Азиза Абдирасулова: Махсус хизматдан тинчимизни қўриқлашга тайёрлиги айтишди

Ҳуқуқ ҳимоячисининг уйига бостириб кирган нотаниш одамлар тартиб посбонлари эмаслиги айтилди. Лекин…

Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова куни-кеча бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисадан кейин кўплаган телефон қўнғироқларига жавоб бермаётганини айтди. Буни у қўнғироқ қилганларга зарари тегиб қолмаслигини истагани билан тушундирди.

“Ҳозирча тинчмиз”, – деб ёзди у ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Азиза Абдирасулованинг ёзишича, кеча Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг (ИИББ) 10-бўлими бошлиғи Шумқар Сулайманов унга қўнғироқ қилиб, ҳуқуқ ҳимоячисининг уйига борган нотаниш йигитларга ИИББнинг алоқаси йўқлигини айтган. “Ишондим”, деб ёзади Абдирасулова.

Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячисига Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан ҳам қўнғироқ қилишиб, ўша нотаниш йигитлар аҳқида саволлар беришган.

“Агар яна бировлар келиб тинчингларни бузишса, тўғри бизга мурожаат қилинг, дейишди. Раҳмат, дедим”, деб ёзади Азиза Абдирасулова.

Шунингдек у кўпчилик уйига кузатув камераси ўрнатиб қўйишни таклиф қилганини ва дори-дармондан пуллари ошса, сўзсиз ўрнатишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 28 август куни икки номаълум бақувват эркак киши ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасуловани қидириб, унинг уйига келган. Бу вақтда Абдирасулова уйида бўлмаган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрича, келганлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бўлиши мумкин.

“Турмуш ўртоғим мени уйда йўқлигимни айтса ҳам, уйга бостириб киришмоқчи бўлишган, бироқ итимиздан қўрқиб, кира олишмаган. Улар чолимга жуда қўпол муносабатда бўлиб, куч ишлатиб, телефонини қўлидан тортиб олишга ҳаракат қилишган. Чолим исм-шарифларини сўраганида, ўзларини таништирмай, келишлари сабабини ҳам айтмай, уйимиз ёнидан кетмай бир муддат туришибди”, дейди Азиза Абдирасулова.

Воқеадан бир кун аввал даволаниш мақсадида Бишкек яқинидаги Иссиқата оромгоҳига кетган ҳуқуқбон, бу хавотирли хабарни эшитиб, шоша-пиша уйига қайтган.

“Эрим яқинда оғир жарроҳлик амалиётини ўтказди ва ҳозирда мураккаб муолажаларни бошдан кечирмоқда. Мен ўзим умуртқа поғонамни синдириб олиб, яқинда тўшакдан турдим ва энди фақат брекет билан юраман”, дейди Азиза Абдирасулова.

Ҳуқуқбон уйига номаълум шахслар келгани бўйича Қирғизистон Бош прокурорига, Миллий ҳавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Ички ишлар вазирига мурожаат қилган ва уларни ўзи ва оила аъзоларига қарши ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини тўхтатишга чақирган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарияти Азиза Абдирасулованинг мурожаатига расман изоҳ беришмади.

Уйингизга келган одамлар кимлар ва нима мақсадда келган бўлишлари мумкин деган саволимизга, Азиза Абдирасулова: “Ким ҳам бўларди…? Қўрққанга қўша кўринади, бўлаяпти-да”, деган ҳуқуқбон, бу ҳодисанинг давлат идоралари тарафидан ўзига нисбатан навбатдаги таҳдид эканини назарда тутиб.

Сўнгги пайтда Қирғизистонда эркин журналистлар ва фуқаролик фаолларига нисбатан босим кучайиб бораётгани кузатилмоқда.

Ўтган йилнинг 15-ноябр куни Бишкекдаги Жўғўрқу Кенеш биноси ёнида намойишчилар тўпланганида, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида кузатиш мақсадида у ерга борган Азиза Абдирасуловани милиция ходимлари идораларига олиб кетишган эди. Бироз вақтдан сўнг у “милиция ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаган” деган важ билан протокол тўлдирилиб, қўйиб юборилган.

Кейинроқ Бишкекнинг Биринчи май тумани суди уни 3 минг қирғиз сўми (35 доллар атрофида) миқдорида жаримага тортган.

Азиза Абдирасулова 20 йилдан ортиқ вақтдан бери инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келади. Ўз вақтида оддий фуқаролар билан бирга давлатнинг деярли барча раҳбарларининг, сиёсий қувғинга учраган турли даражадаги собиқ амалдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган.

Жумладан, 2010 йилнинг июнида содир бўлган қонли воқеалардан кейин миллий низо оқибатида қурбон бўлганларнинг рўйхатини тузиб, эълон қилган. Бу ўша пайтда минглаб одам ўлгани ҳақидаги миш-мишларга барҳам берган. Шунинг Азиза Абдирасулова жанжал пайтида куч ишлатиш тизимлари ходимларининг биринчи бўлиб одамларга ўқ узганини очиқ айтиб чиққан.

Бутун фаолияти давомида унга доимий равишда ҳаракатдаги ҳокимият томонидан босим ўтказилиб келган. Айниқса, собиқ президент Алмазбек Атамбаев даврида бу босим кучайган. Турмуш ўртоғи Жанизақ Абдирасулов аёли билан доим бирга бўлган, турли тажовузлардан ҳимоя қилиб, унга ёрдамчи бўлиб келган.

Оқбура, Бишкек.

Расм Азиза Абдирасулованинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг