Чегарада нотинчлик: Фарғонада чегарачилар муштлашув пайтида икки кишини отиб қўйди
Чегара хизмати маълумотига кўра контрабандачи ва маст фуқаролар чегарачиларга қаршилик кўрсатган.
Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Водил қишлоғида чегарачилар ва маҳаллий аҳоли ўртасида жанжал чиқиб, икки кишининг ўлими билан якунланди. Муштлашувга айланиб кетган жанжал пайтида чегарачилар ўқ отишган ва маҳаллий аҳолидан икки киши ўлди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари тарқатган маълумотга кўра, 16 октябрга ўтар кечаси бир гуруҳ чегарачилар «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида икки киши келаётган автомашинани тўхтатишган. Улар Ўзбекистонга ноқонуний равишда товар олиб кираётганини аниқлашгач, чегарачилар уларни Чегара қўшинлари бўлинмасига олиб кетишга ҳаракат қилишган. Лекин фуқаролар А.М. ва О.Ю. қаршилик кўрсатишган. Сўнгра яқин орада юрган ўн нафарга яқин фуқаролар жанжалга қўшилган. Расмий хабарда уларнинг спиртли ичимлик таъсирида бўлгани, ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлари ва чегарачиларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга нисбатан куч ишлатишгани айтилади.
Чегара қўшинлари матбуот хизмати муштлашув натижасида неча киши экани айтилмаган ҳарбий хизматчилар тан жароҳатларини олишган ва ҳавога қарата огоҳлантирувчи ўқ узишган.
“Огоҳлантиришдан тўғри хулоса қилмай, ҳарбий хизматчиларга фаол қаршилик кўрсатишда давом этган фуқароларнинг икки нафари қурол қўлланилиши натижасида воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.
Водил қишлоғи Қирғизистон билан чегарада, Ўш-Боткен автомобиль йўли яқинида жойлашган бўлиб, Қирғизистоннинг Қадамжой шаҳридан 5 чақирим масофада жойлашган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди воқеага бевосита алоқаси йўқ