Садир Жапаров: Фақат ўзимиз эмас, қўшниларимиз ҳақида ҳам ўйлашимиз керак

Қирғизистон президенти мамлакатдаги сув ресурсларидан фойдаланиш борасида ўз позициясини баён қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Қабар” миллий ахборот агентлигига берган анъанавий интервьюсида кўплаган масалалар қатори мамлакат ҳудудидаги сув ресурслари ва улардан оқилона фойдаланиш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Давлат раҳбари бу соҳадаги муаммолар ҳақида гапирар экан, мамлакат ҳудудида бир замонлар қурилган сув иншоотлари – сув заҳираларини кунлик ва ўн кунлик даврда меъёрга келтириб турувчи ҳовуз (БСР, БДР бассейнлари)ларнинг кўпдан бери тозаланмаганига эътибор қаратди. Бунинг оқибатида ҳовузларда етарлича сув йиғилмасдан, деҳқонларимиз сув танқислигига учрамоқдалар.

“Бу йил биз уларнинг ҳаммасини тозалаяпмиз, бундан ташқари мен ана шундай янги ҳовузларни қуришга кўрсатма бердим. Бу ҳовузлар биринчи галда бизнинг дарёларимиз этагида яшаётган қўшниларимиз учун фойдали… Агар биз қишда эриган қор сувини ана шу ҳовузларда сақлаб қолсак, сой ва дарёларда оққан сув қўшниларимизга етиб боради. Яъни, улар аввалгидан кўпроқ сув ола бошлайдилар”, – деди давлат раҳбари.

Президент шуни таъкидладики, Қирғизистон оқар сувни шундай фойдаланишга интиладики, натижада [қўшнилар билан] тортишувлар бўлмасин.

“Биз қўшниларга қанча сув керак бўлса, шунчасини берамиз. Айнан шундай бўлади”, – деди Садир Жапаров.

Мисол тариқасида Жапаров Қирғизистонда кўп йиллардан бери қурилиши ҳақида гапирилиб, лекин амалга ошмай келаётган Қамбарота ГЭСини келтирди. Бу иншоот қуриб битирилса, у ерда тўпланган сувдан фақат қўшнилар фойдаланадилар, Қирғизистон эса бу ерда ишлаб чиқарилган электр қувватидангина фойдаланади. Чунки Қирғизистон жўғрофий жойлашувига кўра ўз ҳудудидан оқиб ўтаётган, ГЭСларга бой Норин дарёси сувининг 1 фоизидангина фойдаланади холос. Энди Қамбарота ГЭСи ҳам қурила бошланган бу дарё сувидан деярли тўлалигича Ўзбекистон ва Қозоғистон фойдаланади.

“Қамбарота ГЭСи қурилиб битгач, биз ундан қиш мавсумида электр қуввати олиш учун фойдаланамиз, ёзда эса Тўқтағул ГЭСидан электр қуввати олиб, қишда у ерда йиғилган сувни қўшниларимизга берамиз”, – деди Садир Жапаров”, – ҳозир эса биз Тўқтағул ГЭСидан қишда электр қуввати олиш учун фойдаланяпмиз [яъни, сув беҳуда оқиб кетяпти]. Лекин ёзда ГЭСни ва ундан оқиб чиқаётган сувни тўхтатишимиз керак. Чунки сув омборидаги сувни сақлаб қолмасак, келаси қишда электр қувватисиз қоламиз”.

Ёз ойида Тўқтағул сув омборидан сув чиқишини тўхтатиш ёки камайтириш натижасида қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистон деҳқонлари ёзги суғориш мавсумида сувсиз қолишади. Бу ҳолат кўп йиллардан буён қўшни давлатлар ўртасидаги тортишувларга, масалани ҳал қилиш бўйича жиддий музокараларга сабаб бўлиб келмоқда.

“Биз бу муаммоларни ҳал қилиш устида ишлаяпмиз. Биз нафақат ўзимиз, балки қўшниларимиз ҳақида ҳам ўйлаяпмиз. Биз абадий қўшнилар бўлганимиз боис энг муҳим масалалар хусусида ўйлашимиз керак, – деди президент Садир Жапаров. – Ва “биз сув бошимиз, бошқаларга сув бермаймиз”, дея фикрлаш беъманилик. Биз ҳаммамиз – биродар халқмиз, абадий қўшнилармиз, кўп нарсада бири-биримизга тобемиз. Уларни санаб ўтирмайман, одамлар ўзлари буни яхши билишади”.

Мустақилликнинг турли йилларида сув масаласи минтақа давлаталри ўртасида турли сиёсий масалаларни ҳал қилишда босим ўтказиш қуроли бўлиб келди. Жумладан, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида газ ва сувни айирбошлаш масаласи ҳам кўтарилиб келган. Вазият таранглашган пайтларда айрим сиёсатчилар сув омборларини бўғиб, Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув бермай қўйиш талабини илгари суриб келишган.

Президент Садир Жапаров тез-тез “Қабар” миллий ахборот агентлигига интервью бериб, уларда мамлакат халқини қизиқтирган долзарб масалалар хусусида ўзининш фикрларини баён қилиб келади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг