Қутурган ит эгасини қопади: Исроил ўз ҳомийси АҚШга ҳам бўйин бергиси келмаяпти

Жаҳон ҳамжамиятининг жиддий чақириқларига қарамай, Исроил Ғазодаги қирғинни давом эттиряпти.

Исроилнинг Ғазодаги етти кунлик тинчликдан сўнг янгиланган ҳарбий амалиётида яна юзлаб тинч аҳоли, жумладан ёш болалар ҳалок бўлмоқда. Вазият шунчалик оғирки, натижада ҳатто Исроилнинг асосий ҳомийси ва раҳнамоси бўлган АҚШ президенти Жо Байден ҳам Исроил ҳукуматидан Ғазода тинч аҳолининг хавфсизлигини таъминлашни талаб қила бошлади.

Айримлар йирик пулдор яҳудийларнинг рупори дея ҳисоблайдиган Reuters агентлигининг хабар беришича, АҚШ маъмурияти босим кўрсатиш учун Исроилга берилаётган ҳарбий ёрдамнинг камайтирилиши мумкинлигини айтмоқда.

Аввалдан кўпроқ Фаластин аҳолиси ҳуқуқлари ҳақида айтиб келаётган вице-президент Камала Харрис ва ҳамиша Исроил тарафида турган давлат котиби Энтони Блинкен ўз чиқишларида Исроил армияси амалиёт чоғида тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишининг олдини олиш учун “жарроҳ каби аниқ” иш олиб бориши шартлигини таъкидладилар.

Байден Фаластин эмас, ўз курсиси ғамида

Жо Байден маъмурияти келаси йили бўладиган президент сайловларида ютқазиб қўйишдан қаттиқ ташвишга тушган. Чунки уларнинг асосий қўлловчилари бўлган, келиб чиқиши мусулмон давлатларидан бўлган америкаликлар охирги пайтда Исроил олиб бораётган қатлиомни қаттиқ қоралаб, тинимсиз намойишларга чиқмоқдалар.

Шу сабабдан АҚШ президенти халқаро ҳамжамият талабларига қўшилиб, Фаластин ҳудудида икки давлат тузиш ғояси тарафдори эканини ҳам айтишга мажбур бўлди. Аслида эса…

АҚШ 1985 йилдан бери йил сайин Исроилга ҳарбий ёрдам сифатида 3 млрд. доллар миқдорида пул ажратиб келади. Бу маблағ миқдори шу кунгача 115 млрд. долларни ташкил қилади. ҲАМАСнинг 7 октябр куни Исроилга қилган ҳужумидан сўнг Байден дарҳол Исроилга 14 млрд. доллар қўшимча ёрдам кўрсатилишини эълон қилди ва куни-кеча АҚШ Сенати 14,3 млрд. доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилди.

Лекин республикачилар партияси қаршилиги натижасида Украинага дейилган 60 млрд. доллардан кўпроқ маблағ ажратиш қарори рад этилди. Натижада Байден маъмурияти вакиллари Украинанинг Россия билан урушда мағлуб бўлишини башорат қила бошладилар.

Умуман олганда Украина ва Исроилга кўрсатаётган мислсиз ёрдами учун Байден маъмурияти сиёсатчилар ва оддий сайловчилар томонидан қаттиқ танқидга олинмоқда. Чунки бугунги кунда АҚШнинг ташқи қарзи 3,5 триллион доллардан ошиб кетган.

Фаластинда Исроил олиб бораётган қатлиом ва жаҳон ҳамжамиятининг кучли норозилиги ортидан Американинг халқаро нуфузига жиддий путур етмоқда. БМТ ва турли халқаро давлатлар уюшмалари Ғазодаги қирғинни зудлик билан тўхтатишни талаб қилмоқдалар.

Шунга қарамай, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху 5 декабрда ўтган матбуот анжуманида ҲАМАС тўла тугатилмагунича уруш тўхтамаслигини яна бир бор таъкидлади. Лекин кўпчилик экспертлар, ҳатто ғарб давлатлари раҳбарлари, жумладан Франция президенти Макрон бу мақсадни амалга ошириш мумкин эмаслиги айтмоқдалар.

Исроил раҳбари ҲАМАС йўқ қилингач, Ғазо ҳудудида тўла ўз ҳарбий назоратини ўрнатиш ниятини ҳам  такрорлади. Бу ҳам халқаро ҳамжамият томонидан қораланаётган қадам бўлиб, Фаластин халқи бошига янги кулфатлар келтириши мумкин.

Бугунги кунгача Исроилнинг Ғазодаги қирғини оқибатида ҳалок бўлган тинч аҳоли сони 16 минг кишидан ошди. Уларнинг 70 фоизи ёш болалар ва аёллар. Юз минглаб маҳаллий мусулмонлар ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишди. Ғазо ҳудудининг шимоли ва Ғазо шаҳри эса бутунлай вайрон бўлган.

Тез-тез уруш ҳудудида мобил алоқа ва интернет ўчиб қолмоқда. Бу касалхоналар ва қочоқларга ёрдам кўрсатиш тизимлари ишига ҳалақит бермоқда. Минглаб одамлар оч-наҳор, тиббий ёрдамсиз қолмоқдалар.

БМТ ва бошқа халқаро тизимларнинг қирғинни тўхтатиш талабига жавобан Исроил ўзини ҳимоя қилаётганини пеш қилиб, БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг истеъфога чиқишини талаб қилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг