Яқин Шарқ яна аланга ичида: Фаластин – Исроил уруши нимани англатади?

Кутилмаганда бошланиб кетган Фаластин ва Исроил уруши оқибатида минглаб одамлар ўлди ва яраланди.

Бутун дунё ҳамжамиятининг ҳаёти Россиянинг Украинага қарши уруши оқибатларида танглашиб бораётган бир вақтда Яқин Шарқдаги доимий уруш ўчоғи яна аланга олди. Юзлаб қурбонлар бўлаётган бу уруш Россия-Украина урушини иккинчи даражага тушириб қўйди. Жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборига энди ўша ёққа қаратилди.

Тўрт кундан бери давом этаётган Фаластин ва Исроил уруши оқибатида ўлганлар сони 1200га, яраланганлар эса 5 мингга яқинлашди.

ҲАМАС ташкилотининг кутилмаганда берган ракета зарбалари натижасида Исроил томондан ўлганлар сони 700 кишига етди. Улар орасида Украина, Литва, Британия, Германия, Франция ва АҚШ фуқаролари борлиги айтилмоқда. Бу давлатлар ҳалок бўлганлар тўғрисидаги маълумотларни ўрганаётганини маълум қилди.
Исроил полицияси ҲАМАС билан урушнинг биринчи кунида 30 ходими, армия эса 44 аскар ҳалок бўлганини билдирган эди. Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, яраланганлар сони 2250 кишига яқинни ташкил қилмоқда, улардан 338 нафарининг аҳволи оғир.
ҲАМАС эса Ғазо ҳудудида 436 фаластинлик, жумладан, 78 ёш бола ҳалок бўлганини хабар қилди. У ерда 2300 киши яраланган, улардан 213 нафари бола.

Ўтган шанба, 7 октябрь куни ҲАМАС ташкилоти Исроилга қарши ўзининг сўнгги 50 йилдаги энг йирик деб баҳоланган ҳужумини бошлади. Минглаб ракетаси билан Исроилга зарба бериб, Исроил жанубига кирган ва ўнлаб исроилликни асир олди. ҲАМАС лидерлари буни «тоқатлари тоқ» бўлгани билан изоҳлади.

ҲАМАС ташкилоти Фаластиннинг Ғазо ҳудудида тузилган ташкилот бўлиб, мақсади – Исроил томонидан зўрлик ва бошқа йўллар билан босиб олинган ерларни унинг туб аҳолиси бўлган фаластинликларга қайтариш. Бу ташкилотни АҚШ бошлиқ ғарб давлатлари террористик ташкилот деб ҳисоблайди. Лекин ҳаммаси эмас, масалан, Швейцария уни террорчилар қаторига қўшмайди. Мусулмон (асосан араб) давлатлари эса, бу ташкилотнинг адолат курашаётганини эътироф эътадилар.

Салкам 80 йил аввал БМТ қадимий Фаластинда икки давлат барпо қилиш ҳақида қарор қабул қилган, аммо маҳаллмй аҳолининг Фаластин давлати ҳамон тан олинмай келади. Исроил эса бу ерларни қадам-бақадам эгаллаб келиб, бугунги кунда Фаластиндан асар ҳам қолмаган. Мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳ-ибодатхоналари ичида иккинчи ўринда турадиган Ал-Ақсо масжиди ҳам Исроил ҳудудида қолиб кетган ва мусулмонларнинг у ерга бемалол кириб-чиқишларига йўл қўйилмайди.

ҲАМАСнинг кутилмаган ҳужуми қаршисида эсанкираб қолган Исроил бунга жавобан Ғазога қарши ҳаво ҳужумларини бошлади. Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху мамлакатни «уруш ҳолати»да эканини эълон қилган. У Ғазони бошқарувчи ҲАМАСнинг бу ҳужуми учун «мислсиз ҳақ» тўлашини ҳам айтди.

Исроил Ҳаво кучларининг маълум қилишича, ўтган тунда Ғазодаги 500 дан ортиқ объектга зарба берилган. Исроил бу ҳудудни тўла назорати остига олиш ниятида. Шу ниятда Ғазога электр энергияси, ёқилғи ва турли маҳсулотлар таъминотини кесиб қўйишга қарор қилган.

Исроил ва Миср 2007 йилдан буён бу ҳудудни шундоқ ҳам қамал қилиб келади, бунинг сабабини ўз хавфсизликлари билан изоҳлашади.

Золим киму, мазлум ким?

ҲАМАС Исроилда ушланган аёлларни фаластинлик маҳбусаларга алмашишга рози бўлган. Ушбу келишув Қатар воситачилиги ва АҚШ кўмагида амалга оширилаётгани айтилмоқда.

Расмий хабарга кўра, Исроил қамоқхоналарида жами 36 нафар фаластинлик маҳбуса бор. Маълум бўлишича, ҲАМАС ушбу маҳбусларнинг барчасини озод қилишни режалаган.

Шунингдек, ҲАМАС гаровга олинган исроилликлар рўйхатини эълон қилиши мумкинлиги ҳам маълум қилган. Ҳозиргача 750 исроиллик бедарак. Улар ҲАМАС томонидан гаровга олинган бўлиши эҳтимол. Сўнгги маълумотларга қараганда ҲАМАС гаровга олган одамлар орасида юзга яқин чет эл фуқаролари ҳам бор.

БМТ маълумотларига кўра, Фаластин ва Исроил ўртасидаги тўқнашув бошланганидан бери Ғазо секторида 123 мингдан ортиқ одам Ғазо секторида “асосан қўрқув, хавфсизлик хавотирлари ва уйларининг вайрон бўлгани сабабли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Роббимов, Фаластин ва фаластинликларни Исроил урушида мазлум эканлигини айтади.

“Террор – бу қўрқув манбаи. Ким куч ишлатиш орқали ўз сиёсатини амалга оширса, шу террорист бўлади. 70 йилдирки, яҳудлар Фаластинни шаҳарма-шаҳар, маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй эгаллаб олишмоқда. Исроил – террорни, қўрқитишни асосий восита сифатида ишлатадиган давлат. Бошқа томондан, инсоният яҳудларнинг давлатини ҳам кўриб, хулоса қилиб бораяпти”, дейди Роббимов.

Исроил – яҳудларнинг давлати сифатида, 1947 йилда пайдо бўлган. Шундан бери ўтган давр ичида Исроил ва араблар ўртасида жуда кўп уруш бўлган, аниқроғи бу уруш тинмаган. Дунё давлатлари, асосан АҚШ ва Европа Исроилнинг ноҳақлигини била туриб, унга қарши чора кўришда “ожизлик” қилмоқдалар.

Лекин араблардан бу сафаргидай тайёргарлик ва кескин ҳужумни нафақат Исроил, балки минтақадаги бошқа ўлкалар ҳам кутмаган бўлиши мумкин. Шунингдек бу ҳужумнинг бу қадар кутилмаганда бошланиши ҳам шубҳа туғдиради. Яъни, бу уруш ҳам катта давлатларнинг бир ўйини экани аниқ.

“Бу лойиҳага дунёдаги қайси ҳокимият марказлари қўл урганлигини аниқ айтиш қийин, лекин, дунёда янги ўйин бошланаяпти. Ҳали Украина уруши бир ёқли бўлмасдан, янги уруш маркази очилди. Асосий кузатилиши керак бўлган давлатлар Эрон, Саудия, Туркия, қолаверса, АҚШ, Россия ва Хитой. Кузатамиз”, дейди сиёсатшунос.

Маълумки, яқин кунларда Саудия Арабистони ва Исроил тинчлик ҳақида битим имзолашлари кутилаётган эди.

“Вашингтон пост” манбасига кўра, Исроил ҳукумати АҚШдан “Темир гумбаз” ракетага қарши мудофаа тизими учун тутувчи ракеталар, шунингдек, кичик диаметрли бомба ва пулемёт ўқ-дориларини қайта таъминлашда ёрдам сўраган.

Нашрнинг қайд этишича, жуда кучли армия ва замонавий қурол-яроғларга эга бўлган Исроил ҳукумати шу тариқа, агар жанглар узоқ давом этса, ўз қуролли кучларини ҳимоя даражасини оширишга ҳаракат қилмоқда, деб ёзади газета.

Вашингтон Пост газетаси ўз манбаларига таяниб, шунингдек, Исроил АҚШдан икки давлат разведка хизматлари ўртасида яқинроқ ҳамкорлик қилишни сўрагани ҳақида хабар берди. Исроил разведкаси ҳозирда Ливан жанубидаги ҲАМАС каби террорчи деб тан олинган “Ҳизбуллоҳ” жангариларининг фаолиятини диққат билан кузатиб бормоқда ва Қўшма Штатлар минтақадаги вазият ва гуруҳ фаолияти ҳақида батафсилроқ маълумот олишга ёрдам беради, деб умид қилмоқда.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил АҚШдан ёрдам сўрагани ҳақида маълум қилган, бироқ у қандай ёрдам кўрсатилишига аниқлик киритишдан бош тортган эди.

Фаластин ҳукумати ҳам араб давлатларини Исроилга қарши курашда бирлашишга даъват этган. Эрон Фаластинни қўллаб-қувватлашини эълон қилган. Туркия президенти Эрдоғон эса, можарони тинч йўл билан ҳал этишга чақирган. Бошқа араб давлатлари ҳозирча ўз позицияларини ошкора эълон қилганлари йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг