Ақлли болалар муаммоси: Оилавий бошқарув мана бунақа бўлади
Рамзан Қадировнинг 24 ёшли қизи Чеченистон бош вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.
Чеченистон ҳукумат йиғилишида бош вазир Муслим Хучиев республика раҳбарининг катта қизи Айшатни ўзининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари лавозимига тайинлашни таклиф қилди ва Рамзан Қадировнинг ўзи бу таклифни маъқуллади.
Рамзан Қадировнинг тўнғич қизи бўлган Айшат 21 ёшидан бери Чеченистон маданият вазирининг ўринбосари ва вазир лавозимида ишлаб келган.
Жорий йилнинг сентябрида эса Россия президенти Владимир Путин ёш вазир қизни «Ватан олдидаги хизматлари учун» ордени билан тақдирлаган эди. Айшатнинг отаси ҳам унинг жуда яхши ишлаши ҳақида айтганлари бор.
“Озодлик”нинг эътироф этишича, Рамзан Қадиров ўзининг Телеграм каналида, «Шубҳасиз, Айшат Қадирова Чеченистон Маданият вазирлигининг фаолиятини такомиллаштиришда ўз ҳиссасини қўшди, салмоқли тажрибага эга бўлди», деб ёзган эди.
Қизиғи, Айшат Қадированинг турмуш ўртоғи Висхан Мацуев ҳам шу йилнинг июлида бош вазир ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланган эди. Шундай қилиб, эр-хотинлар бош вазирнинг ўринбосарларига айландилар.
Ҳаммаси бўлиб Қадировнинг 14 фарзанди бор.
Бунгача Чеченистонда кўплаб катта лавозимларни Қадировнинг дўстлари ва қариндошлари эгаллагани ҳақида кўп ёзилган. 2018 йили Би-би-си рус хизмати республикадаги қарийб 160 нафар йирик амалдорнинг 30 фоизи Қадировнинг қариндошлари эканини аниқлаган.
Чеченистондаги оилавий бошқарув Россияда кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлади. Чунки чечен давлати 80 фоизлик дотацияда бўлиб, унга Россия федерал бюджетидан йилига 300 миллиард рубл ажратилади.
Оилавий бошқарув муаммоси Қирғизистонда ҳам борки, тўнғич президент Асқар Ақаевнинг ўз лавозимидан ва ватанидан қувилишига ҳам асосан шу сабаб бўлган эди. Ундан кейин президентликка сайланган Қурманбек Бакиев яқинларини ҳокимиятга яқинлаштирмасликка ваъда берган бўлсада, кўп ўтмай, бутун ҳукуматни янги тузилган агентлик орқали ўз ўғли Максим Бакиевга бўйсундирди. Укалари ва яқинлари турли лавозимларга кела бошладилар, жумладан Жаниш Бакиев давлат қўриқлаш хизмати бошлиғи бўлиб, деярли барча ҳуқуқ-тартибот органлари унга бош эгар эди.
Бу ҳақдаги танқидларга Бакиев, “укаларим ва ўғлим ақлли бўлишса, мен нима қилишим керак? Улар ҳам ишлашга ҳақли-ку!” – дея жавоб бергани бор.
Ота ва фарзандлар масаласи Марказий Осиё давлатларига хос бўлиб, одатда бу ҳолатни давлат раҳбарлари атрофида ишончли одамлар бўлиши лозимлиги билан тушундиради. Лекин тажриба кўрсатганидек, охир оқибатда бу оила аъзоларига кўпроқ ишонган раҳбарларга нисбатан халқ ишончининг камайиб боришига олиб келади.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди