Кураш бўйича жаҳон чемпионатида Қирғизистон полвонлари учинчи ўринни эгаллашди

Сербия пойтахти Белградда ўтган мусобақаларга 4 нафар курашчи олимпиада ўйинларига йўлланма олди.

Сербия пойтахти Белградда 16-сентабрдан 24-сентябрга қадар ўтган кураш бўйича Олимпия ўйинларидан олдинги жаҳон чемпионатида қирғизистонлик курашчи йигит-қизлар жаҳон спортсеварларини ҳайратга солишди. Мусобақа натижаларига кўра улар 3 олтин, биттадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишиб, 59 давлат орасидан 3-чи ўринни эгаллашди.

Озгина, созгина

Солиштириш учун айтадиган бўлсак, Россия еттинчи ўринни (2 олтин, 1 кумуш ва 2 бронза), Қозоғистон 12-чи (1 олтин, 2 бронза), Ўзбекистон эса иккита бронза медали билан 24-ўринни эгаллаган. Бўлгани 7 кишилик таркибда борган Қирғизистон спортчилари кураш бўйича анъанавий кучли давлатлар ҳисобланган Озарбайжон, Эрон ва Туркия давлатларини ҳам доғда қолдиришди. Турнирда келаси йили Парижда ўтадиган Олимпиада ўйинларига жами 90 та йўлланма берилиб, улардан тўрттасини қирғизистонлик курашчилар олиб кетишди.

Команда ҳисобидаги биринчи ва иккинчи ўринлар 12 медал (6 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза) енгиб олган Япония ва 14 медални қўлга киритган АҚШ (4+3+7) спортчиларига насиб қилди. Шундай қилиб, қирғизистонлик курашчи йигит ва қизлар ушбу кичкина мамлакатнинг кураш империясига айланиб бораётганини яна бир тасдиқлашди.

Мусобақа иштирокчилари юнон-рум, эркин кураш ва аёллар кураши бўйича ўн хил вазн тоифасида куч синашдилар. Бу мусобақалар одатда Жаҳон чемпионати доирасида эркаклар ўртасида юнон-рум (класссик) кураши (1904 йилдан), эркин кураш (1951 йилдан) ва аёллар кураши (1987 йил) бўйича ўтказилиб келади.

Шоҳсупанинг энг олий ўринларига Айсулуу Тинибекова, Ақжўл Махмудов и Жўламан Шаршенбековлар кўтарилдилар. Шу билан Айсулуу Тинибекова аёллар кураши бўйича уч карра жаҳон чемпиони бўлган бўлса, Ақжўл Махмудов икки карра жаҳон чемпиони номини қўлга киритди. Қирғизистон тарихида биринчи марта ана шундай натижага эришилди.

Яна бир курашчи Жўламан Шаршенбеков ҳам Махмудовдан кейин икки карра жаҳон чемпиони бўлди. Айпери Медет қизи кумуш, Тайирбек Жумашбек уулу бронза медалини қўлга киритишди. Афсуски, Айпери жароҳат олгани сабабли чемпионатнинг финал ўйинларида иштирок эта олмади, лекин шунга қарамай, Олимпия ўйинларига йўлланма ола олди.

Шуни айтиш керакки Қирғизистон кураш бўйича аёллар терма жамоаси етакчиси, сўнгги йилларда Унайтед Wорлд Wрестлинг (UWW – Бирлашган кураш дунёси) рейтингида пешқадамлик қилиб келган Айсулуу Тинибекова охирги мусобақаларда ортга кетиб қолган эди. Лекин бу психологик вазиятни ҳам енга олган Айсулуу яна бу рейтингда биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда UWW расмий сайтида хабар берилди.

UWW порталининг хабар беришича, энг кучли курашчиларнинг янгиланган рейтингида Айсулуу 62 килограммгача бўлган вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринда америкалик Кайла Миракл бўлса, болгариялик курашчи Биляна Дудова учин ўринни эгаллади.

Қирғизистонлик юнон-рум курашчиси Ақжўл Махмудов вазни 77 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида иштирок этиб, финал баҳсида озарбайжонлик Санан Сулаймоновни мағлуб этди. У бир йил аввалги жаҳон чемпионати финалида венгриялик рақибини 8:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, илк бор жаҳон чемпиони номини қўлга киритган эди. 24 ёшли Ақжўл Махмудов уч карра Осиё чемпиони, 2020-йилда Токиода бўлиб ўтган Олимпиадада кумуш медални қўлга киритган.

Яна бир чемпион, юнон-рум курашчиси Жўламан Шаршенбеков финал баҳсида япониялик курашчи Кеничиро Фумитани 11:6 ҳисобида мағлуб этди. Шундай қилиб у бирданига икки карра жаҳон чемпиони бўлиб, Париж Олимпиада ўйинларига лицензия олди.

Шундай қилиб, бугунги кунга қадар Қирғизистон спортчилари Олимпиада ўйинларига умумий ҳисобда бешта йўлланма олишди. Бунгача сузиш бўйича етакчи спортчи Денис Петрашов жаҳон чемпионатида учинчи ўринни олиб, Парижга лицензия олган эди. Яқин орада бу кўрсаткич анча кўтарилиши мумкин. Шу кунларда Қирғизистоннинг миллий терма жамоаси Осиё ўйинларида қатнашмоқдалар.

Жисмоний тарбия ва спорт департаментининг хабарига кўра, 23 сентябрда бошланган мусобақалар 8 октябрга қадар Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтади. Осиё ўйинларининг дастурида 42 спорт тури мавжуд бўлиб, қирғизистонликлар 23 спорт турида беллашишади. Улар бокс, сувда сузиш, ўқ отиш, ёй отиш, дзюдо, оғир атлетика, кураш, каратэ, енгил атлетика, тэквандо, триатлон, волейбол, шахмат, ушу, баскетбол, бадиий гимнастика, футбол ва бошқалардир.

Осиё ўйинлари ҳар тўрт йилда ўтказилиб, ундан 40 дан ортиқ мамлакат спортчилари иштирок этишади. Минтақада кўлами жиҳатидан Олимпиада ўйинларидан кейин турадиган бу ўйинлар 1951 йилдан буён ўтказилади. Сўнгги марта 2018 йили Индонезиянинг Джакарта шаҳрида ўтказилган ўйинларда, Қирғизистон миллий терма жамоаси 2 олтин, 6 кумуш ва 12 бронза медалини қўлга киритган эди. Осиё ўйинларига Қирғизистондан 230 нафардан ортиқ киши боради. Булар спортчилар, мураббийлар, тиббиёт ходимлари, гуруҳ етакчилари ва матбуот ходимлари.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг