Германия – Марказий Осиё саммити: интеграция, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари

Европа Иттифоқи минтақада Россия ва Хитойнинг таъсирини камайтиришга интилмоқда.

Берлинда 29-сентябр куни ўтган Германия-Марказий Осиё саммити сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирувчи ҳаракатлар билан қаршиланди.

@anonym.kg♬ original sound – Mustafa ✅

Германия канцлери Олаф Шольц Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарлари: Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Халқ кенгаши раиси Ғурбанғули Бердимуҳамедов билан учрашди.

 

Саммит эрталаб Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Берлиндаги Бельвю қароргоҳида нонушта билан бошланди.

Суҳбатда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок иштирок этди.

Қирғизистон музликларга эътибор қаратди

Учрашувда Қирғизистон президенти Садир Жапаров товар етказиб бериш, савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш масалаларига эътибор қаратди. У энергетика ресурсларини қўллаб-қувватламасдан туриб, иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, саноатни ривожлантириш, инфратузилмани яратиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, Жапаров сармоядорлар ва халқаро ҳамкорларни минтақада қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқариш ва бошқа “яшил”, яъни атроф-муҳитга зарар қилмайдиган лойиҳаларда иштирок этишга таклиф қилди.

“Бугунги кунда табиатга бефарқ муносабатда бўлиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари алоҳида устувор аҳамият касб этмоқда. Дарҳақиқат, биз иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини аллақачон ҳамма жойда кўриб турибмиз”, деди Жапаров.

У музликлар камайиб бораётганини ҳам таъкидлаб, бу бутун Марказий Осиё учун жиддий ижтимоий, иқтисодий ва экологик оқибатларга олиб келишини урғулади. Шу боис музликларни сақлаб қолиш учун барча Марказий Осиё давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида эътироф этди.

Президент Жапаров халқаро ҳамжамият бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда Марказий Осиёга эътибор қаратаётганини таъкидлаб, бу иқтисодий ҳамкорлик учун шароит яратишини қўшимча қилди.

“Буларнинг барчаси сиёсий декларациялар қабул қилиш билан чекланиб қолмай, мазмунли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик учун яхши имконият яратади”, деди Жапаров.

Европа Иттифоқининг ақли кирмоқдами?

Германия сўнгги бир йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини саммитга тўплаган олтинчи давлатдир. Ўтган йилнинг октябрь ойидан бери минтақадаги беш давлат раҳбарлари Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, араб давлатлари раҳбарлари ва АҚШ президенти билан учрашишди.

“Россиянинг Украинадаги уруши билан бир вақтда бўлиб ўтаётган саммит минтақа зиммасига қандай масъулият юклайди?” деган савол ОАВ ва экспертларнинг диққат марказида бўлди.

Маълумки, Россиянинг Украинага бостириб киришини Германия қаттиқ қоралаган ва унга қарши санкциялар жорий этганларнинг бошида турибди. Марказий Осиё давлатлари урушга нисбатан “нейтрал” позицияда эканликларини маълум қилишган. Бу минтақанинг Россияга иқтисодий яқинлиги билан изоҳланади.

Садир Жапаров 19 сентябр куни БМТ минбарида сўзга чиқиб, дунёдаги геосиёсий кескинлик ва ҳудудий яхлитлик масаласига тўхталиб, Марказий Осиё минтақасини геосиёсий воситачи сифатида кўришини айтган эди.

Германия ташқи алоқалар кенгашининг Шарқий Европа, Россия ва Марказий Осиё бўйича эксперти Штефан Майстернинг айтишича, Германиянинг минтақага геосиёсий ва геоиқтисодий қизиқиши ортиб бормоқда.

«…Биз етакчиларнинг Хитой ва Россиянинг минтақадаги таъсирини мувозанатлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини кўрмоқдамиз. Менимча, бу уларнинг қўшма ҳаракатлари самарасидир. Европа Иттифоқи, Германия учун Марказий Осиё стратегик аҳамиятга эга. Ниҳоят, [раҳбарларимиз] бу минтақани англагандек бўлди”, дейди эксперт.

Европа Иттифоқида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қирғизистон орқали санкцияга киритилган товарлар Россияга бориши мумкинлиги хусусида хавотирлар мавжуд. Шу боис саммитда санцияларни четлаб ўтиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Қозоғистон санкцияларга риоя қилади

Берлинга 28 сентябр куни ташриф буюрган Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Астана Россияга қарши киритилган Ғарб санцияларини “амалга оширишини” айтди.

«Қозоғистон Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини давом эттирмоқда. Биз санкциялар режимини сақлаб қолиш учун барча тегишли ташкилотлар билан алоқадамиз», деди Тўқаев Шольц билан учрашувдан кейин ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.

“Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати июн ойида ўтказган суриштирувида, Ғарбда ишлаб чиқарилган, санкциялар рўйхатига киритилган, бир вақтнинг ўзида фуқаролик ва ҳарбий ишлаб чиқаришда қўлланиладиган товарлар Қирғизистон ва Қозоғистонда ташкил этилган компаниялар орқали Россияга кираётгани, улар ортида аксарияти Россия фуқаролари тургани, баъзиларининг ҳарбий эканини аниқлаган.

Статистик маълумотлар ва экспертлар таҳлиллари Германиянинг Қирғизистонга экспорти жорий йилда ошганини кўрсатмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ва фаоллар ҳаракати

Берлин саммити Марказий Осиёлик фаолларнинг норозилик акцияси билан бирга ўтди. Мухолифат фаоллари Бельвю саройи олдида йиғилиб, Марказий Осиё етакчиларидан “Путин режимига қўйилган халқаро санкциялардан қочишга ёрдам бермасликни” талаб қилишди. Шу билан бирга, улар “Россиянинг Украинага қарши урушини қоралашга, Кремлнинг бешта давлатдаги ташвиқотини ўчиришга” чақирдилар.

Human Rights Watch ташкилоти Берлинни Марказий Осиё етакчиларига Европа билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш учун, минтақада инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини сақлашни талаб қилишини эслатишга чақирди.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Хью Уильямсон ўз баёнотида “Марказий Осиё мамлакатларида сиёсий таъқиблар, сўз эркинлигини камситиш, жазосиз қолиш ва қийноқлар жуда кенг тарқалган”, деди. Қирғизистон ҳукумати ҳам фуқаролик жамияти ва мустақил матбуотга ҳужум қилаётгани қайд этилди.

Human Rights Watch шунингдек, тожик расмийларини тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги намойишларни бостиргани ва мухолифат тарафдорларини таъқиб қилаётгани учун танқид қилган.

Уильямсоннинг фикрича, Европа давлатлари Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни минтақада инсон ҳуқуқ ва эркинликларига қандай қилинаётганини ҳисобга олиб кенгайтириши керак.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (IPHR) ҳам Берлиндаги саммит олдидан баёнот ёйинлаб, Марказий Осиё давлатларида фуқаролик жамиятига босим, сўз эркинлигини чеклаш кучайганини айтиб, йиғилишда бунга эътибор қаратишга чақирган.

Бу намойишларда тожик, туркман ва қозоқ фаоллари ҳам иштирок этишди.

Ҳаммадан ҳам Тожикистон президенти Имомали Раҳмон жуда ёмон аҳволда қолди. Мажбурий равишда ҳорижда юрган тожикистонлик фаоллар унинг автомобил кортежига тухумлар отишиб, президентни кескин қоралаган ёзувлар билан таъқиб қилишди.

Сўнгги ойлардаги воқеалар кўрсатиб турганидек, АҚШ раҳбарлигидаги бутун Ғарб давлатлари, жумладан Европа Иттифоқи ва Германия ҳам Марказий Осиёда ўз таъсирларини ошириш ва аксинча, бу давлатларни ўз таъсири доирасида деб ўрганган Россиянинг ҳамда бу таъсир доирасига зимдан даъво қилаётган Хитой билан очиқча рақобат қила бошладилар.

Вазият минтақа давлатлари учун кенг имкониятлар яратмоқда. Бу имкониятлардан бу давлатлар раҳбарлари қандай фойдалана билишади ва Ғарб давлатлари ўзларининг иқтисодий-сиёсий манфаатлари йўлида минтақадаги инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилишига кўз юмиб қўймайдиларми? Бу ҳозир риторик савол даражасида қолмоқда.

Берлиндаги ёш манасчи ҳайкали

Президент Садир Жапаров Германияга давлат раҳбари сифатида биринчи марта келди. Унинг ташрифи Қирғизистоннинг Берлиндаги элчихонаси олдида ўрнатилган “Ёш манасчи” ҳайкалини очиш ва қирғиз диаспораси вакиллари билан учрашувдан бошланди.

Ярим соат давом этган тадбирга “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати журналисти Санжар Эралиев киритилмади.

Президент матбуот хизмати буни “журналист олдиндан аккредитациядан ўтмагани” билан из

оҳлади.

Учрашувда иштирок этганларнинг сўзларига кўра, Жапаров ҳозирги геосиёсий вазиятда Қирғизистон-Германия муносабатларини яхшилаш ҳақида гапириб, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган. Қирғизистонда сўз эркинлиги ва фуқаролик жамияти ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

«Президентнинг бу ердаги ҳамюртларимиз билан учрашуви учун ажратилган вақт оз бўлди. …Лекин президентнинг бу ташрифига ижобий кайфиятда қарайман. Чунки Германияда иш ўринлари кўп, Қирғизистон фуқаролари бу ерга қонуний йўл билан ўқишга келишади, ишлаш учун кўпроқ шароитлар яратилади, деган умиддаман”, дейди Франкфуртда яшовчи қирғизистонлик Айдай Шрайбер.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг август ойида қирғизистонлик мутахассисларни Европада ишга жойлаштириш бўйича икки томонлама меморандум имзоланган. Унинг ташаббускори Қирғизистоннинг Германиядаги элчихонаси бўлган.

Элчихона маълумотларига кўра, бугунги кунда Германияда яшаб, ишлаётган Қирғизистон фуқаролари сони 10 мингга яқин.

Шу йилнинг июн ойида Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Бишкекка расмий ташриф билан келиб, президент Садир Жапаров билан учрашган. Жапаров Берлин ва Европа Иттифоқи Бишкек ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари эканини таъкидлаган.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар қисман интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар