Қадам-бақадам: Қирғизистон-Тожикистон чегараларини аниқлаш ишлари давом этмоқда

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида икки давлат хавфсизлик хизматлари раҳбарлари яна учрашдилар.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Бўстон шаҳрида Қирғизистон-Тожикистон чегарасини аниқлаш бўйича икки давлат ҳукуматлари вакилларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Делегацияларга икки томондан ҳам миллий хавфсизлик хизматлари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов раҳбарлик қилишди.

Душанба куни, 16 октябрда бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш ишларини тезлаштириш, топографик ишчи гуруҳларнинг фаолиятига доир масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув чоғида Саймўмин Ятимов билан Қамчибек Ташиевлар яккама-якка музокаралар олиб бордилар, бироқ унда нималар ҳақида гаплашилгани ҳақида очиқ маълумот берилмади.

Сўнгги пайтда чегара масаласида икки давлат ўртасида ўзаро тушуниш ва ишчанлик муҳити шаклланиб, аввалда бўлиб келган айбловлар ва талашларга чек қўйилди. Ҳукуматлар вакиллари иштирокидаги бундай учрашув октябр ойи бошида Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида бўлиб ўтган ва ўшанда чегарада аниқланган 43 километр ерга алоқадор протокол имзолаган.

Ўшанда томонлар ушбу протокол амалга оширилса, тожик-қирғиз чегарасида можароларни келтириб чиқариб келган барча муаммолар ҳал қилинади, деб баёнот беришган.

Чегара масаласи Тожикистон президент Имомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровларнинг Душанба ва Бишкек шаҳарларида ўтган учрашувлари давомида ҳам муҳокама қилиниб, ўзаро ягона позицилар белгилаб олинган.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги қарийб 980 километрни ташкил қилади. 2020 йилгача бу чегаранинг 519 километри бўйича томонлар келишувларга эришган. Қолган ҳудудлар бўйича томонлар ўтган йили музокараларнинг оғир кечаётгани ҳақида баёнотлар беришган.

Марказий Осиёда энг нотинч ҳисобланган бу ҳудудларда аҳоли ўртасида сув ва ер борасида доим жанжаллар бўлиб келган. 2021 йил ёзида ва 2022 йилнинг кузида эса икки давлат чегарачилари ўртасида қисқа муддатли тўқнашувлар содир бўлган. Натижада ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлиб, минглаб тинч аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилган эди.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг