Ўзбекистонлик спорт раҳнамоси, машхур тадбиркор Салим Абдувалиев Италияда мукофотланди
Бу мукофот ўзбек кураши ассоциацияси президентига спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилди.
Бугунги кунда интернет майдонидаги таниқли инсонлардан бири, совет даврларидан бери “Салимбойвачча” номи билан донг таратган ўзбекистонлик тадбиркор, 73 ёшли Салим Қирғизбоевич Абдувалиев Италияда спортни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун “Constantinus magnus 2023” нуфузли халқаро мукофоти билан тақдирланди.
Хабарда айтилишича, мукофотни топшириш маросими 14 октябр куни Италиянинг Спелло саройида бўлиб ўтган. Бу сарой 333 йилга оид, тарихий аҳамиятга эга бўлган эпиграфик ҳужжат бўлган “Константин ёзуви” сақланиши билан машхур.
Бу ҳақда тадбиркор ўзининг Instagramдаги саҳифасида маълум қилиб, у ерда мавзуга тегишли бир қатор суратларни ҳам жойлаштирган.
“Constantinus magnus” мукофоти 2011 йилда Италияда таъсис этилган бўлиб, у ҳаётида эришган ютуқлари жамият, маданият ва спорт ривожига кучли таъсир кўрсатган шахслар ва ташкилотларга берилади. Мукофотнинг номи насронийликни Рим империясининг давлат динига айлантирган ва турли маданият ва динларнинг тинч-тотув яшашига улкан таъсир кўрсатган шахс Буюк Константин шарафига берилган.
Тадбиркор ўтган йили Россиянинг Людвиг Нобель номидаги мукофоти билан тақдирланган. 2005 йили таъсис этилган бу мукофот замонамизнинг ўз ишида катта ютуқларга эришган таниқли шахсларга ва инсоният олдида кўрсатган хизматлари учун топширилади.
Салим Абдувалиев 1997 йилдан бери Ўзбекистон спорт кураши ассоциацияси президенти. 2017 йили Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг вице-президенти этиб тайинланган.
У 1950 йили Фарғона вилоятининг Тошлоқ қишлоғида туғилган. Эркин кураш бўйича беш карра Ўзбекистон чемпиони. 2021 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози унвони берилган. Иқтисод фанлари номзоди.
Кўп йиллардан бери Ўзбекистондаги ёш курашчиларга ҳомийлик қилиб келади.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди