Навбатдаги саммит: Бишкекда Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарлари йиғиладилар

Ташкилотга бўлган қизиқиш сақланиб қоладими, ёки саммит уни тарқатиш сари бир қадам бўладими?

Келаси ҳафта, 13 октябр куни Бишкекда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев маълум қилди. Маълумки, бу йил ташкилотга Қирғизистон раислик қилмоқда, ва саммит ҳам унинг раислигида ўтади.

«Тадбир давомида МДҲ давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинади”, – деди Азимбакиев.

Ҳозирча унинг кун тартиби очиқлангани йўқ. Одатда бу доирадаги учрашувлар доимий равишда ҳамкорлик ҳақидаги умумий гаплар билан ўтади. Қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши эса сурункали эътирозларга сабаб бўлади.
Ана шу саммит баҳонасида Россия президенти Владимир Путин 12 октябр куни Қирғизистонга расмий ташрифи ҳам бўлиб ўтиши маълум бўлди. Аввалроқ бу ташрифнинг 15 октябрда бўлиши айтилган эди.
Икки ўлка президентлари Садир Жапаров ва Владимир Путиннинг ўзаро музокаралари чоғида давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида гап бўлади.
Азимбакиевнинг қўшимча қилишича, Жапаров ва Путин Бишкек яқинидаги Қант шаҳрида жойлашган Россия авиация базасининг 20 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этадилар.

База мамлакат пойтахтидан 20 чақирим нарида жойлашган бўлиб, унда 500 атрофида Россия ҳарбийлари хизмат қилишади. У ерда замонавий Су-25СМ самолётлари, Ми-8МТВ5-1 тик учоқлари ва учувчисиз бошқарилувчи БпЛА «Орлан-10» дронлари борлиги айтилади.
МДҲ 1991 йилнинг декабрида Россия, Украина ва Беларус томонидан тузилган бўлиб, бу собиқ СССРнинг расман тарқатилишини англатган. Кейинроқ ташкилотга собиқ совет республикаларидан 12 нафари кирган. Кейинроқ ундан Грузия ва Украина чиқиб кетишган.

Ташкилот тузилганига 30 йилдан ошгани, бу орада ўнлаб жуда жиддий қарор ва ҳужжатлар қабул қилинган бўлсада, мустаҳкам, самарали иш олиб борадиган уюмга айланмади. Кейинроқ ана шу давлатларнинг айримлари иштирокида КХШТ, Евроосиё Иттифоқи каби ташкилотлар тузилган. Уларнинг самарадорлиги борасида ҳам ташкилотлар аъзолари орасида кўплаб эътирозлар мавжуд.

Охирги пайтда бу ташкилотларга аъзо бўлган Марказий Осиё давлатлари ўзларининг АҚШ, Хитой, Ҳиндистон каби йирик давлатлар ҳамда Европа Иттифоқи билан алоқаларни жонлантириб, кўп томонлама сиёсат юритишга интилишлари кучайди. Россия-Украина уруши фонида ушбу давлатлар, турли халқаро бирикма ва  ташкилотлар ҳам минтақага қизиқишлари ортганини намоён қилмоқдалар.

МДҲ ташкилотига кирган давлатлар раҳбарларининг саммити йилига бир марта ўтказилади ва ташкилотга раҳбарлик шу муддатда алмашиб туради. Ўтган йили Қозоғистоннинг пойтахти Астана шаҳрида бўлиб ўтган саммитда раислик Қирғизистонга ўтган эди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг