Қўйларни бўрига топширишми? Қирғизистон олтин заҳираларини ҳукуматга бермоқчи

Бунгача халқ вакили заҳирадаги олтинларни бериб, ташқи қарзлардан қутулишни таклиф қилган эди.

Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши депутати Балбақ Тулўбаев мамлакат заҳирасидаги олтинларни ҳукумат тасарруфига бериш таклифи биан чиқди. У Қирғизистон заҳирасида 51 тоннадан ортиқ олтин борлигини айтиб, улар Марказий банк тасарруфида бўлгани сабаб Вазирлар маҳкамаси бу бойликдан фойдалана олмаслигидан норози бўлди.

Унинг фикрича, Миллий банкда сақланаётган олтин захираси Вазирлар маҳкамасига берилиши ва ҳукумат уни иқтисодиётни ривожлантириш учун ишлатиши керак.

Депутат Қирғизистонда қисқа муддатда даромад келтирадиган лойиҳа ва объектларга маблағ ажратилмаётганидан шикоят қилиб, захирадаги “шунчаки ётган” 1 млрд. долларлик олтинларни ўрта ва кичик бизнесни қўллашга сарфлашни таклиф қилди.

“…Ҳукумат орқали тадбиркорларга шу миллиардни беринг ва улар давлатни қандай ривожлантириб юборишини кўринг! Иқтисодиётни ўрта ва кичик бизнес ривожлантиради… Олтин шунчаки ётмасдан, ишлаши керак”, – деди Тулўбаев.

Молия вазири Алмаз Бакетаев бу ташаббусга изоҳ бераркан, “масала ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилиниши лозимлигини” ва яқин орада тегишли қонун лойиҳаси депутатларга тақдим этилишини айтган.

Вазирнинг гапидан келиб чиқадики, ҳукуматда бу ташаббус устида иш олиб бориляпти. Депутат эса, жамоатчилик фикрини шунга тайёрлаш учун бу масалани кўтариб қўйган бўлиши ҳам мумкин.

Балки бу яхши ташаббусдир, иқтисодий томондан ўзини ҳам оқлар, лекин…

Қирғизистон ўз мустақиллигининг 30 йили давомида мамлакатда бош вазир 31 марта алмашган. Уларнинг айримлари бу лавозимда бир неча ҳафта, ой, ҳаттоки 1-2 кунгина ишлашган. Аксарият ҳолларда ҳукумат раҳбарлари катта жанжал ортидан истеъфога чиқишга мажбур бўлишган.

Шу вақт оралиғида камида 10 нафар собиқ бош вазир турли ишлар бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. Жумладан, “Кумтўр” олтин кони иши бўйича 5 собиқ бош вазир тергов органларига сўроқ берган. Бир нечтаси Бишкек иссиқлик марказини таъмирлаш иши бўйича яхшигина муддатга қамалган ҳам.

Улар ичида ҳатто умрбод қамоқ жазосига тортилганлар бор. Бу собиқ бош вазир Данияр Усенов бўлиб, ҳозир Беларусда Даниил Урицкий номи билан жон сақлабгина эмас, катта бизнес билан шуғулланиб юрибди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, депутатнинг ташаббуси жуда катта ва жиддий таваккалчилик билан боғлиқ экани маълум бўлади.

Балбақ Тулўбаевнинг ўзига келсак, бир пайтлар Бишкек шаҳри мэри ҳам бўлиб турган бу сиёсатчи захирадаги олтинларни нима сабабдан мамлакатнинг Хитойга бўлган қарзини тўлашга ишлатилмаётгани ҳақидаги масалани кўтарган эди.

Қирғизистон захирасида 51 тоннадан ортиқ олтин мавжудлиги маълум. У Марказий банк тасарруфида бўлиб, ҳозир Вазирлар маҳкамасининг бу олтинларга тиши ўтмайди.

Қизиғи, яқиндагина давлат Ривожланиш банки ҳукумат тасарруфига берилиб, бирмунча вақтдан сўнг кўп йилларда буён сотилиши муаммо бўлиб келаётган “Мега” уяли телефон оператори ўша банкка сотилди, бошқача айтганда ҳукумат ихтиёрига ўтказилиб берилди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг