Бемаза қовуннинг уруғи кўп: Тожикистонда генераллар “жуда болалаб кетган”
Афтидан айрим давлатларда “қўйчувон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлади”, деган гапни билишмайди шекилли.
Тожикистон ҳақида танқидий фикрлар билдира оладиган унча кўп бўлмаган нашрларда бу мамлакатда мустақилликка эришилгандан кейин қисқа вақт ичида генераллар «жуда болалаб кетгани» ҳақида ёзишмоқда.
“Озодлик”нинг тожик хизмати берган маълумотга кўра, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 7 сентябрда ўн кишига генерал унвони бериш тўғрисидаги фармонни имзолаган, бироқ бу ҳужжатнинг нусхасини “Озоди” радиоси 24 сентябрдагина қўлга киритган.
Фармонга мувофиқ, Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлигида янги учта генерал, прокуратура тизимида икки нафар янги генераллар пайдо бўлган бўлса, Мудофаа вазирлигида тўрт полковник генерал-майорга айланган. Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам генераллар яна иккитага кўпайган.
Тожикистонда, қўшни давлатларда бўлганидек, олий ҳарбий унвонлар кўрсатилган хизмат учун ёки билим тажрибага қараб эмас, бирор бир муҳим байрам арафасида хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига мукофот тариқасида тақдим этилади. Янги унвон билан уларнинг маошлари ва бошқа қўшимча тўлов, имтиёзлари ҳам ортади. Лекин улар ҳақда матбуотда ошкора айтилмайди.
Тожикистонда ҳатто ҳозирда қанча генерал борлиги ҳам номаълум. “Озоди” аввалроқ маҳаллий ва хорижий матбуотда Тожикистонда қисқа вақт ичида генераллар «жуда болалаб кетгани» айтилганини эслатади.
Биргина марта, 2019 йилда Эмомали Раҳмон Тожикистонда Совет даврида бор-йўғи иккита генерал бўлгани, энди эса фақат қуролли кучларда уларнинг сони 50 нафарга яқинлашиб қолганини айтган эди. Божхона, прокуратура, адлия ва бошқа давлат хизматларида генераллик унвони олиш анчайин осон эканини ҳисобга олганда генералларнинг умумий сони 150 нафардан кам бўлмаса керак, деб тахмин қилиш мумкин.
“Тожикистон ҳукумати бу унвонни “алоҳида хизматлар учун эътироф” сифатида билади. Бироқ мухолифлар ҳукумат бу унвондан режимга содиқликни рағбатлантириш учун фойдаланаётганини иддао қилмоқда. Уларнинг айтишича, баъзи генераллар ҳатто мажбурий ҳарбий хизматни ҳам ўтамаган”, – дейилади “Озоди” тайёрлаган материалда.
Қирғизистонда ошкоралик бобида аҳвол янча, беқиёс даражада яхши. Аммо генераллар сони бобида икки ўлка бири-биридан қолишмайди. Қирғизистонда очиқ маълумотлар асосида аниқланишича, 150 нафар атрофида генерал бор. Уларнинг асосий кўпчилиги бу унвонни тўнғич президент Асқар ақаев даврида олишган. Лекин кейинги раҳбарлар ҳам ундан қолишмасликка ҳаракат қилишган.
Мамлакатни 15 йил бошқарган Ақаев даврида 70 киши генераллик унвонини “ювган” бўлса, биргина муддат, 5 йил президентлик қилган Қурманбек Бакиев 50 кишига бу унвонни топширган. Мамлакатни 1,5 йилгина бошқарган Рўза Ўтунбаева 15 кишига бу олий унвонни бериб улгурган бўлса, Алмазбек Атамбаев беш йил ичида 10 нафар янги генерални “дунёга келтирган”.
Уч йиллик муддатдан сўнг лавозимидан ажратилган Сўўрўнбай Жээнбеков кетиши олдидан ўзига яқин 4 кишига бу унвонни бериб қолган. Ҳозирги президент Садир Жапаров ўтган 3 йиллик иши давомида беш кишига генераллик унвонини берди.
Асқар Ақаев мамлакатнинг ҳарбий-денгиз флоти бўлмаганига қарамай, битта одамга вице-адмирал унвонини ҳам берганки, бу ҳам генерал-лейтенат унвонига тўғри келади.
“Кактус” нашрининг эътироф этишича, юқоридаги ҳисоб-китобга генерал унвонига тенглаштирилган бошқа фуқаролик унвонлари ва бу дунёни тарк этганлар киритилмаган.
Умуман бугунги кунда Қирғизистонда генераллар ва бу унвонга тенглаштирилган унвон эгалари сони 150 нафарга тенг. Улардан 123 нафари генерал-майор (дастлабки генераллик унвони), 20 генерал-лейтент ва 6 генерал-полковник экани айтилади. Энг олий унвон – армия генерали унвони бир кишига, мудофаа вазири Эсен Тўпўевга берилган.
Турли маълумотларга қараганда, АҚШда 900 нафарга яқин генерал бўлса, Россияда уларнинг сони 1300 нафардан кўпроқ. Бироқ АҚШда умумий ҳисобда 2 млн. 300 минг атрофида ҳарбий ва ҳарбийга тенглаштирилган хизматчи бўлса, Россия армияси ва ҳарбийлаштирилган идоралар ходимларининг сони 3,5 миллион атрофида.
Шу нуқтаи назардан олганда, армиясининг сони бир неча ўн минг кишидан иборат бўлган Тожикистон ва Қирғизистон учун 150 нафар генерал, албатта, кўплик қилади. Армияларнинг техник жиҳозланиши ва ҳарбий тайёргарлиги даражасини солиштириш бу ерда ўринсиз бўлса керак.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди. Мақолага бевосита алоқаси йўқ