Нима етмишмасди унга? Гулнора Каримова иши Швейцария судига ўтказилиб берилди

Турли маълумотларга кўра унинг чет элларда миллиард доллардан ортиқроқ активлари бор.

Швейцария Бош прокуратураси 28 сентябрь куни мамлакат федерал жиноят судига Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ва унинг шеригига нисбатан айблов хулосасини киритди.

“Озодлик”нинг хабар беришича, хулоса билан бирга Гулнора Каримовага алоқадор музлатиб қўйилган 440 млн. Швейцария франкидан ортиқ активларни мусодара қилиш бўйича ҳам сўров ҳам бор.
Айбланувчилар (Каримованинг шериги ким экани айтилмаган) турли мамлакатларда, хусусан, Швейцарияда 2005 йилдан 2013 йилгача бўлган даврда жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этиш, пул ювиш, хорижий давлат амалдорлари сифатида пора олиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш каби айбловлар бор.

Айблов хулосасига кўра, Гулнора Каримова The Office номи билан танилган бир неча ўнлаб шахслар ва кўплаб компаниялар иштирокида жиноий ташкилот тузиб, унга раҳбарлик қилган. Ташкилот 2005 йилдан тортиб жиноий операцияларидан келиб тушган капитални Швейцариядаги банк ҳисоблари ва сейфларида яшириш ва кўчмас мулк сотиб ола бошлаган.
Швейцария Бош прокуратураси 2012 йилнинг июль ойида Гулнора Каримованинг шахсий ёрдамчисига нисбатан ҳужжатларни қалбакилаштириш ва пул ювиш бўйича, Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси собиқ бош директорига нисбатан эса “пул ювиш” бўйича жиноий иш очган.

Тўрт киши 2018−2021 йилларда тергов қилиниб, айбдор деб топилган ва 340 миллион  франкдан ортиқ (370 млн. АҚШ доллари атрофида ) маблағ Ўзбекистонга қайтариш мақсадида мусодара қилинган. Айни вақтда Гулнора Каримова ва иккинчи айбланувчига қарши иш юзасидан 440 миллион франкдан ортиқ мол-мулк олиб қўйилган.

Кейинроқ Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида мусодара қилинган пулларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича битим имзоланиб, унинг асосида дастлабки 10 млн. доллар Ўзбекистонга қайтарилган. Кейинги босқичда 131 млн. доллар қайтарилиши маълум қилинган. Ҳозирча бу ва жиноий иш доирасидаги қолган пулларнинг нима бўлгани ҳақидаги маълумот очиқлангани йўқ.
Швейцарияда олиб борилган текширувлар натижасида банк активлари ва кўчмас мулк, шунингдек, банк сейфларига қўйилган нақд пул ва қимматбаҳо нарсалардан иборат умумий қиймати 780 млн. франк ҳисобида (850 млн. доллар атрофида) активлар музлатиб қўйилган.
Мазкур иш бўйича Швеция, Франция, Норвегия, Нидерландия, АҚШ ва Буюк Британияда бир нечта жиноий ишлар қўзғатилган. The Office`нинг мавжудлиги ва ушбу жиноий ташкилот томонидан содир этилган кўплаб жиноятлар Швейцарияда ва хорижда чиқарилган бир нечта суд қарорларида тасдиқланган.
Бундан ташқари, Швейцария бош прокуратураси ёрдам сўраб 19 мамлакатга ушбу иш билан боғлиқ кўплаб сўровлар юборган ва қабул қилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг март ойида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримова ва у ташкил қилган жиноий уюшма аъзолари устидан ҳукм чиқарган. Суд қарорига кўра Гулнора Каримова 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Жазо муддати 2015 йилнинг 21 августидан бошлаб ҳисобланишини ҳисобга олсак, Каримова қамоқдан 2028 йилда чиқиши мумкин.

Бу иш бўйича суд ҳукми билан яна беш киши 5 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосини олишган.

Гулнора Каримова отасининг даврида ўзбошимчаликлар билан шуғулланиб, бизнеснинг турли соҳаларига қаттиқ таъсир ўтказа бошлаган. Ҳатто шоу бизнеси ҳам четда қолмай, “Гугуша” лақаби билан қўшиқ айтиб, клиплар олган.

Оқбура, Тошкент.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг