Қирғизистон толиблардан қочган афғонистонлик қирғизларни ўз бағрига олади

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, толиблар ҳуружидан қочган афғонистонлик қирғизларни бу ерга кўчириш режалаштирилмоқда.

Вазирлик тарқатган маълумотда айтилишича, Афғонистонда толибларнинг фаоллашуви ва бирин-кетин янги ҳудудларни эгаллаб олаётгани боис, 300 нафардан кўпроқ этник қирғизлар ўз жонларини сақлаш мақсадида мамлакатни тарк этиб, қўшни Тожикистон ҳудудидан вақтинчалик паноҳ топганлар.

Жумладан, Тожикистон оммвий ахборот воситаларининг давлат чегара қўшинлари матбуот хизматига таяниб берган маълумотларига қараганда, 13 июль куни қирғиз миллатига мансуб 77 Афғонистон фуқароси Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб туманига ўтишган. Улар орасида 31 нафар ёш бола ва 20 аёл бор. Қочоқлар ўзлари билан мингга яқин қўй-қўзи, 300та қўтос, бир нечта туя ва отларни ҳам олиб ўтишган.

Қочоқларнинг аҳволини тушунган тожик чегарачилари афғонистонлик қочоқларга чегарадан ўтишларига тўсқинлик қилишмаган. Ҳозирда уларга Мурғоб туманига қарашли қишлоқларнинг биридан бошпана берилган. Эртаси куни яна 51 нафар қочоқ шу ерда чегарани кесиб ўтган.

Қирғизистон бу шахсларни ўз ҳудудига олиб келиш борасида кўмак кўрсатишини сўраб БМТнинг Қочоқлар иши бўйича Олий комиссарлиги бошқармасига мурожаат қилган. Шунингдек вазирлик Тожикистон ташқи ишлар вазирлигига нота юбориб, афғонистонлик қирғизларни икки давлат чегарасидаги назорат-текширув пунктларига тўсиқсиз етиб келишларига ёрдам қилишни сўраган.

Масала Бишкекда шахсан президент Садир Жапаров ва Вазирлар маҳкамаси назоратига олинган. Тегишли давлат органларига бу ишни амалга ошириш борасида зарур топшириқлар берилган.

Турли маълумотларга кўра, бугунги кунгача Қирғизистонга чет эллардан 65 мингдан ортиқроқ чет эл фуқароси бўлган ва фуқаролиги йўқ этник қирғизлар келган. Улардан 55 мингдан кўпроғига Қирғизистон фуқаролиги берилган. Жумладан, охирги 10 йил ичида 45 мингга яқин шахс Қирғизистон фуқаролигини олган бўлиб, улардан 37 мингга яқинини этник қирғизлар ташкил қилади.

Бугунги кунда Қирғизистонда бошқа давлатлардан келган 5 мингга яқин этник қирғизлар паспортсиз ва рўйхатсиз истиқомат қилмоқдалар. Бу масалани ҳал қилиш мақсадида яқинда Қирғизистон фуқролигини бериш тартибини осонлаштириш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унга кўра, чет эллардан Қирғизистонга келаётган этник қирғизларга давлат фуқаролигини олишда енгилликлар бериш қаралган.

Куни-кеча Тошкентда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШ давлатлари иштирокида «С5+1» форматида учрашув бўлиб ўтди. Унда Афғонистонда АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетилиши муносабати билан юзага келган вазият муҳокама қилинди. Учрашувда Қирғизистон тараф Афғонистон томондан келаётган хавф борасида ташвиш билдирди.

Учрашув иштирокчилари бу давлатда кўпдан буён давом этиб келаётган низони ҳал қилишда имкон қадар ёрдам беришларини таъкидладилар. Бунинг асосида биринчи галда Афғонистон ичидаги сиёсий кучларнинг ўзаро мулоқоти ётиши кераклиги айтилди.

Бобур Мирзоев, Бишкек

Сурат Известия сайтидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг