Олмоқнинг бермоғими? Россия Ўзбекистонга улкан ҳажмда газ етказиб бера бошлайди

Бир вақтлар Бухоро гази маҳаллий аҳолини четлаб ўтиб, Россиянинг йирик шаҳарларига етказилиб бериларди.

Бир неча йилдан бери энергетика соҳасида жиддий муаммоларни бошидан кечираётган Ўзбекистон жорий йилнинг 1 октябридан тортиб аҳолига Россия газини етказиб беришни йўлга қўйди.

Россия ТАСС агентлигининг Ўзбекистон Энергетика вазирлигига таяниб хабар беришича, Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш учун барча зарур инфратузилма тартибга келтирилган ва газ қувурлари юқори босимли газни қабул қилишга тайёр.
Табиий газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома Ўзбекистон ҳукумати ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасида 2023 йилнинг июнида, Санкт-Петербургда ўтган халқаро иқтисодий анжуманда имзоланган. Ҳужжатга кўра, йилига етказиб бериш ҳажми қарийб 2,8 миллиард куб метрни ташкил қилади.

Шартнома асосида Ўзбекистон газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш ҳақида ҳам келишиб олинган ва бу бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, шартнома жорий йилнинг 1 октябридан ишлай бошлайди ва Ўзбекистон кунига 9 миллион куб метр табиий газ ола бошлайди.

Совет даврида яшаган авлод яхши эслайдики, ўша даврларда табиий газ аксинча, Ўзбекистоннинг Бухоро атрофидаги газ конларидан Россиянинг Ўрол тоғлари депарасидаги йириш саноат шаҳарларига жўнатиларди. Ўша пайтда ягона иқтисодиёт ва бошқарув тизимларига эга бўлган икки республика ўртасида газнинг қандай нархларда ва кўламда етказиб турилгани маълум эмас.

Собиқ совет давлати кучи билан 1960-йилларда қурилган “Бухоро-Ўрол” газ қувурининг узунлиги 4,5 минг метрдан иборат бўлиб, унинг диаметри бир метрдан узунроқ бўлган қувурлари орқали йилига 8 миллиард куб метр газ етказиб бериш мумкин.

Ўша йилларда Ўролдаги саноат корхоналарида кўмир ёқилиб, жуда қимматга тушар эди. Бухоро газини олиб келиш 1966 йилдан тортиб бу ҳаражатларни икки баробар қисқартирган. Лекин бундан Ўзбекистон нима фойда олгани ҳам ноъмалум.

Ҳар ҳолда машҳур қўшиқдаги “Ўз газини Ўролга бериб, тезак ёққан ўзбегим”, деган сатрлар бекорга ёзилмаган бўлса керак.

Расмий хабарларда Ўзбекистон Россия газини қандай нархларда олаётгани ошкор қилинмаган. Аввалроқ Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу маълумотни ошкор қила олмаслигини айтган. Унинг гапларига кўра, нарх белгилашда “республика манфаатлари ва бозор конъюнктураси ҳисобга олинган”.

Расмий хабарларга кўра, республика йилига 45 миллиард куб метр газ истеъмол қилади. Бу талаб ошиб бораётган бир пайтда заҳиралар тугаб бораётгани боис газ қазиб олиш ҳажми камаймоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг