Икки пойтахт кенгаяди. Қирғизистонда маъмурий-ҳудудий ислоҳотлар бошланди

Мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилишини тубдан ўзгартириш ҳақида кўпдан бери айтилиб келарди.

Янги йилда Қирғизистоннинг икки пойтахти – Бишкек ва Ўш шаҳарларининг маъмурий ҳудуди кенгайтирилади. Бу масала ўтаётган 2023 йилнинг сўнгги кунлари пойтахт шаҳарлар кенгашларининг навбатдаги йиғинларида кўрилди.

Ўш шаҳар кенгаши депутатлари Қорасув тумани ҳудудидан 14 минг гектар ерни шаҳар тасарруфига олишга розилик берди. Аниқроқ айтганда, Ўш шаҳрини ўраб турган Қорасув туманининг шаҳарга яқин ҳудудларидан Тўлайкан ва Қизилқишлоқ қишлоғи тўлиқ, Шарқ қишлоқ ҳудудининг Имомота участкаси, Наримон қишлоқ ҳудудининг Янгимаҳалла, Жим, Жийдалик участкалари, Попон қишлоқ ҳудудининг Оқбура 1, 2, 3, 4 ҳамда Қўрғон участкаларини Ўш шаҳрига ўтказиш таклифи киритилди.

Эвазига эса, Ўш шаҳри ҳудудидаги 222, 223, 224 кварталлар Қорасув туманига ўтказиб берилади.

Мазкур қарор Вазирлар маҳкамасида кўриб чиқилиб, Жўғўрқу Кенешдан ўтиб, президент имзолагандан кейингина амалга ошади. Тегишли қишлоқ кенгашлари депутатлари ҳам аҳоли розилиги билан бу ташаббусларни қўллаб беришди. Лекин, қишлоқ ҳукуматлари бошлиқлари ҳали бу борада фикр билдирмади.

Агар лойиҳа маъқулланса, Ўш шаҳрининг майдони 32 минг 326 гектарни ташкил қилиб, аҳолисининг сони ярим миллионга яқинлашади. Айни дамда шаҳарнинг умумий майдони 18 минг 300 гектар, аҳолисининг сони эса 361 минг кишини ташкил қилади.

Бундай ислоҳотлар пойтахтда ҳам амалга ошиш арафасида. Бишкек Шаҳар кенгашининг 27-декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида шаҳар мэри Айбек Жунушалиев марказни кенгайтириш режаси ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳада Бишкек шаҳрининг ҳудудини уч баробарга, яъни 12 минг 900 гектардан 37,8 минг гектарга кенгайтириш кўзда тутилган.

Унинг сўзларига кўра, пойтахт таркибига шаҳарга чегарадош бўлган саккизта қишлоқ ҳукумати ва тўртта қишлоқ ҳукуматининг айрим қишлоқлари қўшилади. Ҳокимнинг қўшимча қилишича, бу ишлар президент фармойиши билан амалга оширилади.

Бунгача, 16-декабр куни президент Садир Жапаров иккинчи Халқ қурултойида 2024-йилда мамлакатда катта маъмурий-ҳудудий ислоҳотлар амалга оширилиши, жумладан, Чуйнинг Сўқулуқ, Иссиқота туманларининг айрим ҳудудлари Бишкек таркибига қўшилишини маълум қилган. Шу тариқа Бишкек аҳолиси яна тахминан 105 минг кишига кўпаяди.

Бишкек Қирғизистон пойтахти ва мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, илмий ва маданий марказидир. Шаҳарда 4 та туман бор: Ленин, Октябр, Биринчи Май ҳамда Свердлов. Аҳолисининг сони бугунги кунда 1 млн. 145 минг кишини ташкил қилади.

Марказда давлат ҳокимиятининг олий органлари, хорижий давлатларнинг элчихоналари жойлашган. Қирғизистоннинг кўпгина саноат корхоналари ва молиявий тизимлари шу ерда жойлашган.

2022-йил 18-октябрда Садир Жапаров “Қирғизистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилишини такомиллаштириш ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича кейинги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди. Мазкур фармон асосида вилоятларда қишлоқ ва туманларни бирлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Икки йирик шаҳарда ҳудудий ислоҳотлар амалга оширилса, шаҳарнинг нафақат майдони кенгаяди, балки, қишлоқ ҳудудларидан қўшилган бўш  ерларда янги қурилиш объектлари пайдо бўлади. Бу Бишкек учун жуда долзарб, чунки бугунги кунда шаҳар марказида кўп қаватли бинолар қурилиши оқибатида кўчаларда тирбандлик катта муаммога айланган. Машина кўплигидан ҳаво ифлосланиши бўйича пойтахт дунёдаги энг ҳавоси ифлос шаҳарларнинг 10 лигидан жой олган.

Мамлакатда жиддий маъмурий-ҳудудий ислоҳотлар ўтказиш лозимлиги ҳақида кўп йиллардан бери айтилиб келади. Лекин баъзи майда ўзгаришларни ҳисобга олмаганда, 20 йилдан бери бу борада деярли иш олиб борилмаган эди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг