Қирғизистон раҳбарияти йирик бозор эгаларини инсофга чақириб, жиддий огоҳлантирди
Бунгача сотувчиларга бироз ён босган президент Жапаров бозорларга ташқи бошқарув киритиш билан таҳдид қилди.
Қирғизистон бозорларидаги сотувчиларга нисбатан патент тизими бекор қилиниб, уларни савдо қилишда назорат-касса машиналарини (НКМ) қўллашга ўтказиш ҳақидаги қарор мамлакатдаги барча йирик бозорларда катта норозилик тўлқинини келтириб чиқарди. Янги иш тартибига ўтиш янги йилнинг 1 январидан амалга оширилиши керак эди.
Бир неча кун давом этган намойишлардан кейин президент Садир Жапаров шахсан Бишкекдаги энг йирик “Дўрдўй” бозорига борди. Намойишга чиққан сотувчилар билан учарашгандан сўнг, янги тизимга ўтишга солиқчиларнинг ўзлари ҳам тайёр эмас эканини айтиб, янги тизимга ўтишни олти ойга кечиктириш ҳақида қарор қабул қилди. Лекин сотувчилар патент тизимини бутунлай қолдириш талабидан воз кечмаяптилар.
Савдогарларнинг иш ташлашлари 29 ноябрда мамлакат жанубидаги Марказий Осиёдаги энг биринчи ва энг йирик ҳисобланган Қорасув бозорида бошланганди. Эртаси куни намойишларга Бишкекдаги “Дўрдўй”, “Ўртасой” ва “Мадина” бозорлари савдогарлари қўшилдилар. 1 декабрда уларга Бишкекдаги “Аламедин”, Ўш, Талас ва Иссиқкўл вилоят марказларидаги бозорлар ҳам қўшилдилар.
Патент тизимида сотувчилар ой сайин маълум миқдорда патент учун ҳақ тўлаб қўйиб, бемалол савдо қилаверадилар. Бунда савдо ҳажми, тушаётган фойда назорат қилинмайди ва солиқ бўйича ҳисобот талаб қилинмайди. Янги тизимда эса, ҳар бир сотилган нарса учун тўланган пул НКМ орқали ўтиб, онлайн тарзда солиқ органларида кўриниб туради. Сотувчи шунга қараб солиқ тўлайди ва мунтазам равишда солиқчиларга ҳисобот бериб туриши лозим бўлади.
Солиқ хизмати ходимлари асосан патент тизимини қўллайди, чунки бу уларнинг ишини осонлаштиради. Иккинчи томондан, давлат раҳбарларининг фикрича, коррупцияга йўл очади. Яъни, катта ҳажмда савдо қилаётганлар ҳам, ҳажмни озайтириб, патентга арзимаган пул тўлаб, солиқчиларни “рози қилиб қўйиш” орқали давлатга тушиши лозим бўлган солиқлар яширилмоқда.
Расмийларнинг қарори жиддий
Президент Садир Жапаров 5 декабрда «Қабар» миллий ахборот агентлиги билан суҳбатда айтдики, агар йирик бозорларда янги солиқ тизимига қарши намойишлар тўхтамайдиган бўлса, бозорларда ташқи бошқарув киритилади. Бунгача ташқи бошқарув канадалик сармоячиларга тегишли йирик «Қумтор» олтин конида киритилган ва кейинроқ корхона давлат тасарруфига ўтказилган эди.
Бундан ташқари Жапаров агар ҳукумат бозорларнинг ишини «кавлашни бошласа», бозор эгалари ва савдогарлар бунгача тўламай келаётган йирик миқдордаги солиқлар аниқланиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантириб, ҳозирча тегишли органларга бундай топшириқ берилмаганини айтган.
Бунгача Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев намойишга чиққан савдогарларни патент масаласини сиёсийлаштиришдан сақланиш ҳақида огоҳлантирган эди.
У 6 декабрь куни МХДҚнинг навбатдаги бўлими биносининг фойдаланишга топшириш маросимида сўзлаган нутқида мамлакатдаги бозор эгалари жуда бой одамлар эканини эътироф этди. Лекин унинг фикрича, улар катта даромад олаётган бўлишига қарамай, бозордаги савдогарларга зарур шарт-шароитларни тузиб беришмаган.
Ташиевнинг фикрича, савдогарларга енгиллик бериш учун бозор эгалари биринчи навбатда ижара ҳақини ярмига камайтиришлари керак. Шунингдек, у назорат-касса аппаратларини сотиб олишга қурби етмаётган кичик тадбиркорларга аппаратларни бепул бериш лозимлигини айтди.
Очкўзлик ҳам эви билан бўлсин!
Савдогарлардан иғвога берилмаслик ва “ижтимоий-иқтисодий масалаларни сиёсийлаштирмасликни” талаб қилар экан, Ташиев мамлакатдаги йирик бозор эгаларини номма-ном айтиб ўтди. Улар орасида Қирғизистоннинг энг бой одамлари ҳисобланган Асқар Салимбеков, Мелис Мирзақматов, Қамчибек Жўлдўшбаев, Турсунтай Салимов, Чўлпўн Султанбекова, Қурманбек Байтереков, Қубатбеков Байбўлов, Эльвира Сурабалдиева, Чингиз Алқанов ва бошқалар бор.
Ташиев очкўзликда айблаган бу одамларнинг аксарияти турли даврларда ё парламент депутати бўлган, ёки бошқа катта давлат лавозимларида ишлашган. Айримларига қарши жиноий иш қўзғалиб, ҳибсга олинган бўлса, баъзилари ҳозир ҳам парламент депутати.
“Бозорларнинг эгалари жуда катта даромад оладилар ва буни ҳамма билади. Улар охирги 30 йилда бу бозорларга эгалик қилишади ва бугунги кунгача бойлик тўплашади, улкан молк-мулкка эгалар. Лекин ҳамон ҳокимият ва фуқароларга бўлган муносабатларини ўзгартирмадилар, сира бойликка тўймаяптилар”, деди Ташиев улар ҳақида.
Дарҳақиқат, йирик бозор эгалари замонавий расталар ўрнига темир контейнерлар ўрнатиб қўйиш билан чекланиб, уларда ва на бозор атрофида савдогарлар ва харидорлар учун умуман шароит йўқ. Шароитлар тузиш эса қонунан бозор эгаларининг бурчи.
Эски расталар янгиланган тақдирда эса бозор эгалари ҳар бир савдогардан ўз жойларини сақлаб қолиш учун 5 мингдан 50 минг долларгача пул талаб қилишади. Бу пуллардан улар асло солиқ тўламайдилар. Оқибат натижада сарфлаган ҳаражатини тиклаш учун савдогарлар маҳсулот нархларини оширишга ва солиқ тўлашдан қочишга уринадилар.
Бу қонунсизликлар ўн йиллардан буён давом этиб, бундан оддий халқ ва давлат бюжети йил сайин миллионлаб доллар зарар кўриб келмоқда. Афтидан яқин орада бунга чек қўйилади, шекилли.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди