Қирғизистонга ўтолмади: Фарғоналик уюшган жиноий гуруҳ аъзоси чегарада ушланди

Қирғизистондаги жиноий гуруҳ аъзоларининг йўқ қилинишига ҳамоҳанг Ўзбекистонда ҳам тозалаш ишлари бошланди.

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Достон Ҳалилов исмли жиноий гуруҳнинг яна бир вакилини қўлга олдилар. Унинг Бахтиёр Қудратуллаев (“Бахти Ташкентский”) билан “яқин муносабатда бўлган”ини вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб “Озодлик” радиоси хабар берди.

Маълумотларга кўра, 1992-йилда туғилган Ҳалилов Қирғизистонга қочишга уринган вақтда Қирғизистоннинг Ўш шаҳри яқинидаги “Дўстлик” (“Дўстуқ”) чегара-божхона постида қўлга олинган. Унга нисбатан безорилик моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, 3-5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бунгача Ҳалилов одамга енгил тан жароҳати етказганликда айбланиб судланган.

Эслатиб ўтамиз, 3 декабрь куни Ўзбекистон пойтахтида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган жиноят оламининг вакили, 52 ёшли Бахтиёр Қудратиллаев қўлга олинган эди. У “гиёҳванд моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва сақлаш” ва “зўравонлик билан кўп миқдорда пул ундириш”да айбланмоқда.

Асосий шахслар ҳақида маълумот кам

Бу расмий маълумотлар орасида энг шов-шувли, кўпчилик учун кутилмаган қамоққа олишлар ҳақида расмий хабарлар йўқ. Жумладан, МДҲда “Салимбой” ва “Салимбойвачча” лақаблари билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиевнинг 1 декабрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Тошкентдаги уйида ҳибсга олингани ҳақида қатор маҳаллий ОАВлари ёзган. Ҳуқуқ-тартибот органлари бу маълумотни ҳозирча тасдиқлаганича йўқ.

Яқинда минтақада жиноят оламининг энг таниқли ва таъсирли вакили ҳисобланган 73 ёшли Салим Абдувалиев​ Италияда спортни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун “Constantinus magnus 2023” нуфузли халқаро мукофоти билан тақдирланган эди. Ўтган йили унга Россиянинг Людвиг Нобель номидаги мукофоти берилган.

Салим Абдувалиев 1997 йилдан бери Ўзбекистон спорт кураши ассоциацияси президенти. 2017 йили Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг вице-президенти этиб тайинланган. Эркин кураш бўйича беш карра Ўзбекистон чемпиони. 2021 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози унвони берилган. Иқтисод фанлари номзоди.

Бундан ташқари, нашрлар ҳуқуқ-тартибот идоралари айни пайтда жиноий доирада “Қора Ғофур” номи билан танилган яна бир тадбиркор Ғофур Раҳимовни қидираётгани ҳақида ҳам хабар беришган. Унинг Ўзбекистондан чиқиб кетган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Раҳимов – Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг вице-президенти. Бунгача кўп йиллар давомида у мамлакатда катта теннис спортига, жумладан машҳур президент кубоги ўйинларига ҳомийлик қилиб келгани айтилади.

Орада Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Фарғонада 20 дан ортиқ турли жиноий гуруҳларнинг аъзолари қўлга олингани, Сирдарё, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Бухоро ва бошқа вилоятларда 40 кунлик тарғибот тадбирлари ўтказилиши ҳақида хабар бериб, акция давомида “кўча тўдалари” ва жиноий гуруҳларга чек қўйиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.

Тошкентда жиноий гуруҳларга қарши кенг кўламли амалиёт 25 ноябрь куни «Ҳумо Арена»сидаги концерт чоғида юз берган тартибсизлик ортидан бошланиб кетган. Ўшанда қозоғистонлик рэпер Jah Khalibнинг издиҳомга айланиб кетган концертидаги тартибсизликларда билет сотиб олгани ҳолда концертга киролмаган ғазабнок мухлислар Миллий гвардия ходимларига қаршилик кўрсатгани, ҳатто пичоқбозлик юз бергани ҳақида хабарлар тарқалган.

Жараён Қирғизистонда бошланган

Маълумки, роппа-роса икки ой аввал, 4 октябрда қўшни Қирғизистонда Қирғизистон ва Марказий Осиёда кенг танилган жиноий гуруҳ раҳбарларининг бири, “қонундаги ўғри” Қамчи Кўлбаев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ўтказган қўлга олиш амалиёти вақтида ўлдирилган. Шундан сўнг унинг жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулкини қонунлаштиришда иштирок этган жиноий гуруҳнинг 40 дан ортиқ фаол аъзолари ва етакчилари қўлга олинди.

Кўлбаевнинг ўлимидан сўнг МХДҚ бошчиси Қамчибек Ташиев уюшган жиноий гуруҳларнинг аъзоларига мурожаат қилиб, «агар кимдир бош кўтарадиган бўлса, қонун доирасида жазоланади» деб огоҳлантирган. Шундан буён Ташиев ўз чиқишларида ўлкада энди “қонундаги ўғрилар” бўлмаслиги, одамлар қонун доирасида, тинч яшашлари лозимлиги ҳақида айтиб келади. Яқинда президент Садир Жапаров унинг хавфсизлигини таъминлаш учун жиддий чоралар кўрилганини маълум қилди.

Кўлбаев ўлдирилгандан кейин ижтимоий тармоқларда жиноий гуруҳ аъзоларининг бир неча машҳур вакиллари жиноий фаолиятларидан бош тортиб, энди қонунга амал қилиб яшашга қарор қилганларини айтиб чиқишди. Улардан айримлари қамоққа олинди.

Қирғизистон махсус хизмати олиб борган ишлар натижасида ҳеч қаерда ишламаган Қамчи Кўлбаевнинг тўплаган мол-мулки нархининг 1 миллиард доллар атрофида экани аниқланган. Улар орасида катта ҳажмдаги қурол-яроғ, ўнлаб кўчмас мулк, жумладан юзлаб квартиралар, нақд пул, қимматбаҳо автомашиналар ва ҳоказолар бор. Бу мулкларни давлат тасарруфига олиш бўйича ишлар олиб бориляпти.

Мана шу кураш доирасида 7 октябрга ўтар кечаси эса Бишкекдаги машҳур «Мадина» бозорининг эгаси, собиқ депутат Турсунтай Салимов ҳам Кўлбаевнинг жиноий гуруҳини молиялашга ва бир неча оғир жиноятларда айбланиб, МХДҚ томонидан қўлга олинган эди. Салимовнинг марҳум Кўлбаев билан қуда экани ҳам маълум, лекин яқинда Салимов бу маълумотни рад этди.

Бу орада, 10 октябр куни Бишкекдаги «Элит Хаус» қурилиш компанияси асосчиси ва эгаси Тимур Файзиев ҳам қўлга олинган. Машҳур тадбиркор аввал ҳам қўлга олиниб, давлат бюжетига катта ўлчамда пул ўтказгач, қўйиб юборилган эди. Бу сафар у суд ҳукми билан 6 декабргача МДХҚ вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди.

Қўлга олинганлар орасида 53 ёшли ишбилармон Олег Подобедов, машҳур “Kaganat Resort” ва «Аврора групп» дам олиш ширкатларининг ҳамтаъсисчиси Азрет Бўўтаев,

Божхона хизмати бошлиғининг ўринбосари Замирбек Қарашев, Қирғизистон Грек-рим кураши федерациясининг вице-президенти Ахрор Иминов ва бошқа кўплаган таниқли шахслар бор.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг