Бишкекда бош вазирлар саммити: Савдо, Хавфсизлик, футбол кубоги ва экология йили

Уч кун давомида меҳмонлар ўнлаб ҳужжатларни муҳокама қилиб, тегишли қарорлар қабул қилишди.

Яқинда ўтган МДҲ давлатлари президентлари саммитидан сўнг 25-26 октябр кунлари Бишкекда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Евроосиё ҳукуматлараро кенгашига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг навбатдаги йиғилишлари бўлиб ўтди.

Бу тадбирларда иштирок этиш учун Қирғизистон пойтахтига 11 нафар олий мартабали меҳмон келди. Бу ташриф Бишкек аҳолиси ва меҳмонлари учун қатор ноқулайликлар туғдирди.

Президентлар саммитидаги каби ўта оғир бўлмасада, бу сафар ҳам меҳмонларни кутиш доирасида Бишкекда транспорт йўлларида ўзгартиришлар киритилиб, айрим кўчаларда қатнов тўхтатилди. Таълим муассасалари, жумладан бола боғчалари ҳам икки кунлик онлайн ўқитиш форматига ўтказилди. Бишкек гарнизонининг 3 мингдан ортиқ ходими жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга жалб этилди.

ШҲТ мажлисида Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Мохбер, Беларус бош вазири Роман Головченко, Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов, Тожикистон бош вазири Коҳир Расулзода, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Мўғулистон бош вазири Лувсаннамсраин Оюун-Эрдене, Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Тсян, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Хўжамират Гелдимирадов, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жаишанкар, Покистон ташқи ишлар вазири Жалил Аббос Гилонийлар қатнашдилар.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян бу сафар ҳам Бишкекка келмади. Эслатиб ўтамиз, у 10-октабр куни Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида ҳам  иштирок этмаган эди. Кузатувчилар унинг Арманистон-Озарбайжон ўртасида яқинда бўлиб ўтган қуролли жанжалда ёрдам бермагани учун Россиядан ҳафа эканини эътироф этдилар. Чамаси Арманистон Россия раҳбарлигидан фаолият кўрсатувчи МДҲ, Евроосиё иқтисодий кенгаши каби ташкилотлардан бутунлай чиқиб кетиш ҳақида жиддий ўйлана бошлади.

Ташриф доирасида меҳмонлар “Ала-Арча” давлат қароргоҳида Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашув ўтказдилар. Расмий суратга тушиш маросимидан сўнг бош вазирлар йиғилишга йўл олдилар. Унда ассоциацияга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши раиси, Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров олиб борди.

Жапаров ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида илк бор иштирок этаётган Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Моҳбар бошчилигидаги Эрон делегациясини табриклади.

Саммитда сўзга чиққан ҳукумат раҳбарлари турли хил масалаларда ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдирдилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўналиши бўйича Эрон ва Покистон портлари йўналишида юк ташиш ҳажмини оширишни таклиф қилди.

Хитой Бош вазири Ли Тсян ташқи аралашувга уринишларга ва блоклар қарама-қаршилигига қатъий қаршилик кўрсатиш кераклигини айтди. Унинг фикрича, ШҲТнинг хавфсизликка таҳдидларга жавоб бериш механизмини такомиллаштириш зарур.

Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Мохбер саммитдаги нутқида Исроил ва Фаластин ўртасидаги уруш ҳақида тўхталди.

“Бизнинг тадбиримиз Ғазо ҳудудининг ҳимоясиз аҳолиси сувсиз қолган ва Исроил томонидан ҳужумга учраган бир пайтда бўлиб ўтмоқда. Бу режим тинч Фаластин халқига қарши ноинсоний ҳатти-ҳаракатлари билан ўзининг нопок юзини кўрсатди. Қасос олишга, бегуноҳ одамларни ўлдиришга ҳаракат қилмоқда. У (Исроил) оддий одамлар учун сув, озиқ-овқат ва ёқилғи таъминотини тўсиб қўйди. Бу инсониятга қарши жиноятдир”, – деди Эрон вакили.

Ташкилотга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг йиғилиши якунида ташкилот фаолиятига доир 14 ҳужжат имзоланди. Жумладан, 2024 йил ташкилотга аъзо давлатларда Экология йили деб эълон қилинадиган бўлди.

Ақилбек Жапаров саммит якунлари ҳақида ОАВга фикр билдирар экан, “Биз глобал ва минтақавий ривожланишнинг барча масалалари, жумладан, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилиш бўйича конструктив мулоқот ўтказишга муваффақ бўлдик”, – деди.

ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг йиғилишини 400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ёритиб бордилар.

Шундан сўнг Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши ва МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда 12 келишим қабул қилиниб, улар асосан ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳаво ҳужумидан сақланиш бўйича ягона тизимини такомиллаштириш, Афғонистон ва бошқа давлатлар ҳудудида олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар давомида бедарак кетган шахслар дафн этилган жойларни излаб топиш, фахрийларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, 2025 йилда Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаш каби масалаларга тегишли. Жумладан, Ғалабанинг 80 йиллигига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш доирасида ягона юбилей медалини таъсис этиладиган бўлди.

Бундан ташқари, футбол бўйича МДҲ давлатлари кубоги қайтадан ташкил қилинадиган бўлди.

Евроосиё иқтисодий кенгаши ташкилотига алоқадор 26 дона ҳужжат қабул қилинди. Улар асосан ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш ва такомиллаштиришга бағишланган. Жумладан келаси йили ташкилот тузилганлигининг 10 йиллигини нишонлаш кўзда тутилган ҳужжат ҳам имзоланди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг