Қадимий Ўзганда кенг қамровли археологик қазиш ишлари олиб бориш зарур

Яқинда кутилмаганда шундоқ оёқ остидан чиқиб қолган асори атиқалар ҳам бунга тирик далил.

Ўзган Давлат тарихий-маданий қўриқхонаси раҳбари Султанбек Абдираҳмоновнинг маҳаллий «Ўзгўн нуру» газетасида чоп этилган мақоласида эътироф этилганидек, Қирғизистон жанубида жойлашган қадимий Ўзган шаҳри ўзининг кўп асрлардан буён қад кўтариб турган минораси билан машҳур. Бу минора Буюк ипак йўли билан тенгдош ҳисобланади. Қорадарё соҳилидаги қадимий бу ёдгорлик Ўзганнинг асосий диққатга сазовор жойи.

Бу иншоот Қорахонийлар сулоласи даврида қурилган бўлиб, шу ердаги тарихий-маданий ва архитектура-археологик мажмуа таркибига киради. Яқинда айнан шу мажмуадан унча узоқ бўлмаган жойда, мана шу тарихий-маданий музей-қўриқхонасига олиб борувчи йўл ёқалаб     канализация қувурларини олиб ўтилди. Шу мақсадда олиб борилган  қазиш ишлари натижасида ер остидан 19-20 асрларга оид тош йўл ҳамда бошқа тарихий асори-атиқалар топилди.

Қазиш ишлари бошида 1 метрдан етмаган чуқурликда олиб борилган. Юқорида айтилган тош йўл, тахминан савдо биноларининг пойдевори ва бошқа ашёлар топилгач, мутахассислар иштирокида 2-2,5 метр чуқурликда қазиш ишлари олиб борилган. Натижада тахминан сўнгги ўрта асрларга тегишли бўлган ашёлар – одамлар суяклари, катта хум, XI-XIII асрларда сопол идишларни пишириш учун қўлланилган ўчоқ, ўша даврга оид минорага ўхшаш бинонинг пойдевори ва бошқалар топилган.

Ўзган минорасининг шимолий томонида, 10 метр узоқликда ҳам XI-XIII асрларга оид сопол идишлар тайёрлаш учун ишлатилган ўчоқ, турли сопол идишлар, тангалар ва бошқа қимматбаҳо нарсалар топилди. Топилмалар орасида узунлиги тахминан 7,2 метр, ҳажми 7,20 квадрат метрга тўғри келган XI-XII асрларга тегишли гумбаз ўрни ҳам бор. Гумбаз бўлган бўлса, демак, унинг остида минораси ҳам бўлиши керак.

Бу ноёб топилмаларни реставрация қилиш, тозалаш ҳамда бошқа тегишли ишлар тугагандан сўнг улар музей-қўриқхона тасарруфи ва ҳимояси остига олинади.

Ўзган давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонасининг бош илмий ходими Авазхон Турсунбаевнинг айтишича, Ўзган шаҳри ўрта асрларда Ғарбий Қорахонийлар давлатининг пойтахти бўлиб турган даврда шаҳарда мисли кўрилмаган даражада ривожланиш рўй берган. Шаҳар майдони ҳозиргисига қараганда 3-4 баробар катта бўлган. Саноат ишлаб чиқариши, деҳқончилик, тижорат, меъморчилик, кулолчилик ва бошқа соҳалар юксак даражага кўтарилган.

«Тарихчиларни айтишича, ўшанда Ўзган шаҳри ўз ривожланишининг энг баланд чўққисига чиққан ва бундай тамаддун на ўрта асрлардан аввал ва на кейин бошқа такрорланган эмас, – дейди Турсунбаев. – Бироқ Ўзган шаҳри тарихий мавқеи жиҳатидан Ўрта Осиё минтақасида Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари билан бир қаторда тургани билан энг кам археологик изланишлар ўтказилган шаҳар ҳисобланади”.

Мутахассиснинг айтишича, шу кунгача шаҳарнинг аниқ ёшини белгилаш бўйича тадбирлар ҳам ўтказилган эмас. Яхшиямки, канализация ўтказиш учун олиб борилган қазилма ишларига қонун асосида археологлар қўшилиб қолди ва 100 метрга етар-етмас йўл остидан оламшумул артефактлар топилди.

Лекин қувончли хабарлар ҳам йўқ эмас.

Авазхон Турсунбаевнинг айтишича, ўтган 2022 йили президент Садир Жапаровнинг ташаббуси билан Ўзган тарихи билан жиддий шуғулланувчи «Ўзган» давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонаси ташкил қилинди. Унинг вазифаси – Ўзган шаҳри ва унинг атрофида жойлашган тарихий-маданий мерос объектларини ва топилган артефактларни ҳисобга олиш, реставрация ва консервация ишларини уюштириш, сақлаш ва фойдаланиш каби тадбирлар ҳисобланади.

“Бу ишларни амалга оширишда Ўзган шаҳар мэриясининг ва маҳаллий қишлоқ ҳукуматларининг ёрдами айни муддао бўлар эди. Бу ишлар Ўзганимизнинг туристик салоҳиятини кўтаришга сабаб бўлар эди. Лекин айрим маҳаллий ҳокимият вакиллари музей-қўриқхона билан ҳамкорликда археологик изланишлар олиб бориб, маданий мерос объектларини топиб, музейга тақдим қилиш ўрнига тарихий аҳамиятга эга бўлган жойларга келишилмаган ҳолда ҳар хил қурилиш ишларига рухсат бериб қўйишмоқда”, – дейди таассуф билан илмий ходим.

Бугунги кунда Буюк ипак йўлининг Сирдарё-Фарғона коридори ЮНЕСКОнинг бутун дунё тарихий-маданий мерослар рўйхатига киритишга номзод бўлиб турибди. Қизиғи, бу ташаббусни тожикистонлик мутахассислар кўтариб чиқишган. Чунки бу коридорда бугунги Тожикистон ҳудудида жойлашган тарихий иншоотлар бор. Бироқ бундай иншоотлар Қирғизистон ҳудудидаям мавжуд. Шу масала бўйича яқин орада ЮНЕСКО вакилларининг минтақага келиши кутилмоқда.

“Ўзган ва Ўзган оазисининг тарихий компонентлари бўлиб турган объектларимизда изланишлар ўтказиш, музейлаштириш ва топилган артефактларни сақлаш барчамизнинг шарафли бурчимиз”, – дейди Авазхон Турсунбаев.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг