Ечим яқин: Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг 90 фоизи бўйича англашувга эришилди

Икки давлат ўртасидаги талаш чегара ҳудудларнинг навбатдаги 120 чақирими аниқлаб олинди.

Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида бўлиб ўтган чегараси бўйича ҳукумат вакилларининг учрашувида ҳар икки давлат делегацияларига миллий хавфсизлик идоралари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимовлар раҳбарлик қилишди.

Музокаралардан сўнг делегация раҳбарлари қўшма баёнот беришиб, бу учрашувнинг жуда самарали ўтганини, натижада томонлар чегаранинг яна 120 км қисми борасида келишувга эришганларини маълум қилишди.

Умуман олганда бугунги кунгача икки давлат ўртасидаги чегаранинг 90% борасида англашувга эришилган. Бу ҳақда якдиллик билан баёнот берган хавфсизлик хизмати раҳбарларининг эътироф этишларича, қолган 10% ҳудуд бўйича масала ҳам баҳоргача ҳал этилади.

Икки давлат ўртасидаги чегарани аниқлаш масаласи жуда оғир кечаётганини бунгача ҳар икки томон тан олиб келган. Бунга сабаб икки мамлакат икки хил хариталардан фойдаланиб келадилар. Айрим хариталар Москвадан тасдиқланган бўлиб, Тожикистон парламенти уларни расман тан олмагани ҳам катта тўсиқлардан бири бўлиб турибди. Шу сабабдан бу иш жуда секинлик билан қадам-бақадам амалга ошмоқда. Масалан, бунгача икки давлатнинг ишчи гуруҳлари чегаранинг 24 километри бўйича келишувга эришган эдилар.

Саймўмин Ятимов икки давлатнинг муштарак манфаатлари, демак, умумий мақсад ва ишлари бор эканини таъкидлаб, бутун иш икки давлат халқлари манфаати йўлида амалга оширилаётганини айтди.

“Биз ҳақиқатан ҳам бу масалаларнинг ечимига яқинмиз. Қўшма комиссия ўз ишини аниқ ва масъулият билан бажариб, давлатларимиз раҳбарларининг аниқ кўрсатмаларини бажармоқдалар”, – деди Ятимов.

Қамчибек Ташиев ҳамкасбининг сўзларини тасдиқлаб, яна бир неча участка қолгани ва улар бўйича ишлар ҳам тез орада якунланишини маълум қилди.

“Шундай қилиб биз саволлар бўлган талаш участкалар бўйича ишларни битирдик, деди Ташиев. – Бутун давлат чегараси бўйича ишларни поёнига етказиш учун яна бир неча учрашув қолди, холос”.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 970-980 километрни ташкил қилиб, 2022 йилгача унинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Бунгача, 2021 йил ёзи ва 2022 йилнинг кузида икки давлат чегарачилари ва аҳоли ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли қуролли тўқнашувларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган.

Қабул қилинган одатга кўра энди навбатдаги учрашув Тожикистон ҳудудида ўтказилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг