МОЗИЙГА НАЗАР : “ЎШ ОҚШОМИ” ГАЗЕТАСИНИНГ ИЛК СУБҲИДАМИ

Оғир синов йилларида мана шундай бир нашр элимизга сув билан ҳаводек зарур эди.

Ўш воқеалари ўтган асрнинг 90-йиллари тарихига жароҳат бўлиб битилгани барчага маълум. Неча асрларки қондош ва қардош бўлиб яшаб келган, тили бир, дили бир, дини бир, яшаш тарзи, удуми бир қирғиз ва ўзбек халқининг тотувлиги ва иноқлигини кўра олмаган хорижий ҳасадгўйлар бош кўтаришганди ўшанда. Аммо улар мақсадларига, қора ниятларига етиша олмади. Икки халқнинг мустаҳкам дўстлиги ғолиб келди. Юртдошлар яна қўлни қўлга бериб осойишта яшашда давом этдилар.

Ўша кунларда республика ва Ўш шаҳар ҳокимияти олдида ана шу қадимий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, икки халқ ўртaсида бирдамлик, биродарликнинг турфа тамойилларини шакллантириб, ишга солиб боравериш вазифаси турарди.

Ўшанда Ўш шаҳар кенгашининг навбатдаги йиғилишларидан бирида шаҳар Ижроия қўмитаси раиси Бахтиёржон Фаттохов муҳим бир таклиф билан чиқди.

– Шаҳарнинг кўпмиллатли аҳолиси ўртасида оммавий-ташкилий ва тарбиявий ишларни тизимли равишда олиб бориш учун бизга ўзимизнинг оммавий ахборот воситамизни – шаҳар рўзномасини ташкил этсак, – деди у. – Газета уч тилда – қирғиз, ўзбек ва рус тилида нашр қилинса. Газетага уччала тилни яхши биладиган журналист, ёзувчи Абдуғани Абдуғафуров бош муҳаррир бўлса, нима дейсизлар?

Йиғилиш аҳли, шаҳар депутатлари бу таклифни бир овоздан қўллаб-қувватладилар. Тегишли қарор қабул қилиниб, бўлғуси газетанинг тамал тоши шу куниёқ қўйилди.

Камина таҳрир ҳайъатини шакллантира бошлaдuм. Тез кунда таниқли журналист ва ёзувчилардан Раҳим Карим, Абдурашид Урбоев, Зинақан Пасанова, Эркин Бойназаров, Маматибраим Қарақўзуев, Виктор Зилингалардан иборат таҳрир ҳайъати тузилди ва тезкор фаолият бошланди.

Ниҳоят, 1991 йилнинг 5 апрелида уч тилда, “Ош шами”, “Ўш оқшоми”, “Вечерний Ош” деб номланган А-3 шамоилидаги газетанинг биринчи сонига бош муҳаррир сифатида имзо қўйиш қувончига мушарраф бўлдим. Кейинги ҳафтада, шаҳар кенгашининг катта мажлислар залида газeтанинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Маросимда қатнашган корхона ва ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари, депутатлар, шаҳар фаоллари шу куниёқ газетага обуна бўлишга ваъда бердилар ва ваъдаларининг устидан чикдилар. Натижада газетанинг адади 7000 (eттu минг) нусхага етди. Газета мухлислари унинг навбатдаги ҳар бир сонини интиқлик билан кута бошладилар.

Халқлар дўстлиги, биродарлиги, маданиятлар, қадриятлар уйғунлашуви, ўзаро борди-келдилар, муштарак мapocимлapнu долзарб ёритиш газетанинг асосий ғояси – байроғи бўлиб қолди. Унинг ўқувчилари бир вақтнинг ўзида қирғизлар, ўзбеклар, руслар ҳамда русийзабон бошқа миллатлар вакиллари эди.

Камина 1992 йил май ойида такдир тақозоси ила вилоят Ижроия қўмитасига қарашли бошқармага бошлиқ этиб тайинландим. Газатага шоир ва журналист, ижодкор шогирдим Абдурашид Урбоев раҳбарлик қила бошлади.

Абдурашид газетанинг асосий йўналишини сақлаб қолди. Шy билан бирга шаҳар хўжалигидаги камчиликларга нисбатан муросасизлик, ҳақиқат ва адолат хусусида дангаллик, жасорат туйғулари газета руҳиятига сингдирилди. Бу эса газетанинг халқ орасидаги обрўсини ва таъсирчанлигини янада оширди.

Истеъдодли журналист Талант Мўнўлбаевнинг газетага бош муҳаррирлиги 2000 йилларда республикада юз берган “рангли инқилоблар”, жойлардаги талотўплар, ўнг ва сўл кучларнинг пистирмалари даврига тўғри келди. Аҳоли орасида, “Энди нима қиламиз?», «Қайси тарафга юрамиз?» каби саволлар пайдо бўлди. Шу аснода газета аҳолига ҳақиқат йўлини тез ва аниқ кўрсатиб бера олди, юқоридаги каби саволларга дангал, ишончли жавоблар бера олди. Қирғизистоннинг доно, жўмард, оқилона фикр юритувчи ҳамкор ва ҳамдўст халқи борлигини ўз саҳифаларида пешма-пеш намоён этиб турди.

Газетани Бишкекдаги пеш нашрлар дошқозонида қайнатиш, ўшаларга хос ранг ва дизайнда кўркам чоп этиш тажрибали ва ишбилармон бош муҳаррир Турғунбой Алдақуловгa насиб этди. Бу даврда газетанинг сурати ҳам, сийрати ҳам ижобий томонга ўзгарди, янги-янги рукнлар ўз кўрсатди.

Ўзбекча саҳифаларни Эркин ва Ширмоной Бойназаровлар жўшқинлик ва жанговарлик руҳида, ранг-баранг мавзуларда тайёрлаб, газетхонлар эътиборига сазовор бўлишди.

Депутатлар шаҳар кенгаши ва мэрия фаолиятининг шаффофлигини таъминловчи омилларнинг энг устувори, ҳокимият ва халҳ ўртасидаги ишончли кўприкларнинг бири шу газета бўлиб қолди.

Турғунбой Алдақуловдан эстафетани қабул қилган талантли журналист Бурул Исмаилова ҳозиргача ўзининг юксак ташкилотчилик қобилиятини намойиш этиб, газетани 3000 нусхада чоп эттирмоқда. Компьютер, интернет олам узра бош кўтарган ҳозирги шароитда бу шаҳар газетаси анча яхши кўрсаткич ҳисобланади.

Ўзбекча саҳифаларда Ўзбекистон маданияти, маънавияти, алломалари ҳақида туркум мақолалар, дўстликнинг янги ниҳоллари баёнлари чоп этилишида бутун умрини журналистика деган машаққатли соҳага бағишлаган фидоий uжодкор Санталатхон Файзуллаева жонбозлик кўрсатмокда.

Газета 2021 йили 30 йиллигини тантанали нишонлади. Бош муҳаррир Бурул Исмоилова 30 га яқин фаолларга юбилей кўкрак нишонини топширди.

Газета шу кунларда ҳам тинчлик, дўстлик, қардошлик жарчиси деган масъул вазифани шараф билан бажариб келмоқда.

Абдуғани Абдуғафуров, Оқбура, Ўш.

Қирғизистон халқ ёзувчиси, “Ўш оқшоми” газетасининг биринчи бош муҳаррири.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг