Қамчи Кўлбаевнинг йўқ қилиниши: Қамоққа олишлар давом этмоқда

Бир неча кун ичида қирққа яқин шахс қамоққа олиниб, улар орасида таниқли ишбилармонлар ҳам бор.

Қирғизистон Грек-рим кураши федерациясининг вице-президенти Ахрор Иминов марҳум криминал Қамчи Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳини молиялашда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 11 октябрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) билдирди.

«У юкларни ташиш ва логистика бўйича бир қанча компанияларнинг фаолиятида қатнашиб, улардан уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг умумий кассасига “солиқ” деб аталган нарсани (тахминан фойданинг 30%ни) йиғишда иштирок этгани аниқланди», — дейишди махсус хизматдан.

Иминовга «Уюшган жиноий гуруҳ тузиш ёки унда қатнашиш» моддаси билан иш қўзғалиб, Бишкек шаҳар милициясининг вақтинча сақлаш жойига киритилди. У яқинда Сербияда ўтган кураш бўйича жаҳон чемпионатида Қирғизистон расмий делегацияси сафида иштирок этиб келган эди.

Эслатиб ўтамиз, 4 октябрда Қирғизистон ва Марказий Осиёда таниқли жиноий гуруҳ раҳбарларининг бири бўлган “қонундаги ўғри” Қамчи Кўлбаев МХДҚнинг қўлга олиш операцияси вақтида ўлдирилган. Шундан сўнг унинг жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулкини қонунлаштиришда иштирок этган жиноий гуруҳнинг 40 дан ортиқ фаол аъзолари ва етакчилари қўлга олинди.

Кўлбаев ўлдирилгандан кейин ижтимоий тармоқларда жиноий гуруҳ аъзоларининг бир неча машҳур вакиллари жиноий фаолиятларидан бош тортиб, энди қонунга амал қилиб яшашга қарор қилганларини айтиб чиқишди. Улардан айримлари қамоққа олинди.

Сал аввалроқ, 7 октябрга ўтар кечаси эса Бишкекдаги машҳур «Мадина» бозорининг эгаси, собиқ депутат Турсунтай Салимов ҳам Кўлбаевнинг жиноий гуруҳини молиялашга ва бир неча оғир жиноятларда айбланиб, МХДҚ томонидан қўлга олинган эди. Биринчи май тумани суди уни 4 декабргача қамоққа олди.

Таниқли ишбилармон, 67 ёшли Турсунтай Салимов 1990-йиллар бошида Бишкекдаги Мадина бозорига асос солган, 5-чақириқ Жўғорқу Кенеш депутати бўлган.

“Салимов [Қамчи] Асанбек ва унинг жиноий гуруҳи фаолиятига доимий ҳомийлик қилган. Салимов шунингдек, уюшган гуруҳ аъзоларининг моддий аҳволини сақлаш ва уларнинг қамоқдаги шароитларини яхшилаш мақсадида аҳлоқ тузатиш муассасаларига доимий равишда “илиқлаш” (моддий ва молиявий ёрдам кўрсатиш. – таҳр.) ишларини олиб борган”, – дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.

Тергов маълумотларига кўра, собиқ депутат вақти-вақти билан «рақобатчиларни ва бошқа шахсларни қўрқитиш, уларнинг мол-мулки ва бизнес лойиҳаларини таъқиб қилиш ва эҳтимол мусодара қилиш» учун жиноят олами раҳбарлари билан алоқаларидан фойдаланган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Салимовга нисбатан 261-модда (“Уюшган гуруҳ тузиш ёки унда иштирок этиш”) билан айбланганини тасдиқлади. “Кактус.медиа” нашри тарқатган видеода Салимов суд залида Кўлбаев билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, фақат у билан қўшни яшаганини айтди.

“У билан менинг орамизда умумий нарса йўқ, мен ундан 18 ёш каттаман. Мен нафақага чиққанимдан кейин бизнес билан шуғулланмадим. Бизнинг умумий бизнесимиз ҳам йўқ”, – деди Салимов видео муаллифига.

Салимовнинг марҳум Кўлбаев билан қуда экани ҳам маълум.

Суд қарорига кўра, Салимов икки ой муддатга – тергов давомида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторига юборилиши керак эди. Бироқ суд залида унинг аҳволи ёмонлашиб, тез ёрдам машинаси билан касалхонага еткизилган. Шифохонада кўрикдан ўтказилгач, юрак хасталикларига мослашган «Бикард» хусусий клиникасига олиб кетилган ва у ерда кузатув остида қолдирилган.

Бу орада, 10 октябр куни Бишкекдаги «Элит Хаус» қурилиш компанияси асосчиси Тимур Файзиев ҳам қўлга олинган. Тадбиркор МХДҚга сўроққа чақирилган, шундан сўнг суд ҳукми билан 6 декабргача Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди.

Тимур Файзиевнинг қайси жиноий иш юзасидан ҳибсга олингани ҳозирча маълум эмас.

Аввалроқ, 2021 йилнинг май ойида уни жиноий жавобгарликка тортишга уринишлар бўлган эди. Тимур Файзиев Бишкекдан ташқарида бўлгани учун қидирувга берилган. У пойтахтда ер участкаларини олиш борасидаги коррупцияга шерикликда гумон қилинган эди. Кўп ўтмай, давлат ҳисобига 2 миллион доллар пул ўтказгач, жавобгарликдан озод қилинган эди.

Эртаси куни Кўлбаевнинг иши доирасида 53 ёшли ишбилармон Олег Подобедов ҳибсга олинди. Унинг уйини тинтув қилиш чоғида ўқ отувчи қурол патронлари, турли ҳил ҳужжатлар топилган. Унинг барча фирмаларининг иши текширила бошлади.

Сал аввалроқ яна бир ишбилармон, машҳур “Kaganat Resort” ва «Аврора групп» дам олиш ширкатларининг ҳамтаъсисчиси Азрет Бўўтаев ҳам қўлга олиниб, ҳибсга ташланди.

Кеча, 11 окбярда эса Божхона хизмати бошлиғининг ўринбосари Замирбек Қарашевнинг қўлга олингани хабар қилинди. Унга қандай айблов қўйилгани ҳозирча очиқланмади.

Кўлбаевнинг ўлимидан сўнг МХДҚ бошчиси Қамчибек Ташиев уюшган жиноий гуруҳларнинг аъзоларига, уларнинг орасида Кўлбаевнинг шерикларига мурожаат қилиб, «агар кимдир бош кўтарадиган бўлса, қонун доирасида жазоланади» деб огоҳлантирган.

Ташиев уюшган жиноий гуруҳларнинг аъзоларига, махсус операцияда йўқ қилинган Қамчи Кўлбаевнинг яқинларига ўлкада энди “қонундаги ўғрилар” бўлмаслиги кераклигини айтиб, янги лидер сайлашга, гуруҳ тузишга ҳаракат қилганлар қаттиқ жазоланиши ҳақида огоҳлантириб, мурожаат қилган.

Қамчи Кўлбоев уюшган жиноий гуруҳ раҳбари сифатида Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида рўйхатга олинган. 2012 йилда Қўшма Штатлар Кўлбаевни энг йирик “наркобарон”лар рўйхатига киритган. Кейин, 2014 йилда АҚШ Давлат департаменти Кўлбаевнинг жиноий гуруҳи ҳақида маълумот бергани учун 1 миллион доллар мукофот эълон қилди. Унинг ўзи 2017 йилда махсус «қора рўйхат»га киритилган.

АҚШ “Кўлбаевнинг жиноий гуруҳи “Биродарлар доираси” халқаро жиноий ташкилотининг бўлими эканлигини таъкидлади. 2021-йил март ойида АҚШ Давлат департаменти Қамчи Колбаевнинг ҳибсга олиниши ва судланишига олиб келадиган, шунингдек, «Биродарлар доираси» халқаро жиноий ташкилоти “унинг жиноий ташкилотининг молиявий схемаларини йўқ қилишга” ёрдам берадиган маълумот учун мукофот миқдорини 5 миллион долларгача оширган эди.

Қирғизистон махсус хизмати олиб борган ишлар натижасида ҳеч қаерда ишламаган Қамчи Кўлбаевнинг тўплаган мол-мулки нархининг 1 миллиард доллар атрофида экани аниқланган. Улар орасида катта ҳажмдаги қурол-яроғ, ўнлаб кўчмас мулк, жумладан юзлаб квартиралар, нақд пул, қимматбаҳо автомашиналар ва ҳоказолар бор. Бу мулкларни давлат тасарруфига олиш бўйича ишлар олиб бориляпти.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг