Қирғизистон-Ўзбекистон: Жаҳон тараққиёт дастурларига ҳамоҳанг ҳамкорлик

Ўзбекистонлик ишбилармонлар Қирғизистон қишлоғида тўқимачилик фабрикаси қуришмоқчи.

Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилоятининг Новкент туманидаги Орол қишлоғида йирик тўқимачилик фабрикаси қуриш мўлжалланмоқда. Мамлакат президентининг ушбу вилоятидаги ваколатхонаси матбуот хизмати берган хабарга кўра, вилоят раҳбари Абсаттар Сирғабаев саноат объекти қуриш ниятида бўлган сармоядорлар билан учрашган.

Қайд этилишича, Новкент тумани давлат маъмурияти Ўзбекистоннинг Art Soft Holding ва SASSA GROUP компаниялари билан уч томонлама шартнома имзолаган.

Келишувга кўра, корхона қурилиши жорий йилнинг декабрь ойида бошланиб, 2024-йил охиригача якунланади. Маҳаллий ҳокимият томонидан иншоот қурилиши учун 20 гектар ер ажратилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 31 миллион долларни ташкил этиб, корхонада мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.

Тўқимачилик фабрикасида пахта газламалари ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун шароит яратилади. Маълумки, шу кунга қадар маҳаллий пахтакорлар ўз маҳсулотларини хомашё кўринишида ва жуда арзон нархда ўртачилар орқали Европа давлатларига сотиб келишади. Шу сабабдан бу корхона қурилишининг аҳамияти жуда катта.

Орол қишлоғи Новкент тумани маркази ва Бишкек-Ўш автомобил йўлидан 7 километр чикарида жойлашган бўлиб, бунгача у ерда бирорта саноат корхонаси бўлган эмас. Аҳолиси ҳам бир неча минг кишини ташкил қилади холос. Нима учун айнан шу қишлоқ танлангани ҳозирча ноъмалум.

Бу лойиҳанинг амалга оширилиши сўнгги йилларда Қирғизистон Ўзбекистон ўртасида ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳамда маориф соҳаларида алоқалар изчил ривожланиб бораётганининг яна бир тимсоли деса бўлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24-ноябрь куни Бокуда бўлиб ўтган Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича махсус дастури (МОИБМД) давлатлари саммитида минтақалараро савдони рағбатлантириш таклифини билдирган. Унда БМТнинг ушбу дастури доирасидаги минтақавий ҳамкорликнинг самарадорлиги масаласи муҳокама қилинган.

Мутахассислар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг саммитдаги нутқини энг конструктив нутқлардан бири деб баҳолашди. У турли йўналишларда 400 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш имконини берадиган ушбу форматда ишлаш самарадорлигини таъкидлаган эди. Ўзбекистон раҳбари бундай ҳамкорлик минтақавий интеграция жараёнларини чуқурлаштириш ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ишончни оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаган.

Шу билан бирга у минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қатор ташаббусларни эълон қилди.

Шавкат Мирзиёев МОИБМД-2030 ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиш ва минтақавий савдони яхшилаш режасини қабул қилишни таклиф қилди. Унинг фикрича, бу МОИБМД минтақасидаги савдо айланмасини деярли икки баравар оширади, яъни 2030 йилга бориб ҳозирги 52 миллиард доллардан 100 миллиард долларгача. Шунингдек, у савдо айланмаси таркибида саноат маҳсулотлари улушини 70 фоизга етказишни таклиф қилди.

Ўзбекистон Президенти МОИБМД мақсадли жамғармасини ташкил этиш ва ишга тушириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратган эди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон жамғармани шакллантиришга ўзининг молиявий ҳиссасини қўшишга тайёр, аммо унинг самарали фаолият юритиши учун энг қулай шартларда грант маблағларини ҳам жалб қилиш зарур бўлади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон минтақада транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича йирик лойиҳаларни илгари суришда фаол иштирок этиш ниятида эканини айтиб, 2024-йилда мамлакатда “Рақамли транспорт йўлаклари” халқаро анжуманини ўтказишни таклиф қилди.

Бундан ташқари у озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид долзарб мавзуни ҳам кўтарди. У махсус юқори даражадаги ишчи гуруҳ тузиш ва унинг биринчи йиғилишини келаси йили Самарқандда ўтказишни таклиф қилди. Ушбу йиғилиш кун тартибида Марказий Осиёдаги етакчи агросаноат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш, қўшимча қиймат занжирларини яратиш, илмий-техника алмашинувини рағбатлантириш ва ресурсларни тежайдиган ечимларни жорий этиш каби асосий масалалар муҳокама қилиниши керак.

Унинг таъкидлашича, энергетика, сувдан фойдаланиш, экология ва қишлоқ хўжалиги соҳалари билан боғлиқ бўлган Марказий Осиё янги концептуал “Яшил стратегия”га муҳтож, чунки минтақадаги муаммоларга комплекс ечим топилмаса, сув танқислиги янада оғирлашади.

“БМТ тадқиқотига кўра, минтақа давлатлари сув танқислиги туфайли йилига 2 миллиард долларга яқин йўқотишади. Келгусида бундай салбий жараён кучайса, аҳоли жон бошига сув таъминоти кўрсаткичи 25 фоизга, ҳосилдорлик эса 40 фоизга камайиши мумкин”, — деди Шавкат Мирзиёев.

1998 йилда ташкил этилган МОИБМДнинг иштирокчи давлатлари Ўзбекистон, Озарбайжон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондир. Эътиборлиси, жорий саммит биринчи марта кенгайтирилган таркибда – Грузия, Венгрия давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг