Чиққанидан киргани кўп: Йилига 4 мингдан ортиқ фуқаро Россия фуқаролигидан чиқяпти

Уларнинг ўрнини Россия фуқаролигини қабул қилаётган меҳнат муҳожирлари ошиғи билан тўлдиряпти.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, 2023 йилнинг тўққиз ойи мобайнида 4 минг 400 киши Россия фуқаролигидан воз кечган. Бу ҳақда айтган Россия Ташқи ишлар вазирлиги консуллик департаменти директори Алексей Климовнинг маълум қилишича, 2022 йилда 4,3 минг киши, 2021 йилда 4,055 минг киши Россия паспортларидан воз кечган. Яна бир йил аввал, 2020 йилда уларнинг сони 4000га етмаган бўлса (3 минг 877 киши), 2019 йилги кўрсаткич 4 минг 356 кишини тузган.
Шу вақтнинг ўзида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи ичида фақат хорижда Россия фуқаролигини 15,1 минг киши қабул қилган, 2022 йилда эса уларнинг сони 23,5 минг кишидан иборат бўлган. Бу соннинг ўсиши Украинада бошланган уруш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Климовнинг айтишича, Россия фуқаролигини қабул қилганларнинг катта қисмини аралаш никоҳдан туғилган болалар ташкил этади.
расмий маълумотлардаги умумий ҳисобга кўра, 2022 йилда 691 минг киши Россия фуқаролигини қабул қилган. Бу РБК нашрининг ёзишича, 2021 йилдагига (735 мингдан зиёд) нисбатан 6,4 фоизга камдир. Янаям аввалроқ, 2020 йилда 656 минг киши Россия паспортини олган бўлса, 2019 йили бу кўрсаткич 498 минг кишини ташкил қилган.

Бошқача айтганда, 2022 йилгача бўлган сўнгги йилларда Россия паспортини олганлар сони доимий равишда ўсиб келган. Қизиғи шундаки, айнан мана шу йилларда рус паспортини олиш бўйича талаблар кучайтирилган эди.
Россия ТИВнинг РБК нашрига берган маълумотига кўра, ўтган 2022 йили бирданига 297 минг нафар собиқ украиналикка Россия фуқаролигини бериш ҳақида фармон имзоланган. Бу ўтган йили рус фуқаролигини олганларнинг деярли ярмини (43%) ташкил қилган.
Россия фуқароларининг сони асосан собиқ Иттифоқ ўлкаларидан борган меҳнат муҳожирлари, айниқса тожиклар ҳисобидан кўпаймоқда. Масалан, 2022 йилда Россия фуқаролигини олганлар сони бўйича тожикистонликлар украинаиклардан кейин (174 минг киши) иккинчи ўринни эгаллаган.

Учинчи ўринда Россия паспортини олган арманистонликлар (45 минг киши) бўлса, улардан кейин қозоғистонликлар (42 минг), ўзбекистонликлар (27 минг) бормоқдалар. Шу давр мобайнида қирғизистонликлар (23,4 минг киши) ва озарбайжонликлар (23 минг) деярли бир хил сонда Россия паспортини олишган.

Бундан бир йил аввал, яъни 2021 йилда Россия паспортини олган қирғизистонликлар сони 4 минг кишига озроқ эди. Ижтимоий тармоқлардаги баҳсларга кўра, меҳнат муҳожирларини бу ўлкада қолишга мажбур қилаётган нарса – ўз юртида муносиб, яхши ҳақ тўланадиган иш топиш мушкуллиги ҳамда Россияда ипотекага уй олишнинг нисбатан енгиллиги бўлиб турибди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг