Терговчининг фикри нега ўзгарди? Бир судга икки хил мурожаат

Қирғизистоннинг грек-рим кураши федерацияси вице-президенти Аҳрор Иминов яна ҳибсга олинди.

Маълумотни Бишкекнинг Биринчи май тумани суди матбуот хизмати тасдиқлади. Муассаса баёнотида айтилишича, туман судининг 2023 йилнинг 30 декабридаги қарорига кўра унинг мамлакатдан ташқарига чиқмаслик тўғрисидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, 4 февралгача қамоққа олинган. Бундан сўров билан судга Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) терговчиси мурожаат қилган.

МХДҚ Аҳрор Иминовни ўтган йили отиб ўлдирилган жиноятчи, “қонундаги ўғри” Қамчи Кўлбаев жиноий гуруҳининг айрим аъзоларини молиялаштирганликда гумон қилиниб, 2023 йилнинг 11 октабрида ҳибсга олган эди. Унга Жиноят кодексининг “Уюшган гуруҳ тузиш ёки унда иштирок этиш” моддаси бўйича айблов қўйилган.

Махсус хизмат Иминовнинг бир қатор юк ташувчи компаниялар фаолиятига аралашган ва улар даромадларининг тахминан 30 фоизини жиноий гуруҳларнинг умумий фондига йиғиш билан шуғулланганини билдирган. Ўтган йилнинг 16 ноябрида МХДҚнинг терговчиси сўровига кўра, Биринчи май туман суди Аҳрор Иминовни мамлакатдан ташқарига чиқмаслик ҳақидаги тилхати билан қамоқдан чиқарган.

Қирғизистонда жиноят оламининг асосий раҳбари сифатида танилган Қамчи Кўлбаев ўтган йилнинг 4 октябрида Бишкекда МХДҚнинг махсус амалиёти чоғида ўлдирилган эди. 9 октябр куни махсус хизмат унга алоқадор дейилган 40 дан ортиқ кишини жиноий гуруҳнинг фаол аъзолари сифатида ҳибсга олингани ва Кўлбаевга тегишли 1 миллиард долларлик мол-мулк мусодара қилингани ҳақида хабар берган эди.

17 ноябр куни МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев Қамчи Кўлбаев ва божхона бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов тузган коррупцион тизимга алоқадор бўлган 70 га яқин давлат ходими ишдан бўшатилганини ҳам маълум қилган.

Аҳрор Ҳикматиллаевич Иминов қирғизистонлик ўзбеклардан бўлиб, 1987 йилда Ўш шаҳрида туғилган. Англиядаги Нюкасл университетининг бизнес ва менежмент факултетини тамомлаган.  Аҳрор Иминов Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик академиясида магистрлик даражасини олган.

Қирғизистон Республикаси Грек-рим кураши федерацияси вице-президенти сифатида танилган Иминов  2007-2016 йилларда Халқаро фонд биржасининг онлайн брокери, 2016 йилдан бошлаб ушбу халқаро ташкилот маслаҳатчиси, “Қирғизистон Республикасидаги чет эллик талабалар иттифоқи” уюшмаси директори сифатида ишлаган. Шунингдек у “ОГОГО ГРУП” ва “Глобал Марк” масъулияти чекланган жамиятларига (МЧЖ) асос солган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг