Қирғизистон: Айрим депутатларга ҳалиям Россиянинг намунаси тинчлик бермаяпти

Парламент депутатлари энди “ҳорижий вакиллар” ҳақида қонун қабул қилиш ҳаракатига тушишди.

Жўғўрқу Кенешнинг Ҳуқуқ-тартибот, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси “Ҳорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Мазкур қонун лойиҳаси бу қўмита муҳокамасига расман 19-сентябр киритилган, лекин кворум бўлмагани учун қаралмай қолган эди.

Йиғилиш аввалида нотижорат ташкилотларни бир томонлама қоралаган саккиз дақиқалик видеоролик намойиш этилди. Сўнг ҳужжат муаллифи, депутат Надира Нарматова маъруза қилиб, унда нодавлат нотижорат ташкилотларини (НТТ) назорат қилиш кераклигини, уларнинг шаффоф ишлаши зарурлигини айтиб, мамлакатда ҳокимият алмашиши билан якунланган воқеаларга улар ҳам ҳисса қўшган деган фикрини билдирди.

Муҳокама чоғида юрист Таттубубу Эргешбаева Нарматованинг гапларини рад этди. У

НТТларнинг амалдаги қонунлар асосида Солиқ хизматига, Ижтимоий фонд ва Статистика қўмитасига расмий ҳисобот тақдим этишларини эслатди. Бундан ташқари улар алоҳида очиқ ҳисоботларни тақдим этадилар.

“…Деярли барча нотижорат ташкилотларнинг ҳисоб-китоблари нақд пулсиз шаклда, банк орқали амалга оширилади. Буларнинг барчасини Молиявий разведка хизмати яқиндан кузатиб боради. Агар қонун бузилишлар бўлса,  жиноий жавобгарликка тортишгача боришади”, деди Эргешбаева.

Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи “Феномен” жамоат фонди раҳбари Тўлқунбек Исақов мазкур қонун лойиҳасида сиёсий ва ижтимоий нотижорат ташкилотлари биргаликда кўриб чиқилиши, ҳужжатга кўра, унинг ташкилоти ҳам хорижий агент сифатида тан олиниши мумкинлигини айтди.

“Ҳар йили ўртача ҳисобда 400-500 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз. 2001 йилдан буён биз 10 мингдан ортиқ фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатдик”, – дейди Тўлқунбек Исақов, қонун лойиҳаси дастлаб концепцияда нотўғри бўлганини қўшимча қилиб.

Бунга Надира Нарматова аксинча, ушбу қонун лойиҳаси нотижорат ташкилотларини уларнинг фаолиятига қараб ажратишини маълум қилди.

“…Барча нотижорат ташкилотлар “хорижий вакиллар” ҳисобланмайди. Мақом фақат суд қарори билан белгиланади”, – деди у.

Ўз фаолияти учун Қирғизистон ташқарисидан маблағ олаётган нотижорат ташкилотлар ва фуқароларни “хорижий агентлар” (аҳоли онгида бу “жосуслар” деб қабул қилинади. – таҳр.) деб аташга қаратилган қонун 2013-2014-йилларда таклиф қилинган. Кўп йиллик муҳокамадан сўнг охири бу лойиҳа рад этилган эди. Уни таклиф қилган ўша депутатлар ҳозир парламентда йўқ ҳисоби. Қонуннинг собиқ муаллифларидан бири, депутат Надира Нарматова лойиҳадаги асосий иборани “хорижий вакил” деб ўзгартириб, 2022-йилда қайта таклиф қилган.
Дастлаб Нарматова ҳужжатнинг ягона муаллифи сифатида кўрсатилган, кейинроқ 32 депутат ташаббускор сифатида қўшилган. Жамиятдаги қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг уларнинг бир қисми муаллифликдан воз кечишди. Улар буни ҳужжатда ҳаддан ташқари чекловлар қўйилгани билан тушунтиришган.

“Адилет” юридик клиникаси Нарматова таклиф қилган қонун лойиҳасини ўрганиб чиқиб, унинг Россияда амал қилаётган “Чет эл агентлари тўғрисида”ги қонунга 98 фоиз ўхшашлигини аниқлади.

Бунгача 120 нотижорат ташкилотлари парламент қўмитаси раиси Суюнбек Ўмурзақовга мурожаат йўллаб, мазкур қонуннинг “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонундан фарқи йўқлигини, фақат “агент” сўзи “вакил” сўзи билан алмаштирилгани, агар у қабул қилинса, бу нафақат фуқароларнинг эркинлиги ва ҳуқуқларига, балки ижтимоий тармоқ ва иқтисодиётга ҳам зарар келтиришини таъкидлашган.

Бугунги кунда Россияда инсон ҳуқуқлари ва бошқа ижтимоий муаммолар билан шуғулланган нотижорат ташкилотлар ва фаоллар, ҳатто таниқли жамоат, санъат, спорт ва бошқа соҳа арбобларига ҳам обрўни ерга урувчи “чет эл агентлари” мақоми берилмоқда. Уларнинг кўпчилиги фаолиятларини тўхтатиб, чет элларга кетишга ҳам мажбур бўлишмоқда.

Айниқса Россия-Украина уруидан кейин кучайди. Бу урушга қарши чиққанларнинг ҳаммасига “агент” тамғаси босилмоқда. Улар орасида таниқли ҳажвчи Максим Галкин, Лия Ахеджакова каби таниқли санъаткорлар бор. Россия эстрадасининг энг йирик намояндаси Алла Пугачёва ҳам эри Максим Галкиннинг ортидан Исроилга кетишга мажбур бўлди.

Мурожаатда қонун лойиҳасида демократия тамойилларига қарши бўлган бир қатор камситувчи меъёрий-ҳуқуқий моддалар мавжудлиги, улар мамлакат Конституциясига зид экани, давлат органларига ўзларига ёқмайдиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳохлагандай йўл билан фаолиятини тугатиш имконияти берилиши, аҳолининг муҳим ижтимоий эҳтиёжларини ҳал этишга ҳисса қўшаётган ташкилотлар ишига ҳам тўсқинлик қилиши айтилган.

Ушбу қонун лойиҳаси юзасидан Олий суд ва Бош прокуратура салбий хулосалар беришган. Бу ҳақда депутат Русланбек Жақишов парламентнинг тегишли қўмитаси йиғилишида маълум қилди.

Олий суднинг фикрича, ҳужжат моддалари ҳуқуқий аниқлик тамойилига мос келмайди. Бу бу турли ҳуқуқий муаммоларга, ҳатто Конституциянинг умумий тамойилларини бузишга олиб келиши мумкин. Бош прокуратуранинг хулосасида Жиноят кодексига янги моддалар киритишга ҳожат йўқ экани таъкидланади.

Лекин Надира Нарматова қатор муҳокамадан сўнг Олий суд ҳам, Бош прокуратура ҳам лойиҳани қўллаб-қувватлаб, ижобий хулоса беришганини даъво қилди.

“Адилет” юридик клиникаси ва “Бир дунё Қирғизистон” ҳуқуқ ҳимояси ҳаракати юристлари букаби ҳуқуқий ташаббуслар фуқаролик секторини тугатишга олиб келишини айтишди. Лекин уларнинг мулоҳазалари эътиборга олинмади.

Ҳозирда Қирғизистон фаоллари ушбу қонуннинг қабул қилинишига қарши имзо тўпламоқдалар.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг