Талабларга биноан: Ўш ўзбек театри рус ва қирғиз тилларида ҳам томошалар қўймоқда

Янги йил байрами кунлари бу тарихий маданий даргоҳ ўз эшикларини болажонларга очди.

Ўш шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Давлат академик ўзбек мусиқали драма театри бу йил қишки мавсумда болажонлар учун “Оловуддин ва жин” деб номланган спектаклни тақдим этмоқда. Ҳар йилгидай анъанага кўра янги йил арафасида ва таътил кунлари Ўш шаҳри ва унга яқин бўлган ҳудуддаги мактаб ўқувчилари учун театр саҳнаси яна эртакларга хос безатилди.

Театрнинг бадиий раҳбари Эркин Бойназаровнинг сўзларига кўра, театр саҳнасида кўп йиллардан буён фақат ўзбек тилида спектакллар намойиш қилиниб келинган. Лекин бу йил театр мухлислари талабларига биноан “Оловуддин ва жин” спектаклини рус тилида ҳам тақдим этди.

“Шаҳримизда рус театри бўлмагани учун рус тилли мактабларнинг ўқувчилари, ота-оналар, мактаб директорларидан ҳам илтимослар бўлиб қолди. Бадиий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашиб, бу ишни қатъий йўлга қўйдик. Ҳар бир спектаклларимизни ўзбек тилидан ташқари рус ва қирғиз тилидаги вариантларини ҳам тайёрлаб қўямиз, деган фикрга келдик. Актёрларимиз орасида ўзбек миллатидагилар рус тилида ҳам, қирғиз тилида ҳам гапираверишади, рус актрисаларимиз бор, улар шу кунгача ўзбек тилида ҳам саҳна кўринишларини ижро қилиб келишган. Демак тилда муаммо бўлмайди”, – дейди Эркин Бойназаров.

Унга кўра, “Оловуддин ва жин” спектаклига ўзбек тилидагидан аввал рус тилидаги саҳна кўринишига буюртма тушган. Шунинг учун ҳам биринчи премьера рус тилида бўлди.

Театрнинг адабий бўлими раҳбари, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Ҳаётхон Мадраҳимованинг таъкидлашича, Россиянинг ҳайрия жамғармаларидан бири кам таъминланган оилаларнинг 400 нафар болаларини янги йил арафасида театрга олиб келган. Уларга театр жамоаси рус тилида спектакл намойиш этди.

“Театримиз бунгача ҳам болажонлар учун бир нечта спектаклларни рус ва қирғиз тилларида тақдим этган. Таълим рус тилида ўқитиладиган хусусий мактабларнинг талабларига биноан “Буратино” эртак-спектаклимиз ҳам бир марта рус тилида қўйилди. Боткен воқеаларида жабрланиб, Ўшга кўчириб келинган болажонлар учун ўтган йили “Буратино”ни қирғиз тилида ҳам намойиш этдик. Тўғри, юз фоиз қирғизча гапирмаган бўлсак ҳам, Ўш шаҳар мэриясининг илтимосига кўра, имкон қадар қирғизча қўйишга ҳаракат қилдик. Шунақа чиройли кутиб олишди”, – деди Ҳаётхон Мадраҳимова.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда президентнинг Ўшдаги вакили ташкил қилган янги йил арчаси тадбирлари доирасида ҳам Бобур театрининг актёрлари Қорақулжа туманида “Буратино” спектаклини болажонларга қирғиз тилида тақдим этишди.

Театрнинг драма бўлими раҳбари Раъно Ташмуҳаммедованинг берган маълумотига кўра, театр репертуарида илк бора 2011 йилда Султон Раев қаламига мансуб бўлган “Қурмонжон додҳоҳ” пьесаси икки тилда саҳналаштирилган. Қирғиз тилидаги қисмида бош ролни Қирғизистон халқ артисти, марҳума Жамал Саидақматова ўйнаган бўлса, ўзбек тилидаги саҳна кўринишларида Қирғизистон халқ артисти Ойтожи Шобдонова ижро этган.

Ундан кейин 2016 йилда театр жамоасининг Лондонга ижодий сафари чоғида “Ричард III” пьесаси қўйилиб, бир вақтнинг ўзида саҳнадаги роллар 4 тилда ижро этилган. Бу театрнинг 106 йиллик тарихидаги биринчи ажойиб ҳодиса бўлган эди.

“Ушбу пьесада бош ролни ҳозирги “Олай” театрининг директори Алимқул Исақов қирғиз тилида, рус тилидаги қисмини Ҳаётхон Мадраҳимова ва Оксана Телегиналар ўйнаган бўлса, Ёқутой Шаропова деган актрисамиз инглиз тилида ўйнаган. Қолган актёр ва актрисаларимиз ўзбек тилида гапирган”, – дейди Раъно Ташмуҳаммедова.

Ёқутой Шаропованинг инглиз тилидаги ижроси инглиз театр мухлислари ва раҳбариятига шунчалик манзур бўлганки, уни Лондондаги театрда ишга олиб қолишган.

Театрнинг бош маъмури Барно Исоқованинг сўзларига кўра, “Ричард III” асари Лондонда “Ҳамлет”, “Шекспир” каби машҳур асарлардан бири ҳисобланади.

“Бу асарлар худди биз ўзбекларда “Ўтган кунлар” романини қайси тилда қўйса ҳам тушунганимиздек, улар ҳам “Ричард III”ни актёрларимиз 4 хил тилда ўйнашса ҳам, томошабин учун бунинг аҳамияти бўлмаган”, – дейди Барно Исоқова.

Исоқовага кўра, театр репертуарида рус, қирғиз ва ўзбек тилларида спектакллар бўлгани билан, томошабинларнинг деярлик 90 фоизи ўзбекзабон томошабинлар.

“Театримиз ўзбек академик театр бўлгани учун биз ўзбек тилли аҳолига хизмат кўрсатамиз. Ўш шаҳридаги 20та ҳамда, Қорасув туманидаги Ўш шаҳрига яқин бўлган 12 та мактаб билан шартнома тузганмиз ва уларга хизмат кўрсатиб келяпмиз”, – дейди Барно Исоқова.

Барно Исоқованинг таъкидлашича, одатда театр қирғиз, рус, тожик ёки инглиз драматургиясига мурожаат қилар экан, албатта асарларни ўзбек тилига таржима қилдиради. Пьесалар томошабинларга асосан ўзбек тилида тақдим этилади. Қирғиз драматургиясидан “Айкўл Манас”, Чингиз Айтматовнинг “Мангу қайлиқ”, “Қўрқут”, Султан Раевнинг “Илекилек” асари (ўзбек тилида “Лайлаклар ноласи”. – таҳр.) асарлари ўзбек тилида саҳналаштирилган.

Оқбура, Ўш.

 

 

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг