Чарх-чарх-чарх, чархпалак: Қирғизистон олийгоҳларида ўзбекистонлик ёшлар кўпаймоқда
Мустақиллик даврларигача аксинча, жанубий қирғизистонликлар Ўзбекистонга бориб ўқишга интилишарди.
Ўтган 2022-йилда Қирғизистон олийгоҳларида жами 83 минг хорижлик талаба таҳсил олган бўлса, уларнинг 59 минг нафари ёки 71% МДҲ давлатларидан келган. Уларнинг 90 фоизини ўзбекистонлик ёшлар ташкил қилади. Бу ҳақда “Озодлик” тайёрлаган материалда айтилади.
Бу ҳам икки давлат ўртасида деярли барча соҳалардаги алоқаларнинг мунтазам ривожланиб ва кенгайиб боришининг самараси ва бир кўринишидир. Хўш, авваллари аҳвол қанақа эди?
Совет даврида Қирғизистон жанубида яшаган абитуриентлар Ўзбекистоннинг пойтахти ва Фарғона водийсидаги олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртларига бориб ўқишга интилишар эди. У пайтларда одамларнинг миллати унчалик аҳамиятга эга эмасди. Бир томондан Қирғизистон жанубига Андижон, Наманган, Фарғона шаҳарлари ва улар орқали Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларга автобус ва поездда етиб бориш осон бўлса, иккинчи томондан бу минтақада яшаган аҳолининг фикрлаш тарзи (зеҳнияти, менталилети) ҳам ўхшаш эди.
Энг асосий омиллардан бири – у пайтларда Шарқ юлдузи, Шарқ дарвозаси аталган Тошкентнинг халқаро нуфузи жуда кучли бўлиб, у ерда ўқиш ёшлар учун фахрли эди.
Қолаверса, Ўш ёки Жалолободдан Фрунзега (ҳозирги Бишкек) бориш учун поездда Тошкент ва Қозоғистоннинг жануби орқали қарийб бир сутка юриш керак эди. Ўшдан Андижонга ярим соат, Тошкентгача эса 8-10 соат талаб қилинарди. Яна бир масала – Ўзбекистонда талабалар ва домлаларнинг – ўқитувчиларнинг имтиҳонларда “ўзаро келишиб олишлари” осон эди. Қирғизистонда эса порахўрлик камроқ, ўқишга талаб кучлироқ бўлган.
Совет даврининг собиқ талабаларидан бири – ўшлик Давлатхон (Дўўлўтқан) Қабиқова. У 1981-йилда Тошкент тиббиёт институтига ўқишга кирган. Унинг сўзларига кўра, ўша вақтда Тошкентда таҳсил олиш ёшлар учун фахр бўлган.
“Лекин ўқишга кириш учун тинмай имтиҳонга тайёргарлик кўриш керак эди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай, китоб ўқиб тайёргарлик кўрганмиз”, – дея хотирлайди Давлатхон опа.
Қирғизистон жанубидаги колхозларнинг раисларининг кўпчилиги Андижондаги Пахтачилик институтини битиришган. Чунки минтақа асосан пахтачиликка ихтисослашган бўлиб, Қирғизистонда бу мутахассисликка ўқитадиган институт бўлмаган. Айнан шу сабабга кўра Тошкентдаги геология техникумида ҳам қўплаб қирғизистонлик ёшлар тахсил олишган.
Бугунги кунда эса, Қирғизистон олий ўқув юртларида ўзбекистонлик ёшларни кўп учратиш мумкин. Олийгоҳларда таҳсил олаётган хорижлик талабалар орасида сон жиҳатидан ўзбекистонлик талабалар биринчи ўринда туради.
Қирғизистон таълим вазирлиги расмийларига кўра, бугунги кунда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар Қирғизистон олийгоҳларида таълим олмоқда. Уларнинг аксарияти Ўш ва қисман Жалолобод шаҳри олийгоҳларида.
Ўзбекистондан келиб, Ўшда таҳсил олаётган талабаларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш баллари анча юқори. Шу боисдан ўз юртида имтиҳондан ўта олмаган ёшлар, Қирғизистонга келиб ўқишмоқда.
Аммо кўпчилик талабалар биринчи босқични Қирғизистонда ўқиб, кейинги босқичларда Ўзбекистон олийгоҳларига ўтиб кетишади. Чунки, Қирғизистонда берилган диплом билан Ўзбекистонда ишга кириш учун икки давлат дипломларни тан олиш (нострификациялаш) ҳақида ўзаро битим имзолашлари керак.
Ўшдаги Батирали Сидиқов номидаги Қирғиз-ўзбек университетида таҳсил олаётган Соҳибжамол Эркинова Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидан. У ҳам келгуси йилдан ўқишини Андижонга ўтказмоқчи.
“Бу йил имтиҳондан 120 балл олганим сабабли [Ўзбекистонда] ўқишга кира олмадим. Инглиз тили йўналишига [у ерда] 150 балл билан кириш мумкин экан. Шунинг учун Ўшдаги Қирғиз-ўзбек университетининг инглиз тили йўналишига кирдим. Бу ерда ўқишга кириш жуда ҳам осон экан”, – дейди Соҳибжамол “Озодлик” радиоси билан суҳбатда.
Унинг сўзларига кўра, иккинчи босқичда Ўшда ўқиётганини тасдиқловчи ҳужжат билан Ўзбекистондаги институтга қайта имтиҳон топшириб, ўқишини кўчириши мумкин экан. Ўтказиш максимал бали – 94. Мабодо имтиҳондан ўта олмаса, ўқишини Ўшда давом эттираверади.
Қирғизистон давлат статистика маълумотларига кўра, 2022-йилда МДҲ давлатларидан Қирғизистонга келиб ўқувчи талабалар сони 46 минг 350дан ортиқроқни ташкил қилган бўлса, улардан 40мингдан кўпроғи ўзбекистонлик бўлган. 2022-йилда Қирғизистонда жами 83 минг хорижлик талаба таҳсил олаётган бўлса, уларнинг 59 минг нафари ёки 71% МДҲ давлатларидан келган. Мазкур талабаларнинг 90%ни ўзбекистонликлар ташкил қилади.
Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб Қирғизистонда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талабалар билим олади. Бу маълумот 4 октябрда Ўшдаги Қирғиз-ўзбек халқаро университетида илк бор ўтказилган Ўзбекистон ва Қирғизистон олийгоҳ ректорлари форумида ҳам тилга олинди.
Андижон давлат университети ректори Акрамжон Юлдашевга кўра, Ўзбекистондан Қирғизистонга келиб ўқиётган талабаларнинг сони жуда ҳам кўп. Лекин Қирғизистондан Ўзбекистонга бориб ўқийдиганлар сони кўп эмас. Буни сабабларидан бири Қирғизистонда молиявий жиҳатдан ўқиш анча арзон.
“Яна бир томони, бу ерга талабалар кўпроқ Фарғона водийсидан келишмоқда. Фарғона водийси аҳолиси жуда ҳам зич жойлашган. Ўқишни хоҳлайман деганларга олийгоҳлар етмаяпти. Шунинг учун оқим Қирғизистонга бўлмоқда”, – дейди ректор.
Ўзбекистон олий таълим вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда 10 мингга яқин қирғизистонликлар Ўзбекистонда билим олмоқда.
Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири биринчи ўринбосари Комилжон Каримовнинг таъкидлашича, МДҲ давлатлари доирасидаги келишувга кўра, дипломларни ўзаро тан олиш шартномаси мавжуд. Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон МДҲ аъзоси бўлгани боис дипломлар тан олинади.
“Лекин ҳар бир давлатнинг ўз тан олиш тартиби бор. Унга кўра, Қирғизистон олий таълим муассасасида ўқиди деган дипломга эга бўлса, ўша университет дунёнинг тан олинган олийгоҳларининг 1000 талик рейтингига кирган бўлса, [Ўзбекистонда] у диплом автомат равишда тан олинади. Агар мингталикка кирмаган бўлса, шартномага асосан нострификация қилиш орқали ўша диплом ҳам республикамизда тан олинади”, – дейди Комилжон Каримов.
Бугунги Қирғизистонда 63та олийгоҳ бор бўлиб, улардан 28таси давлатга қарашли. Қолгани (35) нодавлат ўқув юртлари. Олий ўқув юртларилардан 10га яқини мамлакат жанубида жойлашган. Дунёдаги энг яхши университетлар 1000талиги рўйхатига Қирғизистондан фақат биргина, Бишкекдаги “Манас” Қирғиз-турк халқаро университети киради.
Қирғизистон таълим вазирлигида икки давлат дипломларини тан олиш масаласида иш олиб борилаётганини Қирғизистон Республикаси давлат котиби Суйунбек Қасмамбетов маълум қилди.
Унга кўра, бу масалани тартибга солиш йўллари қаралмоқда. Ҳақиқатан ҳам, баъзи ташкилий ишларда, тил масаласида, у ёки бу соҳани ўзлаштиришда кўп қийинчиликлар мавжуд. Бу вазият бўйича иккала вазирлик томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ишлар олиб борилмоқда. Йил охиригача бу масала ҳал қилиниши мумкин.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди