Қирғизистонда ўзини худо деб эълон қилган Арстан Алай қамоқхонада вафот этди

Дастлабки маълумотларга кўра ишбилармон сиёсатчи ошхонада осилган ҳолда топилган. 

Қирғизистонда ўзининг ғаройиб гаплари билан кўпчиликка таниш, ўзини “янги худо” деб атаган ишбилармон ва сиёсатчи, Арстан Алай номи билан машҳур бўлган Арстанбек Абдилдаев 5 январь куни Бишкек яқинидаги аҳлоқ тузатиш муассасасида вафот этди.

Бу ҳақда дастлаб унинг адвокати Қайин Абакиров айтиб чиқди. Шундан сўнг Жазони ижро этиш хизмати расмий маълумотни эълон қилиб, 5 январь куни эрталаб Арстанбек Абдилдаевнинг жасади Махсус даволаш ва аҳлоқ тузатиш муассасаси (31-сон қамоқхона) ошхонасида осилган ҳолда топилганини маълум қилди.

Арстан Алай ўтган йилнинг 15 декабрида “динлараро адоват қўзғатиш”да айбланиб, ҳибсга олинган эди. Турли маълумотларга кўра, унга “шахснинг ноаниқ психотик бузилиши, галлюцинация” деган дастлабки ташхис қўйилган ва 28 декабрь куни психиатр тавсиясига кўра Чуй вилоятининг Молдовановка қишлоғида жойлашган 31-сонли аҳлоқ тузатиш муассасасига ўтказилган.

Ўша жойда 29 декабрь куни Абдилдаев юраги оғриётгани, бош оғриғи, шовқин-сурон, овқатдан кейин қорин оғриғи, тез-тез ҳолсизлик ҳолати борлигини айтиб, шифокорга мурожаат қилган.

Текширувнинг дастлабки натижаларига кўра, Абдилдаевга “аниқланмаган психотик шахс ва юрак ишемик касаллиги” ташҳиси қўйилган. Жуда юқори хавф гуруҳидаги гипертония касаллигига ойдинлик киритиш ва клиник ташҳисни аниқлаштириш учун психиатрлар томонидан комиссия текширувини ўтказиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинган.

“Бирламчи экспертиза давомида жасадда жароҳатлар аниқланмади. Ўлимнинг асл сабаби ва механизмини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланди. Мазкур факт ички ишлар органларида қайд этилиб, терговга қадар текширувлар бошланди”, – дейилади хабарда.

Жазоларни ижро этиш хизматида Арстанбек Абдилдаевнинг ўлими сабабларини аниқлаш юзасидан расмий тергов бошланди.

Ўзини “янги худо” деб атаган Арстан Алайнинг чиқишлари кўп йиллардан буён жамиятда қизғин муҳокама қилиб келинади. У айниқса, (“Зима не будет”) – “Қиш бўлмайди”, “Қишни мен йўқ қилдим”, деган баёнотларидан кейин эл оғзига тушган эди. Ўшанда у матбуот анжумани ўтказиб, Россия президенти Владимир Путинни биоробот эканини, дунёни фақат у ва қирғизлар қутқариб қолишини айтиб чиққан. Унинг ана шу сўзлари ёзилган видеони бир неча кун ичида 4 млн. одам кўрган.

Кўп йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келган Арстанбек Абдилдаев уч марта (2011, 2017 ва 2021-йилларда) президентлик сайловларида номзод сифатида иштирок этган. Охирги сайловда у 1159 овоз олган.

Унинг қурилиш компанияси ва ёқилғи қуйиш шаҳобчалари борлиги айтилади.

2023-йил 15-декабрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Арстанбек Абдилдаев “диний адоват қўзғатиш”да гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. У “ижтимоий тармоқларда диний адоватни қўзғатишга чақириқлар қилиш ва китобчалар тарқатиш”да айбланган. Махсус хизмат маълумотларига кўра, у ўзини “янги худо” ва “нажоткор” деб эълон қилиб, бошқа дин ва эътиқодларнинг нотўғри эканлигини айтган ва уларга салбий баҳо бериб келган. Тинтув давомида унинг турар жойи ва маъруза залидан бир қанча китоблар, компьютер ва электрон материаллар олиб кетилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг