойма-бой узатилиб турибди.

Яхши ҳаракатнинг асл сабаби ноъмалум

Ўтган 2022 йилнинг декабрида президент маъмурияти ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун парламентга тақдим этилди. Маҳаллий эксперт ва эркин журналистлар очиқ муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси бўйича уларнинг фикр ва мулоҳазалари инобатга олинмаётганини таъкидлайдилар.

Кеча, 22 январда Қирғизистон парламентининг Бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат бўйича қўмитаси тилга олинган қонун лойиҳасини кун тартибидан олиб қўйди. Депутатлар қонун лойиҳаси омбудсмен вакили иштирокида муҳокама қилиниши зарурлигини, журналистлар фикрини ҳам эшитиш кераклигини айтишган.

Бунгача ушбу қонун лойиҳаси икки парламент қўмитаси – Халқаро ишлар ва мудофаа ҳамда Транспорт ва коммуникациялар қўмиталарининг кун тартибидан олиб ташланган.

Қўмиталарнинг бу қарорлари айнан журналистларга босим ҳаддан ташқари кучайган пайтда қабул қилингани аҳамиятли. Айни дамда БМТ тизимларидан тортиб, деярли барча маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қирғизистон расмийларидан ушбу қонун лойиҳасини қабул қилмасликни ва журналистларга босим ўтказишни тўхтатиб, қамалганларни озод қилишни талаб қилмоқдалар. Бу ҳолатнинг депутатлар қарорига нақадар таъсир қилганини ҳозирча айтиш қийин.

Тақдим этилган қонун лойиҳасининг асослаш қисмида амалдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун эскириб қолгани (1992 йилда қабул қилинган) ва ҳозирги замон талабларига жавоб бермаслиги айтилади. Қонуннинг эскириб қолганини журналистлар ҳамжамияти ҳам тан олади, лекин унга ўзгартиришлар киритиш ташаббусига қарши чиқиб келади. Чунки қонунни янгилаш жараёнида расмийлар унга сўз эркинлигини чекловчи талаблар киритишга ҳаракат қилишлари эҳтимоли катта эди.

Жумладан, қонун қабул қилинган тақдирда интернет сайтлари (амалда барча интернет булоқлари) ОАВ сифатида рўйхатдан ўтишга мажбур бўлади, чет эл фуқаролари ва юридик шахсларига Қирғизистонда ОАВ ташкил этиш тақиқланади.

Экспертларнинг фикрича, қонун лойиҳасида кўплаб мужмал ва ноаниқ жумлалар борки, уларни исталган йўналишда талқин қилиш мумкин. Мана шу ва бошқа сабабларга кўра эркин журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари янги қонун лойиҳаси сўз эркинлиги ва демократияга таҳдид солаётганидан хавотир билдирмоқдалар.

Халқаро Венеция комиссияси ҳам ушбу ташаббус эркин фикр билдириш ҳуқуқини поймол этиши, жамоатчилик назорати ролини ўйнаётган эркин ОАВлар учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Асли журналистика соҳасидан чиққан Жўғорқу Кенеш раиси Нурланбек Шакиев қонун лойиҳасини қабул қилишда парламент журналистлар ва фуқароларни хавотирга солаётган масалаларни инобатга олишини айтган. Бу гаплар ва қўмиталарнинг қарорлари бироз умид туғдиради, лекин масала мавҳумлигича қолмоқда. Чунки расмийларни норози қилиб, уларни қаттиқ чоралар кўришга мажбур қилаётган ҳолатлар ҳам бор. Энг асосий муаммо – бугунги кунда деярли назоратсиз бўлган интернет булоқларида турли хил асоссиз ва атайлабдан тарқатилаётган ёлғон хабарларни кўриш мумкин. Ва бу бутун дунёга давлатларига тегишли.

Бундан ташқари, ўзини журналист деб атаган кўплаб ёшлар айрим сиёсий кучларнинг қуролига айланиб, адолат ва сўз эркинлигига эмас, ўзларининг “хўжайинларига” хизмат қилиб қолишган. Ўз эгасининг “ариғини чопаётган” журналистлар орасида ёши улуғ, тажрибали журналистлар ҳам бор. Ундайлар кўпинча ўз касби, тажриба ва билимларини ўзларининг ва таъсисчиларининг манфаатлари йўлида ишлатишиб, сиёсий рақибларига қарши асоссиз айбловлар билан чиқишади. Жуда кўп ҳолатларда оддий журналистик этика қоидалари ҳам поймол қилинмоқда.

Давлат раҳбарининг ташвишлари

Бундан бир неча кун аввал президент Садир Жапаров “Қабар” миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида сўз эркинлиги масаласига алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, “Қирғизистонда сўз эркинлиги бўлган, бор ва [бундан кейин ҳам] бўлади”, “фақат биринчи галда миллий хавфсизликни таъминлаш учун мавжуд қонунларга риоя қилиниши керак”.

“Бугунги кунда анъанавий журналистика билан рақобат қилаётган ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик фикрини шакллантириш оддий ҳолат бўлиб қолди, – деб ҳисоблайди давлат раҳбари. – Бундай шароитда ҳар бир фуқаро, хоҳ журналист ёки блогер бўлсин, жамиятга ёрдам бериш истаги билан бир қаторда ўзи тарқатаётган ҳар бир сўз учун жавоб беради”.

Жапаров расмийларнинг сифатли журналистик суриштирувни қўллаб-қувватлашини айтиб, блогерларнинг фактларни бузиб кўрсатиши, “пашшадан фил ясаб, манипуляция қилган ҳолда жамиятни нотўғри йўлга киритиб қўйишаётганидан” шикоят қилди.

“Уларнинг материаллари асоссиз фикрлар билан эмас, фактлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Биз жамиятда фикрлар хилма-хиллиги бўлиши тарафдоримиз, лекин биз давлатнинг емирилишига қаршимиз, яъни, масъулиятсиз эркинликка қаршимиз. Бизнинг эркинлигимиз Қирғизистон ҳимоясида бўлиб, унинг манфаатларини ҳимоя қилиши керак”, – деди Садир Жапаров.

Жапаров мустақил нашларнинг донорлардан катта миқдорда пул олишларини иддао қилиб, бунга бир нечта мисоллар келтирди. Ундаги маълумотларга кўра, ходимлари қамалган Factcheck.kg (бош муҳаррири Бўлўт Темиров Россияга чиқариб юборилган) АҚШнинг NED (Демократияни қўллаш миллий фонди) ташкилотидан 2020-2022 йилларда умумий ҳисобда $142,9 минг грант олган. Сайти бир неча бор блокланиб, ҳозирда ёпилиш хавфи остида турган Kloop.media нашри ўша NED ташкилотидан 2021 йилда $585,9 минг доллар олганини айтди президент.

Умуман олганда 2021 йилда бир қатор НДТ ва мустақил журналистлар NED ташкилотидан турли ўлчамда, $90 мингдан $220 минггача грант пуллари олишган. Жумладан, Kloop.media, «Медиахаб», Kaktus.media, «ПолитКлиника», Factcheck.kg, T-Media ва бошқа бир қатор нашрлар йил сайин турли чет эл донорларидан $600 мингдан кўпроқ грант олишган.

Президент тилга олган яна бир маълумотга кўра, 2017-2020 йилларда NED ташкилоти Қирғизистондаги турли НДТ, журналист ва блогерларга $8 миллион 471,6 минг маблағ ўтказиб берган. Аввалги маълумотлар тўғри бўлса ҳам, охирги рақамлар катта шубҳа туғдиради. Чунки бу жуда катта миқдордаги пул бўлиб, уни шундай қисқа муддатда ўзлаштириб юбориш амри маҳол. Қолаверса, тилга олинган сўнгги йилларда халқаро донорлар ўз эътиборларини Украина ва Яқин Шарқ минтақасига қаратишиб, Қирғизистонга ажратилаётган маблағ жиддий камайгани айтилиб келади. Бу гаплар ҳақиқат бўлган тақдирда уларни исботловчи ҳужжатлар эълон қилинса, айни муддао бўлган бўларди. Шу маънода НДТ ва журналистлар ҳам йил сайин олаётган грантлари ҳақида очиқ ҳисобот бериб туришса турли миш-мишларга ўрин қолмаган бўларди.

Президентнинг фикрича, журналистлар олган пулларини мақсадли турда эмас, “ҳокимиятни обрўсизлантириш, жамиятни ғалаёнга келтириш, конституцияга қарши чақириқларга сарфламоқдалар ва миллий хавфсизликка ғулу солмоқдалар”. Унинг айтишича, айрим журналист ва блогерлар бу грантлардан шахсий бойлигини оширишда ҳам фойдаланадилар.

Давлат раҳбари журналистларни олинган грантларни шахсий манфаатлари йўлида сарфлаган ҳолда, донорларга чиройли ҳисоботлар бериб юришда айблади. Сўнгида Садир Жапаров давлат органлари мамлакатнинг ҳудудий бутунлигини ёки жамоат тартибини сақлаш мақсадида қонунда кўрсатилган чекловларга бориши зарурлигини айтиб, тергов ишларининг тугашигача сабр қилишга чақирди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг