Бошқача бўлиши мумкин эмас: Қиш мавсумида яна свет ўчиши кўпайиши мумкин

Қирғизистон энергетика вазири қиш мавсуми олдидан аҳолини шу ҳақда огоҳлантирди.

Вазир Таалайбек Ибраев мамлакатда электр энергия истеъмоли ортиб бораётганини айтиб, шу сабабдан қиш мавсумида электр энергияси узилишлари кўпайиши мумкинлигини билдирди.

Бир неча кун олдин Энергетика вазирлиги қишда биноларни иситиш учун электр энергиясидан фойдаланишни тақиқлашни жорий этиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилган.
Қиш мавсумида электр тақчиллигини тартибга солиш учун ҳар бир хонадонга ҳажми 5 кВт билан чекланган элект энергия берилиши айтган вазирлик бунга Тўқтағул сув омборидаги сув ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 миллиард куб метрга камайгани сабаб эканини айтган. Бу йил кўплаб ўлкаларда бўлгани каби Қирғизистонда ҳам ёз бўйи сув тақчиллиги ҳукм суриб, пойтахтдаги сув тақчиллигини расмийлар тоғлардаги музликларнинг совуқ ҳаво туфайли эримаётгани билан тушунтирган.

Бутун дунёда ҳаво исиши кузатилиб, ҳаммани ташвишга солаётган бир пайтда бу гаплар ғалати туюлсада, ўта иссиқ келган ёз ва шу кунгача сув тақчиллиги ҳукм суриб келмоқда. Шу туфайли мамлакатда асосий энергия қуввати манбаи бўлган Тўқтағул сув омборида сув заҳиралари кўпаймади.

Шу муаммо туфайли 2023 йил 1 августдан тортиб 2026 йил охиригача Қирғизистон энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этилган. Сув заҳиралари ва бу билан боғлиқ ГЭСлари қуришнинг кенг имкониятларига эга бўлган мамлакатда ҳамон бу муаммо ҳал бўлмай келяпти.
Қирғизистонда ҳар йили тахминан 14-15 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Аммо истеъмол даражаси доимо бундан ошиб кетади. Масалан, 2023 йилда мамлакатга 17 млрд кВт/соат электр қуввати керак бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу эҳтиёжни қоплаш учун мамлакат электр қувватини қўшнилардан импорт қилиши ҳисобига қоплашга мажбур.

Мамлакатда кўп йиллардан бери йирик Қамбарота ГЭСини қуриш лойиҳаси ҳақида айтиб келинади. Уни қуришга бир пайтлар Россия ҳам киришган, лекин давлат раҳбарларининг ўзаро келишмовчиликлари туфайли лойиҳа тўхтатилган. Аввал ишлатилиб қўйилган маблағни тўлаш кераклиги сабабли Қирғизистон Россияга катта миқдорда қарздор.

Эндиликда бу лойиҳада иштирок этиш учун қўшни Ўзбекистон, Қозоғистон қизиқиш билдирмоқда. Куни кеча Россия ҳам унга қайтиш истагини маълум қилди.

Ушбу ГЭС қурилса, Қирғизистон катта ҳажмда электр қувватини экспорт қилиш имконига эга бўлади. Шу билан бирга Норин дарёси сувидан фойдаланиш бўйича масалалар ҳам пайдо бўлиши кутилмоқда. Дарё сувидан асосан Ўзбекистон ва Қозоғистон фойдаланади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг