Қарз берганлар кутиб туради: Исроил Америкадан 10 миллион доллар ёрдам сўради

АҚШ давлат котиби Блинкендан кейин президент Байден ҳам шошилинч Исроилга келмоқда.

Исроилнинг шошилинч турда 10 миллион доллар қарз сўрагани ҳақида The New York Times нашри ҳукумат тизимидаги уч амалдорга таяниб ёзди. Бунгача АҚШ ҳукумати

Исроил ва Украинага икки миллиард долларлик ёрдам ажратиш учун Конгрессга мурожаат қилиб, унинг розилигини олишни режа қилгани айтилганди.

Бу хабарлар фонида АҚШ молия вазирлиги мамлакат иқтисодиёти бу ҳар икки давлатни бир вақтнинг ўзда қўллаб-қувватлашга қурби етишини билдирган эди. Яъни, АҚШ Исроил ва ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги можарода Исроилни ва Украина-Россия урушида Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини эътироф этмоқда.

Шуни айтиш керакки, АҚШ бугун ташқи қарз борасида дунё мамлакатлари ичида биринчи ўринда туради. Жорий йилнинг сентябрига кўра мамлакатнинг қарзи тарихда энг юқори кўрсаткич – 33 триллион долларга етди. Уларнинг 11 триллиондан кўпроғи охирги 5 йилда йиғилган. Бунинг натижасида ҳукумат давлат қарзининг йўл қўйилиши мумкин бўлган кўламини оширишга мажбур бўлган.

Америка қарздор бўлган энг йирик давлатлар Хитой (1,14 трл. доллар), Япония (1,01 трл.) ва Бразилия (313 млрд. доллар) ҳисобланади. Бу қарзларнинг йиғилиб қолишига АҚШнинг Афғонистон, Ироқ ва бошқа давлатларда олиб борган уруш ҳаракатлари сабаб бўлган.

Шунча катта қарзи борлигига қарамай, АҚШ хавфсизлик ва ҳарбий соҳаларга жуда катта маблағ ажратишда давом этмоқда. Бу ҳаражатларга мамлакатдан минглаб чақирим нарида жойлашган Украина, араб давлатлари, Осиё ва Европадаги қатор давлатларнинг ҳарбий салоҳиятини ошириш учун берилаётган маблағлар ҳам киради.

Бизнингча, АҚШга қарз бериб келаётган ўттиздан ортиқ давлат учун бу маблағларнинг қаёққа ишлатилаётгани билан қизиқиб, ўша пулларнинг сайёранинг турли минтақаларида уруш ва вайроналикларга сабаб бўлаётгани аниқлангани ҳолда қарз беришни тўхтатиши ва аввалги қарзларни зудлик билан қайтариш талабини қўядиган вақт келди.

The New York Times газетаси конгрессменларнинг Исроилга “Темир гумбаз” ҳаво мудофаа тизими ҳамда 155-миллиметрли артиллерия ўқ-дориларини, юқори аниқликдаги бомбаларни юбориш масаласини муҳокама қилмоқда.

Америка Исроилни қўллаб-қувватлаш учун минтақага иккита самолёт ташувчи кема ва тезкор кучларини, жумладан 2000 нафар денгиз пиёдасини юборди. Шу вақтнинг ўзида АҚШ президенти Эронни Фаластин-Исроил урушига аралашиш оқибатлари ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Яъни, ўн минглаб чақирим наридаги Америка фаол аралашаётган жанжалга шундоққина чегарадош мамлакатларнинг аралашувига ҳаққи йўқ экан.

АҚШ президенти Байденнинг бугун, 18 октябрда Исроилга келиши хабар қилинди. Эмишки, Байден мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун қандай ҳаракатлар зарурлигини исроилликларнинг ўзларидан эшитмоқчи.

Бунгача Байден CBS телеканалига берган интервьюсида “ҲАМАС тўлиқ йўқ қилиниши шарт”, деб айтган. Исроил армияси айнан шу мақсадда Ғазода ўтказмоқчи бўлган ер усти амалиётини об-ҳаво шароити туфайли кечиктирганини маълум қилган. Энди бу амалиётнинг АҚШ президентининг ташрифи мобайнида ўтказмай туриши ҳақида хабар берди. Бу ҳақида Der Spiegel нашри хабар берди.

БМТнинг бу амалиётни ўтказишга қарши баёнотидан кейин Хитой, Туркия, Россия ва бошқа қатор давлатлар ҳам бу қадамни қоралаб, жанжални музокаралар йўли билан ҳал қилиш, охир-оқибатда бу ҳудудда Фаластин давлатини барпо қилиш лозимлигини айтиб чиқдилар.

Афтидан Байден халқаро ҳамжамиятда шаклланиб келаётган кучли норозилик шароитида қандай йўл тутишни ўзининг доимий ҳамкори бўлган Исроил билан жиддий муҳокама қилмоқчи.

Ўн кундан ортиқ давом этаётган урушда фаластинликлар томонидан 2800дан кўпроқ одам ўлиб, минглаб одам яраланган, миллиондан ортиқ тинч аҳоли ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

Исроил томоннинг расман билдирилишича, ҲАМАС-Исроил урушида шу кунгача 1400 исроиллик ҳалок бўлган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг