Германия ҳудудий суди: Алишер Усмонов «Путиннинг одами» эмас

Суд Американинг «Forbes» журналига миллиардерни Путин исми билан боғлашни тақиқлади.

Германиянинг Ҳамбург ҳудудий суди Американинг “Forbes” журналига ишбилармон Алишер Усмоновни “Россия президенти Владимир Путиннинг одами» экани ва унинг «бизнес муаммоларини ҳал қилгани» ҳақидаги баёнотларни тарқатишни тақиқлади.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг “ЕU Today” нашрига таяниб хабар беришича, судга берилган даъвога 2022 йилнинг 2 февралида “Forbes” журналида чиққан “Украина туфайли Байден санкцияларига дучор бўлиши мумкин бўлган Путин олигархлари билан танишинг” сарлавҳали мақола сабаб бўлган. Мақолада Усмоновга тегишли асоссиз иддаолар, жумладан аноним экспертнинг “Усмонов бир неча бор Путинни қўллаб-қувватлаган ва унинг бизнесдаги муаммоларини ҳал қилган” деган сўзлари бор.

Кейинчалик, 2022 йилнинг февралида бу ибора, бошқалар қатори, Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан россиялик тадбиркорга қарши киритилган санкцияларни оқлашда далил сифатида келтирилган. Усмоновнинг адвокатлари “Forbes” мақоласидаги баёнотларни ёлғон ва туҳмат деб атади. Шу сабабли кўп ўтмай, 27 февралда мақола юзасидан судга даъво аризаси берилди.

Суд жараёнида “Forbes” Усмонов ҳақида гапирган аноним манбанинг исмини ошкор қилишдан бош тортди. Нашр, шунингдек, Усмонов қачон ва қандай қилиб Путинни “қўллаб-қувватлагани” ёки унинг “бизнес муаммоларини ҳал қилгани” ҳақида далил бўла оладиган мисол келтира олмади, дейилади суд қарорида.

Германия суди, шунингдек, “Forbes” нашрига Усмоновга алоқадор бошқа баёнотларни тарқатишни ҳам тақиқлади. Улар орасида Усмонов Россиянинг собиқ алоқа вазири Леонид Реймандан Путиннинг «бизнес муаммосини ҳал қилиш» учун «Мегафон» уяли алоқа оператори улушини сотиб олгани ҳақидаги маълумотлар бор. Рейманнинг ўзи «Мегафон»га эгалик қилганини мунтазам рад қилиб келмоқда.

“ЕU Today” таъкидлаганидек, суднинг бу қарори Украинадаги ҳарбий амалиёт билан боғлиқ айрим россияликларга нисбатан санкцияларини оқлаш учун Европа Иттифоқи таянган манбаларга эътироз билдиришда қонуний прецедент бўлиши мумкин. Яъни, санкцияга гирифтор бўлган бошқа шахслар ҳам энди мана шундай даъво аризалари билан судга мурожаат қилишлари мумкин.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмонов Англия ва Россиянинг энг бой одамлари қаторида тилга олинади. “Forbes-Россия” нашри маълумотларига кўра, Усмоновнинг бойлиги 2023 йилда 14,4 миллиард долларни ташкил қилган. Украинада уруш бошлангандан кейин ғарб давлатлари Россия президенти Владимир Путинга яқин одам деган баҳона билан Усмоновга қарши санкциялар киритишган.

Ўтган йилнинг ноябрида Усмонов Германияда ўзининг яхтаси ва виллаларида ўтказилган тинтувнинг ноқонуий бўлганини судда исботлаган эди. Буни тасдиқлаган суд немис полициясига тинтув пайтида олиб қўйилган қимматбаҳо буюмларни эгасига қайтаришни топширган.

Ўтган йилнинг сентябрида ўзининг 70 ёшини нишонлаган миллиардернинг ота-онаси Бурхон ва Дилбар Усмоновлар Наманган вилоятининг Чуст туманидан.

Алишер Усмонов 1992 йили Бадиий гимнастика бўйича Россия терма командаси тренери Ирина Виннер билан турмуш қурган. Фарзандлари йўқ. Ўтган йили уларнинг ажрашгани ҳақида маълумот тарқатилди.

Россияда миллионлаб долларлик хайрия ишлари қилгани билан машхур. Жумладан, Россияга тегишли бўлган жуда қиммат тарихий санъат асарларини Европа давлатларида сотиб олиб Россия музейларига қайтарган.

Энг яқин қариндошлари қаторида бўлган жияни Бобур Усмонов 2009 йилда ўша пайтдаги Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг жиянига уйланган. Бобур 2013 йили Тошкентда автомобил ҳалокатида нобуд бўлган. Ҳозирда Алишер Усмоновнинг икки синглисидан 6 жияни бор.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Алишер Усмонов ўз ватанига қўлидан келганича ёрдам қилишини бир неча бор айтган. Бугунги кунда Ўзбекистонда унинг номи билан боғлиқ бир неча йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг