Қирғизистон: Қизамиқ эпидемияси хавфи юзага келди
Бу хасталик ҳар йили дунёда юз минглаб одамнинг умрини олади. Уларнинг аксарияти кичкинтойлар.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани ва бу борада эпидемиологик вазият мураккаблашаётгани ҳақида бонг урди.
Расмий маълумотларга қараганда, йил бошидан бери ушбу касалликка чалинганлар сони 3300 нафарга яқинлашди. Уларнинг аксарияти 4 ёшгача бўлган болалардир.
Хасталик энг кўп тарқалган шаҳар ва минтақалар пойтахт Бишкек (989 киши), жанубий пойтахт Ўш шаҳри (321), Ўш (683), Чуй (515) ва Жалолобод вилоятлари (501) экани маълум қилинди.
Мутахассислар бу касаллик тарқалишини тўлиқ тўхтатиш учун эмланган болаларнинг 95 фоизни ташкил қилиши зарур. Бугунги кунда бу кўрсаткич мамлакатда 76 фоизнигина ташкил қилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилишича, қизамиқ – ҳаво орқали ва жуда тез юқадиган жиддий касаллик бўлиб, дунёда ҳар йили юз минглаб одамнинг ҳаётини олиб кетади. Нобуд бўлганларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалардир.
Жорий йилнинг 30 октябрида Жалолобод шаҳридаги иккита ўрта мактаб ушбу касаллик қайд этилгани сабабли карантинга ёпилди. “Эпидемияга ва эпизоотияга қарши махсус комиссия қарори билан ўқув жараёни вақтинчалик масофавий форматда ўтказилади”, – дейилади вазирлик тарқатган хабарда.
Қизамиқ вируси нафас олиш, аксириш ва йўталиш пайтида бошқа одамга осонгина кўчиб ўтади. Асосан 5 ёшгача бўлган болалар учун ўта хавфли. Катталарда хасталик кам учрайди. У оғир хасталик келтириб чиқариши, оқибат-натижада ўлимга олиб кетилиш мумкин.
Тиббиёт ходимлари бу касалликни олдини олиш учун болаларнинг олти ёшгача эмланиши зарурлигини айтишади. Афсуски, кейинги пайтда эмлаш ва бу билан боғлиқ турли хабарлар ва салбий ҳолатлар оқибатида аҳоли тобора эмлаш амалиётидан четлаб бормоқда.
Масаланинг иккинчи томони, дарҳақиқат, нотўғри эмлаш натижасида, аксинча соғлигини йўқотган ёки эмланган бола нобуд бўлган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Бугунги кунда олимлар ҳам эмлаш масаласида икки хил фикрга эгалар. Охирги пайтларда эмлашнинг фойдадан кўра зарари кўпроқ экани ҳақидаги гап-сўзлар кўпроқ янграмоқда.
Диний нутқтаи-назардан эмлашга қарши чиққан оилалар сони кўпайиб бораяпти.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди