Долзарб 40 кунлик: Ўзбекистонда оммавий турда қамоққа олишлар давом этмоқда
Жиноий оламининг энг таниқли вакиллари дейилган шахслар ҳақида расмий маълумотлар йўқ.
Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси аввал эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” махсус тадбирлар доирасида жиноий гуруҳларга аъзоликда гумон қилинган бир неча шахснинг қўлга олинганини маълум қилди.
ИИББ матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, махсус хизмат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган қўшма рейдлар давомида вилоят ҳудудида 34 нафар жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган. Уларнинг 11 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 23 шахс маъмурий тартибда қамоққа олинган.
Хабарда рейдлар чоғида қўлга олинган шахсларнинг яшаш жойларидан гиёҳвандлик ва психотроп воситалар ҳамда совуқ қуроллар олингани ҳам қўшимча қилинган.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги “Долзарб 40 кунлик” номли тадбирлар бошланганини маълум қилган ва унинг доирасида жиноят олами вакиллари ҳисобланган таниқли шахсларнинг қўлга олинаётгани ҳақида хабарлар берилган. Жумладан, Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида турли жиноий гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинган ўнлаб шахслар ушланган.
Халқ орасида шов-шувга сабаб бўлган, “Салимбой” ва “Салимбойвачча” лақаблари билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиевнинг ҳибсга олингани ва “Қора Ғофур” номи билан танилган яна бир тадбиркор Ғофур Раҳимовнинг қидирувда экани ҳақидаги маълумотлар ҳақида расмий хабарларда ҳеч нарса дейилмаган.
Бу орада чет элда юрган Ғофур Раҳимовнинг Ўзбекистонга ҳеч қандай тўсиқсиз, эркин қайтиб келгани, Салим Абдувалиевнинг эса уйига қўйиб юборилгани ҳақида норасмий нашрлар янги хабарлар тарқатдилар.
Роппа-роса икки ой аввал қўшни Қирғизистонда ҳам ана шундай жараёнлар бошланган. Эди. Ўшанда минтақада кенг танилган жиноий гуруҳ раҳбарларининг бири Қамчи Кўлбаев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ўтказган қўлга олиш амалиёти вақтида отиб ўлдирилган. Шундан сўнг унинг жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулкини қонунлаштиришда иштирок этган жиноий гуруҳнинг 40 дан ортиқ фаол аъзолари ва етакчилари қўлга олинди.
Кўлбаев ўлдирилгандан кейин ижтимоий тармоқларда жиноий гуруҳ аъзоларининг бир неча машҳур вакиллари жиноий фаолиятларидан бош тортиб, энди қонунга амал қилиб яшашга қарор қилганларини айтиб чиқишди. Улардан айримлари қамоққа олинди.
Мана шу кураш доирасида 7 октябрга ўтар кечаси эса Бишкекдаги машҳур «Мадина» бозорининг эгаси, миллати уйғур бўлган собиқ депутат Турсунтай Салимов, 10 октябр куни эса Бишкекдаги «Элит Хаус» қурилиш компанияси асосчиси ва эгаси, ўзбек миллатига мансуб ишбилармон Тимур Файзиев ҳам қўлга олинган.
Бундан ташқари таниқли ишбилармонлардан Олег Подобедов, Азрет Бўўтаев,
Божхона хизмати бошлиғининг ўринбосари Замирбек Қарашев, Қирғизистон Грек-рим кураши федерациясининг вице-президенти Ахрор Иминов ҳам ҳибсга ташланган. Сўнгида Иминов уй қамоғига чиқарилди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди