Россия: Меҳнат муҳожирларига такси ҳайдаш мумкин эмас, урушга бўлса – марҳамат!

Тирикчилик важидан Россияда юрган меҳнат муҳожирларининг қисмати яна оғирлашмоқда.

Россия Давлат думаси Қирғизистон фуқароларига Россия Федерациясида ҳайдовчилик фаолиятини тақиқлашни таклиф қилмоқда. Бунинг учун такси ҳайдовчиси сифатида фақат Россия ҳайдовчилик гувоҳномалари билан ишлаш талаби киритилмоқда. Бу талабни назарда тутувчи қонун лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида жойлаштирилган.

Лойиҳа муаллифи Россия Либерал-демократик партияси фракциясининг раиси ўринбосари Ярослав Нилов ҳисобланади. Қонунга тушунтириш киритувчи материалларда айтилишича, сўнгги йилларда Россияда чет эллик халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ҳайдовчиларнинг айби билан юз берган бахтсиз ҳодисалар кўпайган.

Ҳужжатда айтилишича, 2021-йилда ана шундай ҳайдовчиларнинг айби билан 5062 та (+5,7%) йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) содир бўлиб, уларда 431 киши ҳалок бўлган, 6709 (+5,7%) киши тан жароҳати олган. 2022-йилда, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, хорижлик ҳайдовчиларнинг айби билан 43 минг ЙТҲ содир бўлган.

“Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, кўпинча ЙТҲ содир этганлар Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Озарбайжон фуқароларидир”, – дейилади тушунтириш хатида.

Бугун Россиянинг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида» ги қонун чет эл ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси билан автобус ёки такси ҳайдовчиси сифатида ишлашга рухсат бермайди. Бироқ Қирғизистон фуқаролари, шунингдек, рус тили расмий тил сифатида тан олинган давлатлар фуқаролари учун бундай фаолиятга рухсат берилади.

Энди эса 1-сентябрдан бошлаб Россияда «такси қонуни» кучга кирди, бу якка тартибдаги тадбиркорларга транспорт хизмати билан шуғулланиш имконини беради. Лекин қонун агрегаторлар ва ҳайдовчилар учун кўплаб янги талабларни жорий қилди. Бозор иштирокчиларининг таъкидлашича, ушбу қонун талабларини ҳозирда бажариб бўлмайди ва ҳудудлардаги такси ҳайдовчилари ишига чалкашлик олиб келади. Расмийлар янги қоидаларга мослашишга вақт беришмади.

Шунингдек экспертлар йўловчилар бу инновациялардан фақат фойда кўришини ва бу тарифларга салбий таъсир қилмаслигини кутишмоқда.

Йўловчи ташиш бозори фаолиятини тартибга солувчи 580-ФЗ-сонли “такси қонуни” ўтган йилнинг охирида қабул қилинган. Қонунчиларнинг фикрича, инновациялар туфайли буюртма хизматлари ва агрегаторларнинг йўловчилар олдидаги жавобгарлиги ортади, буюртмаларни ноқонуний мигрантлар ва малакасиз ҳайдовчиларга ўтказиш хавфи камаяди. Ҳайдовчилар иш ва дам олиш режимига риоя қилишлари натижасида бахтсиз ҳодисалар камаяди.

Эҳтимол, бу тўғридир, лекин бу янгиликлар яна меҳнат муҳожирларининг чўнтакларига юк бўлиб тушяпти. Масалан, Россия фуқаролари учун ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тиббий маълумот ва давлат пошлинасини тўлаш билан бирга 4000 рублга тушаркан. Муҳожирлар учун бу ҳаражат қанча бўлиши ҳали ноъмалум. Агар автомактабда ўқишга мажбур қилинса, бу яна 20-25 минг рубл қўшимча ҳаражат деган гап.

Табиийки, янги қонун минглаб муҳожирларнинг ишсиз қолишига олиб келади. Бугунги Россия зўр бериб Украинадаги урушга хорижликларни жалб қилишга уринаётган пайтда бу уларга жуда қўл келиши мумкин.

Буюк Британия ҳарбий разведкаси эълон қилган ҳисоботда тахмин қилинишича, меҳнат муҳожирларини урушга жалб қилиш орқали рус расмийлари келаси йилда ўтадиган президентлик ва парламент сайловлари олдидан янги сафарбарлик эълон қилиш ва бу билан боғлиқ норозиликларнинг олдини олишга ҳаракат қилишмоқда.

Сўнгги пайтда, Россия фуқаролигини олган меҳнат муҳожирларини урушга жалб қилиш борасида талаблар Россия расмий доираларида кўпроқ янграмоқда. Урушдан бўйин товлаганларни Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш ҳақида қонун лойиҳаси таклиф қилинмоқда.

Ҳисоботда айтилишича, ҳатто Арманистон ва Қозоғистонда Россияда ҳарбий хизматга киришишда биринчи тўлов сифатида 495 минг рубл ва кейин ойига 190 минг рублдан иш ҳақи таклиф қилувчи эълонлар пайдо бўлди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Қўстанай вилоятида чақирувчилар фаоллашиб, рус миллатига мансуб аҳолини армияга жалб қилишга ҳаракат қилишган.

Россия Федерацияси ҳукумати ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома имзолаган чет элликлар учун фуқароликни тезлаштирилган тарзда олишни ваъда қилмоқда. Ишга ёлловчиларнинг зўравонлик усулларини ҳам қўллагани маълум. Масалан, уруш давомида Россияга қўшиб олинган Мариупол шаҳридаги қурилиш ишларига келган ўзбек муҳожирлари у ерга етиб келишлари билан уларнинг паспортлари олиб қўйилган. Британия разведкаси маълумотига кўра, улар Россия армиясига қўшилишга мажбур бўлишган.

Британия Мудофаа вазирлигига кўра, Россияда бугун Марказий Осиёдан келган камида 6 миллион муҳожир бор.

Уруш билан боғлиқ муаммоларга қарамай, 2023 йилнинг биринчи ярмида 26 мингдан ортиқ қирғизистонлик ишлагани Россияга жўнаб кетган. Росстат маълумотларига кўра, йилнинг биринчи ярмида Қирғизистондан Россия Федерациясига 28,7 минг муҳожир келган.

Аввалроқ ИИВ Ички ишлар бош бошқармаси назорат-назорат хизмати бошлиғи ўринбосари Юрий Конобеевский 2023-йилнинг атиги олти ойи давомида Қирғизистон фуқароларининг Россияга оқими 45 фоизга ошганини маълум қилганди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг