XIX ёзги Осиё ўйинлари: Қирғизистон курашчилари яна ғолиблар шоҳсупасида

Хитойда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган спортчиларнинг ярмидан кўпи курашчилар бўлди.

Қирғизистон терма жамоаси Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган XIX ёзги Осиё ўйинлари натижаларига кўра медаллар ҳисобида 18-ўринни эгаллади. Унда мамлакат шарафини 162 нафар спортчи ҳимоя қилиб, спортнинг 23 тури бўйича беллашдилар.

Қирғизистон Республикаси миллий терма жамоаси ҳисобида 15 та медал – тўртта олтин, иккита кумуш ва тўққизта бронза бор. Ушбу Осиё ўйинлари қирғизистонлик спортчилар учун аввалгиларига қараганда натижалироқ бўлди. Масалан, 2018 йилги Осиё ўйинларида мамлакат терма жамоаси 20 та медални қўлга киритган бўлсада, 22-ўринни эгаллаган эди.

Ундан аввалроқ, 2014 йилги ўйинларида Қирғизистон терма жамоаси бор-йўғи олтита совринни қўлга киритганди.

Бу сафар қирғизистонлик дзюдочи тарихда илк бор Осиё ўйинлари финалига чиқиб, олтин медални қўлга киритди. Бу тарих варағини Эрлан Шеров очиб берди.

Таниқли спортчилар Ақжол Маҳмудов, Жўламан Шаршенбеков ва Айпери Медет қизи ҳам олтин медал соҳибига айланди. Улар яқинда ўтган кураш бўйича жаҳон чемпионатида ҳам ана шундай юқори натижаларни кўрсатган эдилар.

Курашчилар энг юқорида

Терма жамоа олган 15 совринли ўриндан саккизтасини курашчилар эгаллади. Ўйинларга Қирғизистондан уч нафар курашчи қиз йўл олди ва уларнинг барчаси шоҳсупага кўтарилди.

Айсулуу Тинибекова финалга чиққан 2018 йилги натижасини такрорлай олмади ва бу сафар бронза медали билан кифояланди. Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда машҳур спортчи финалда мўғулистонлик рақибига ютқазиб қўйганди.

Аммо кейинроқ маълум бўлишича, Осиё ўйинларида Ўрхон Пуревдорждан олинган допинг намунасида тақиқланган “Станозолол” препарати топилган. Уни олтин медалидан маҳрум қилишган. Бу эса автоматик турда Айсулуунинг чемпион бўлганини билдиради.

Қирғизистонлик жаҳон чемпиони ўша ўйинлар давомида 1/8 финалда Таиланд спортчисини 14 сонияда елкаларини ерга михлаб қўйган эди.

Қирғизистон аввал ҳам Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида олтин медаллар бўйича янги рекорд ўрнатган. Аввалги рекорд 2018 йилги Осиё ўйинларида бўлган – ўшанда Тўрохон Бағинбай ўғли (жиу-жицу), Даря Маслова (енгил атлетика) ва Айсулу Тинибекова (кураш) энг юқори даражадаги медалларни қўлга киритган эдилар.

Чемпионлар тақдирланди

Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров Осиё ўйинларидан совринли ўринлар билан қайтган спортчиларга пул мукофотларини топширди.

Олтин медал соҳиблари Эрлан Шеров (дзюдо), Ақжўл Маҳмудов, Жўламан Шаршенбеков (юнон-рум кураши) ва Айпери Медет қизига (хотин-қизлар кураши) 1 миллион 250 минг сўмлик сертификатлар топширилди.

Кумуш медални қўлга киритган Адилет Шадиқанов (каратэ) ва Нурзат Нуртаева (аёллар кураши) 750 минг сўмдан пул мукофоти билан тақдирландилар.

Бронза медали соҳиблари: Айсулуу Тинибекова (аёллар кураши), Раззақ Бейшекеев  (юнон-рум кураши), Авазбек Аманбеков, Темирлан Аманқулов (хотин-қизлар кураши), Сардане Трофимова (марафон),  Қимбат Тўйтўнова (каратэ), Ўрўзўбек Тўқтўмамбетов ва Аяал Лазаревлар (эркин кураш) 500 минг сўмдан мукофот олишди.

Бундан ташқари, спортчиларнинг мураббийларига ҳам пул мукофотлари топширилди.

Бошқаларда натижа қандай бўлди?

Албатта ҳамма нарса таққослашда яхшироқ кўринади. Бошқа давлатларга солиштирсак, албатта, Қирғизистон спортчиларининг кўрсаткичлари янада яхшироқ бўлиши мумкин ва лозим эканини кўриш мумкин. Масалан, Марказий Осиё минтақаси давлатларидан Ўзбекистон терма командаси 71 дона медални қўлга киритдилар. Улардан 22 олтин, 18 кумуш ва 31 донаси бронза медаллар. Қозоғистон спортчилари 80 медални қўлга киритдилар, лекин уларнинг олтин медали бўлгани 10 дона, қолгани (22) кумуш ва (48) бронза медалларидир.

Мусобақаларнинг мезбонлари бўлган хитойлик спортчилар медаллар сони бўйича биринчи ўринни эгаллашди. Улар жами 383 (201, 111, 71) медални ўзларида олиб қолган бўлсалар, японияликлар 188 (52, 67, 69), кореяликлар эса 190 (42, 59, 89) дона медални ўзлари билан олиб кетдилар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интенетдан олинди

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг