Россия: Урушга борсанг паспорт оласан, бормасанг – боридан ҳам айриласан

Сўнгги пайтда рус ҳукуматининг меҳнат муҳожирларини урушга жалб қилишга уриниши кучайди.

Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабар беришича, Москвага яқин Калуга вилоятида муҳожирлардан Россия фуқаролигини олиш учун ҳужжат қабул қилишдан олдин Украинадаги урушда қатнашиш учун шартнома имзолаш талаб қилинмоқда.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Котляр Россиянинг «7х7» нашри билан суҳбатда бу каби ҳолатнинг беш маротаба қайд этилганини айтган. Аммо бундай ҳолатлар кўп экани айтилмоқда. Котляр бу масалада Омбудсменга мурожаат қилган, лекин жавоб олмаган.

Нашр шунингдек айрим меҳнат муҳожирлари билан суҳбатлашиб, улар бу гапни тасдиқлашган. Сўралганлар одатда Россия фуқаролигини олишдан бош тортишмоқда.

Улардан бирининг сўзларига кўра, бу гаплар фақат эркакларга тегишли, аёллардан фуқаролик учун ҳужжатлар қабул қилишда муаммо йўқ.

Ўзбекистон фуқароларидан бирининг “7х7” нашрига айтган сўзларига кўра, Ички ишлар вазирлигининг Калуга вилояти бўйича миграция бошқармасида инспектор ҳатто унинг ҳужжатларини ҳам кўрмаган ва дарҳол уни ҳарбий комиссарликка жўнатган. Унга «СВОда (Махсус ҳарбий операция) иштирок этиш учун шартнома»ни имзолаш кераклиги ва шундан кейингина ҳужжатлар кўриб чиқиш учун қабул қилиниши айтилган.

Унинг сўзларига кўра, Калуга вилоятида ҳужжатларни топшириш билан боғлиқ муаммолар апрель ойида бошланган. Март ойида мигрантлар ҳеч қандай муаммосиз ҳужжатларини топшириб, Россия паспортини олишган.

Сўнгги кунларда Россияда муҳожирларни текшириш кучайгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Хабаровск шаҳрида полиция рейди пайтида қочишга уринган 20-ёшли Қирғизистон фуқароси ўқдан яраланган ва шифохонада оғир аҳволда қолмоқда. Уни машинада қочишга уриниш пайтида полиция ходимини уриб юборишда айблашмоқда.

Ўтган ой охирида ижтимоий тармоқларда такси ҳайдаб кетаётган мигрантларнинг оммавий ҳибсга олингани акс этган видеолар тарқалиб, жамиятда қизғин муҳокама қилинган эди.

Россиядаги муҳожирларга ёрдам бераётган ҳуқуқшунос Аниса Жээнбекованинг айтишича, Россияда истиқомат қилаётган Қирғизистон фуқаролари урушга жалб қилинган ҳолатлар ҳам бўлган. Шундай вазиятга тушган фуқаролар керакли ҳужжатларни олиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишлари кераклигини айтади.

“Ушбу йирик давлат тизимида ҳам турли узилишлар мавжуд. Мутахассислар муҳожирнинг мақомидан қатъи назар, ҳарбий чақириқ қоғози юборилган ҳолатлар мавжуд. Бундай ҳолда, агар барча ҳужжатлар қонуний бўлса, уларни олиб, шу мақомга эга бўлган муҳожир (яъни, Россия паспортига эга эмас. – таҳр.) эканлигингизни исботлаб, муаммони ҳал қилишингиз мумкин”, — деди Жээнбекова.

Россиянинг Калуга вилоятида эса муҳожирлар Украинадаги урушда қатнашиш тўғрисида шартномани имзоламагунча улардан фуқаролик олиш учун ҳужжатлар қабул қилинмаяпти. Бу ҳақда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари хабар беришди.

Хабарда айтилишича, 2023 йил август ойида бир қатор вилоятларда, жумладан, Санкт-Петербург шаҳрида ҳам рейдлар ўтказилган. Рейдлар давомида ҳужжатларининг муддати ўтиб кетган ёки ҳужжатсиз юрган муҳожирлар билан бир қаторда, яқинда Россия фуқаролигини олиб, ҳарбий рўйхатдан ўтмаган муҳожирларни ҳам излашган. Қўлга олинганлари ҳарбий комиссарликларга олиб кетилган.

Россия қонунчилигига кўра, ушбу мамлакат фуқаролигини олган ҳарбийга яроқли одам қўлига паспорт олгандан кейин икки ҳафта ичида ҳарбий комиссарликда рўйхатдан ўтиши керак.

Шу вақтнинг ўзида Россия Давлат думаси фуқароликни олган, лекин ҳарбий хизматни ўтамаган собиқ муҳожирларни фуқароликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқчи. Минтақавий сиёсат ва ўзини ўзи бошқариш қўмитаси раҳбари Михаил Матвеевнинг маълум қилишича, лойиҳа келгуси ҳафта қаралади.

Аввалроқ Матвеев Россия фуқаролигини олиб, ҳарбий рўйхатдан ўтмаган ёки ҳарбий хизмат ўташдан бош тортганларни оиласи аъзолари билан қўшиб, фуқароликдан маҳрум қилиш ва депортация қилишни таклиф қилган эди.

Россия президенти Владимир Путин шу йилнинг апрель ойида армия ҳақида ёлғон маълумот тарқатиб, уни “қоралаган”, Россия фуқаролигини олган шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.

Аввалроқ “Озодлик”нинг қирғиз хизматига  Россияда ишлаётган Қирғизистон фуқароси армияга чақирув олгани ҳақида ёзганди. Ҳарбий комиссариятга бориб текширса, унга заҳирадаги аскар экани, керак бўлса урушга чақирилишини айтишган. Азамат (исми ўзгартирилган) бундай чақирувлар бошқа қирғизистонлик муҳожирларга ҳам келганини қайд этди.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Россияда бир миллиондан ортиқ Қирғизистон фуқароси ишлаб, ўқиб, яшаб келмоқда. Айрим манбаларга кўра, уларнинг деярли барчаси шу давлат фуқаролигини олган.

Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан кейин ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Москвадаги Сахарова миграция марказида муҳожирларга урушда қатнашиш учун шартномалар имзолангани ҳақида хабар берган эди.

Россияда муҳожирларга нисбатан таъқиблар, тақиқлар ҳамда турли хил талаблар ортиб бораётган бўлишига қарамай, сўнгги олти ой давомида Қирғизистондан Россия Федерациясига келган муҳожирлар сони 45 фоизга ошган. Бу ҳақда журналистларга ИИВ Ички ишлар бош бошқармаси-назорат хизмати бошлиғи ўринбосари Юрий Конобеевский маълум қилди.

Шу даврда Россияга 460 минг киши келиб, уларнинг 57 фоизи ишлаш ниятида бўлган.

Бундан ташқари, Россия Федерациясида яшаш учун рухсатнома олган Қирғизистон Республикаси фуқаролари сони 11 фоизга ошган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг