Коронавирус иллати ҳуружининг шашти пасаймаяпти

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирининг айтишича, бу хавфли касалликка чалиниш ҳолати июль ойининг охирига бориб пасая бошлайди.

Бу тахминнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини вақт кўрсатади, албатта. Бироқ ҳозирча хушёрликни камайтириб, енгил нафас олишга асос йўқ. Чунки мана бир ойдирки, бу иллатга чалинганлар сони ўртача кунига 1300 нафарни ташкил қилиб келмоқда.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, бугунги кунда коронавирусга чалинганлар сони 20 мингдан ортиқ бўлиб, улардан 1 минг 660 нафари оғир аҳволда ётибди. 200 нафардан ортиқ беморнинг аҳволи жуда оғир деб баҳоланмоқда.

Ўртача ҳисобда кунига 10 киши ҳаёт билан видолашмоқда. 2020 йилнинг мартидан тортиб 2 минг 154 киши янги вирус қурбонига айланди.

Бир сутка давомида республика бўйича 1160дан кўпроқ бемор соғайиб чиққан. Уларнинг асосий кўпчилигини (674 киши) бишкекликлар ташкил қилади. Касалликкка чалиниш борасида ҳам пойтахт энг олдинги ўринни эгаллаб турибди.

Оқ халатли қурбонлар

Хавфли дард соғлиқ посбонларини ҳам четлаб ўтмаяпти. Коронавирус балоси чиққандан  бери Қирғизистон бўйича 6 мингдан кўпроқ тиббиёт ходими бу иллатни юқтириб олган. Улардан 5300 нафари соғайиб кетган бўлса, 108 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Вафот этган тиббиёт ходимларига давлат томонидан 1 миллион сўм ($11 700 атрофида) миқдорида товон тўлаб бериш ҳақида ҳукумат қарори бор. Шу кунгача товон пулини вафот этганларнинг учдан бир қисми оилалари олган холос.

Жорий йилнинг 11 январидан тортиб бу тўловлар ҳажми ва тартиби ўзгарган. Энди вирус юқтириб олган тиббиёт ходимига 75 минг сўм ($880 атрофида), вафот этганларнинг оилаларига 2,8 миллион сўм тўлаб бериладиган бўлган.

Маҳбуслар ҳаёти ҳам хавф остида

Яқинда расмийлар вируснинг республика турмаларига ҳам кириб борганини ошкор қилишди. Жазоларни ўташ давлат хизмати (ЖЎДХ) берган маълумотга кўра пандемия бошлангандан тортиб 47 нафар маҳбус бу иллатни юқтириб олган. Улардан 11 нафари жорий йилда аниқланган. Шу вақтнинг ўзида ЖЎДХ ходимлари орасида бу касалликка чалиниш кўрсаткичлари бирмунча юқори. Уларнинг сони бемор махбусларникидан икки баробар кўпроқ.

Вирусга чалинганларнинг барчаси давлатга қарашли ва хусусий касалхоналарга ётқизилган. Улар орасида коррупцияда айбланиб қамоққа олинган собиқ бош вазир Мухаммедқалий Абилгазиев, президент аппаратининг собиқ бошлиғи Данияр Наримбаев, собиқ парламент депутати Исҳақ Пирматов каби таниқли сиёсий арбоблар бор.

Хавф кучайиб бормоқда  

Жаҳон миқёсида олиб қараганда бу иллатнинг тарқалиш суръати ортиб боряпти. Умумий ҳисобда шу кунгача қарийб 189 миллион одам коронавирус дардига чалинган бўлса, улардан 4 миллион 66 мингдан ортиқроғи вафот этган.

Энг кўп бемор АҚШда (деярли 34 млн.), Ҳиндистонда (31 млн.), Бразилияда (19 млн.дан ортиқ), Франция, Россия, Туркия ва Англияда рўйхатга олинган (ҳар бирида 5 млн.дан ортиқ).

Марказий Осиё давлатлари бўйича кўрсаткичлар қуйидагича: Қозоғистон – 537 минг киши, Қирғизистон – 146 минг 300 киши, Ўзбекистон – 118 киши ва Тожикистонда 14 минг киши.

Бобур Мирзоев, Бишкек

Иллюстратив сурат интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг