Фаластин-Исроил уруши: Дунёда қочқинлар сони яна миллион кишига кўпайди

Ниҳоят Фаластин давлатини барпо қилиш ҳақидаги чақириқлар тобора қаттиқроқ янграй бошлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигининг (UNRWA) маълум қилишича, 1 миллиондан ортиқ фаластинлик ўз уйини ташлаб Исроил армияси бомбардимон қилаётган Ғазо ҳудудидан қочишга мажбур бўлди.

Уларнинг 400 мингга яқини ички муҳожирлар бўлиб, UNRWA бинолари ва мактабларда бошпана топган. Бироқ бу биноларнинг кўпчилиги бомбардимон чоғида пана сифатида қўлланиши мумкин эмас.

Эслатиб ўтамиз, Исроил армияси ҲАМАС ташкилотини “ер юзидан супуриб ташлаш” бўйича амалиёт ўтказишини эълон қилиб, хавфли ҳудуднинг шимолий қисмида жойлашган Ғазо шаҳри аҳолисини у ердан чиқиб кетишга чақирди. Бунга жавобан ҲАМАС аҳолини уйини тарк этмасликка даъват қилди ва “Америка овози” нашрининг маълум қилишича, ғазоликларнинг кўпчилиги ўз уйини тарк этмасликка қарор қилган.

Шу вақтнинг ўзида, ҲАМАС матбуот хизмати Исроил Ғазодан жануб томон йўл олган машиналарга зарба берганини, натижада 70 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Исроил ҳарбийлари бу ҳақда сукут сақламоқдалар.

Бугунги кунгача ўтган ўн кун ичида, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил бомбардимонлари оқибатида камида 2800 фаластинлик ҳалок бўлиб, қарийб 11 минг нафари яраланган. Исроил ҳукуматининг сўнгги маълумотларига кўра, ҲАМАС ҳужуми натижасида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 155 киши гаров сифатида олиб кетилган.

БМТ Цахалнинг кўчиш ҳақидаги буйруғи ҳалокатли гуманитар оқибатларга олиб келишини айтиб, унинг сўзсиз бекор қилиниши кераклигини эътироф этган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҲАМАСни гаровга олинганларни ҳеч қандай шартларсиз озод қилишга чақирди.

БМТнинг Қочоқлар иши бўйича комиссарлиги тарқатган маълумотга кўра, 2023 йилнинг майига қарата дунё бўйича уруш ва таъқиблардан қочиб, ўз уйини тарк этган одамлар сони 110 миллиндан ошган. Улардан 36 миллиони бошқа давлатлардан паноҳ топган, қолгани ўз юртлари ҳудудида қочиб юришга мажбур.

Қочоқлар сони Россия-Украина уруши бошлангач ва Суданда аланга олган уруш натижасида кескин ортган. Аниқроғи 19 миллион кишидан кўпроққа ошган бўлиб, улардан 11 миллиони украиналиклардир. Қолгани Конго, Эфиопия ва Мьянма давлатларидаги можаролар туфайли қочганларга тўғри келади.

Қочқинлар сонининг кескин ўсиб кетиши сабабли БМТ комиссарлиги умумий сони юз мингдан ошган қочқинларни жойлаштириш бўйича иш услубини ўзгартириш кун тартибига чиққанини маълум қиди.

Қочоқлар иши бўйича бош комиссар Филиппо Грандининг айтишича, қочоқларни ғарбнинг бой давлатлари эмас, балки асосан Осиё ва Африканинг ўртача ва паст даромадли ўлкалари қабул қиладилар. Ғарб давлатлари эса тўқнашувлар содир бўлган жойлардан ўз фуқароларини олиб чиқиб кетишгач, улардаги нашрлар ҳатто бу фожиали воқеалар ҳақида хабарлар ҳам бермай қўядилар.

Гранди шуни ҳам маълум қилдики, дунё бўйлаб энг кўп қочоқларни қабул қилган давлат Туркия бўлиб, бу ерда ҳозир асосан Сириядан қочган 3,8 миллион қочоқ бошпана топган. Ундан кейин Эрон бўлиб, бу давлат ҳукумати 3,4 миллион (аксарияти Афғонистондан) қочоқни ўз паноҳига олган.

Шу вақтнинг ўзида ғарб давлатлари уруш ўчоқларини ўчириш ҳақида унчалик бош қотирмаётгандек тасаввур қолдиради. Масалан, АҚШ президенти Жо Байден Фаластин-Исроил урушида Исроилни қўллашини ошкора маълум қилиб, эндиликда ҲАМАС ташкилотининг тўла тугатилиши кераклиги айтмоқда. Исроилнинг мақсади ҳам шу.

Бугунги кунда АҚШ бошлиқ бир қатор давлатларда террористик ташкилот деб тан олинган ҲАМАС Фаластиндаги Исроил босқинига қарши турган ёлғиз куч бўлиб турибди. Бугунги кунда Ғазо – Исроилнинг БМТ қарорларига қарамай, қадам-бақадам босиб келаётган Фаластиндан қолган ёлғизгина эркин ҳудуд бўлиб, унинг узунлиги 50, эни 12 чақиримни ташкил қилади, холос.

Бирлашган миллатлар ташкилоти, Хитой ва Россия каби яна ўнлаб давлатларнинг БМТ қарори асосида Фаластин давлатини барпо қилиш лозимлиги ҳақидаги баёнотларидан кейин Байден ҳам шундай давлатни “ташкил этиш йўлларини излаш лозимлигини” айтди. У Исроил томонидан Ғазонинг босиб олиниши катта хато бўлишини таъкидлади. Балки шунга мажбур бўлди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг