Қирғизистон-Ўзбекистон: Ҳар тарафлама ҳамкорлик йўлидаги яна бир муҳим босқич

Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги бош консуллиги икки давлат дўстлигини янада мустаҳкамловчи марказ бўлиши кутилмоқда.

Бу ҳақдаги фикрини сайтимизга айтган Ўзбекистоннинг Ўшдаги бош консули Зафар Аҳмедов ўзбек-қирғиз алоқалари ҳамкорликнинг ҳамма тармоқларида ривожланиб бораётганини яна бир эслатди.

Ўзбекистоннинг Ўшдаги бош консули Зафар Аҳмедов

“Ҳозирда юқори даражадаги барқарор сиёсий мулоқот кузатилмоқда. Бу аслида икки қўшни давлатга хос ҳолат. Кейинги йилларда товар айланмаси бир неча баробар ошди. Энг муҳими, яхши қўшничилик ҳукм суради. Шунинг учун консуллик очилди”, – дейди Зафар Аҳмедов, икки томонлама ҳамкорликнинг моҳияти ва мазмуни ҳам ўзгарганини эътироф этаркан.

Унинг сўзларига кўра, 7-декабрь куни Ўшда очилган Ўзбекистон консуллиги икки давлат дўстлигини янада мустаҳкамловчи марказ бўлиши кутилмоқда.

Консуллик ўзбекистонликлар учун Қирғизистон ҳудудида туғилган болаларнинг фуқаролигини тасдиқлаш ва уларга Ўзбекистон Республикаси ҳужжатларини олиш, Ўзбекистонга қайтиш сертификати, паспорт бериш ёки алмаштириш, фуқароларнинг оилавий аҳволи, фуқаролиги, судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни расмийлаштириш ва сўровга кўра бошқа ҳужжатларни олиш каби хизматларни кўрсатади.

Консулликнинг очилиш маросимига Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги махсус ҳамда мухтор элчиси, Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги вакили, Ўзбекистоннинг Ўшдаги консули, Ўш шаҳар мэрияси вакиллари, Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятларидан ўзбек миллий марказлари раҳбарлари, Ўш шаҳридаги олийгоҳларда билим олаётган талабалар ҳам ташриф буюришди.

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Хуршид Мирзоҳидов Ўзбекистон элчилиги бунгача фақат пойтахт Бишкекдагина фаолият юритганини, Қирғизистоннинг жанубига эса вақти-вақти билан сайёр қабуллар ташкиллаштириб турилганини таъкидлади.

“Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги олийгоҳларда таҳсил олаётган ёшларимиз жуда кўп. Улар турли масалаларда элчихонага мурожаат қилмоқчи бўлса, Бишкекка боришларига тўғри келар эди. Энди бу муаммо ҳал қилиниб, консуллик барча ҳужжат ишларини шу ерда битира олади. Бундан ташқари икки давлат чегара ҳудудида яшаётган фуқароларимизга, ишлаш учун келганларга ҳужжат ишларида кўмак кўрсатади”, – деди Мирзоҳидов.

Сўнгги йилларда Қирғизистон билан Ўзбекистон ҳар томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантириб келишмоқда. Жумладан, қўшни давлатдан Қирғизистонга талабалар оқими кўпайган. Замира Абдуазизова ҳам 3 йилдан буён Ўшда тиббиёт тармоғида таҳсил олади. У авваллари паспорти йўқолиб қолган танишлари Бишкекка бориб, бир қанча оворагарчилик билан ҳужжатларини қайта тиклаганини айтади.

“Авваллари бир талабанинг паспорти йўқолса, 12 соат йўл юриб, Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонасига бориб, ариза ёзиб, ҳужжат ишларини битирар эди. Ортиқча ҳаражатнику айтмай қўяверай. Энди консуллик очилиб, бундай муаммоларга чек қўйилди деб ўйлайман”, – дейди Замира Абдуазизова.

Албатта, консулликнинг очилиши Қирғизистон фуқароларига ҳам бир қатор енгилликларни беради. Жумладан, қиз олиб, қиз узатишда янги оилаларнинг, уларда туғилган болаларнинг ҳужжатлари, ўзаро бизнес лойиҳалар ва бошқалар билан боғлиқ кўплаб масалалар энди Бишкек ёки Тошкентда эмас, шу ернинг ўзида ҳал бўладиган бўлди.

Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги вакили Элчибек Жантаев ҳам Ўшда Ўзбекистоннинг бош консуллигининг очилиши қувончли эканлигини таъкидлади.

“Бу консуллик икки давлат раҳбарларининг олиб бораётган ҳамкорлиги асосида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш маркази бўлиб ҳисобланади. Тиғиз алоқада бўлаётган икки халқнинг борди-келдиларига хизмат кўрсатади, деган умиддамиз”, – деди Элчибек Жантаев.

Ўш шаҳри вице-мэри Нурбек Қадировнинг сўзларига кўра, бу икки давлатнинг савдо алоқаларини янада мустаҳкамлайди. Бундай консулликнинг очилиши замон талаби.

“Қирғизистоннинг жанубий қисми Ўзбекистон Республикаси билан чегарадош. Шу боисдан олди-сотдиларимиз жуда ҳам тиғиз. Ўш вилоятида юк ташувчи чегара пости бу биргина “Дўстуқ” бўлиб, у Ўш шаҳри марказидан бўлгани 15 километр узоқликда жойлашган. Шунинг учун Бишкекдаги элчихона билан иш олиб бормасдан, ушбу консуллик орқали олди-сотди каби барча жараёнлар қулайлаштирилди деб ҳисоблайман”, – деди вице-мэр.

Аслида Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги бош консуллиги 2022 йилда очилган бўлиб, Қирғизистоннинг Боткен, Жалолобод ва Ўш вилоятларига хизмат кўрсатади. Жорий йилнинг 20-ноябрида бош консул сифатида Зафар Аҳмедов тайинланди. 54 ёшдаги дипломат бу лавозимга тайинлангунига қадар Консуллик-ҳуқуқий департаменти бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келган. Хоразм педагогика институтини (1992 йилдан бошлаб Урганч давлат университети) тамомлаган.

Ўтган йиллар давомида Аҳмедов мактабда ўқитувчи, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида, Покистондаги Ўзбекистон элчихонасида турли лавозимларда, шунингдек, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Расмий маълумотларга кўра, 2022-йилда Ўзбекистоннинг 200 минг фуқароси вақтинча рўйхатдан ўтган. Ўзбекистондан ишлаш учун Қирғизистонга келганларнинг аксарияти қурилиш тармоғида иш олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ва таълим соҳасидан ташқари саноат, тўқимачилик, энергетика, тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳам ўнлаб йирик қўшма сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг