Қирғиз-тожик можароси: Россия Эсенни Тожикистонга бермади

Россия расмийлари Тожикистоннинг қирғизистонлик Эсен Мажитовни тутиб бериш талабини рад этдилар.

Россиянинг Нижний Новогород шаҳрида тожик расмийлари илтимоси билан полиция томонидан ҳибсга олинган Эсен Мажитов Тожикистонга топширилмайдиган бўлди. Бу ҳақда журналистларга Эсеннинг яқинлар маълум қилишди.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида яшаб келган Эсен Мажитовни Тожикистон расмийлари 2021 йилнинг апрелида қирғиз-тожик чегарасида юз берган тўқнашув бўйича айблашган. Унга нисбатан жиноий иш қўзғаб, Интерпол орқали халқаро қидирув эълон қилган эдилар.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 28 апрелида Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятида яшовчи икки давлат фуқаролари орасида жанжал чиққан. Тожикистон чегарачилари Қирғизистон томонни ҳарбий техникадан қаттиқ ўққа тутган. Натижада 190 қирғизистонлик жабр тортиб, 36 киши ҳалок бўлган, 40 мингга яқин фуқаро бошқа жойга кўчирилган. Тожикистон томон берган норасмий маълумотларга кўра, улардан 150 киши ярадор бўлиб, 16 тожикистонлик ҳалок бўлган.

Бундан ташқари Қирғизистон ҳудудида 120 турар-жой, 80дан ортиқ ижтимоий объектлар, бир нечта бизнес объектлари, ҳатто 4 чегара заставаси ҳам йўқ қилинган. Умумий ҳисобда Қирғизистон томон 630 миллион сўмлик (7,4 млн. АҚШ доллари) зарар кўрган.

Эсен қамоққа олингач, унинг юртдошлари Бишкекда республика Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида намойишга чиқишиб, вазирлик ва республика раҳбариятидан уни ҳимоя қилишни талаб қилишган.

Намойишчиларнинг айтишича, Эсен жиноятчи эмас, ўз юртини ҳимоя қилган мард ўғлон ва давлат томонидан ҳимоя қилинишга ҳақли. Камига чегара яқинидаги можаро пайтида унинг уйи ҳам тўла ёниб кетган. Ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев намойишчилар олдига чиқиб, уларнинг талабларини бажаришга ваъда берган эди.

Шундан сўнг Қирғизистон Мажитовнинг ишини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб чиқишни сўраниб, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилган. Эсенга зарур консуллик ва ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсатилган.

Бир ойча аввал Эсен Мажитовнинг ўғли Адиль президент Садир Жапаровга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Таниқли шоу дунёси вакили Ассоль Молдоқматованинг ҳаракати билан президент болакайни қабул қилиб, унинг отаси давлат томонидан ҳимояга олинишини ваъда қилган.

Адилнинг футболчи бўлиш орзуси ҳам ушланадиган бўлиб турибди

Жапаров Адилга уяли телефон, планшет, футбол тўпи совға қилган. Шунингдек президент Адилнинг футбол интернатида ўқиш орзуси бор эканини билиб, ўз ёрдамчисига бу ишни амалга ошириш бўйича топшириқ берган.

Абдумўмин Мамараимов, Бишкек

Суратлар Акипресс сайти ва Ассоль Молдоқматованинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг