Мустақиллик кунига муносиб совға: Чегарадан ўтиш енгиллашади

Бир неча кундан сўнг Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари чегарадан ички паспорт билан ўта бошлайдилар.

Жорий йилнинг 1-сентябридан тортиб Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари икки давлат чегарасидан ID паспорти билан ўтиши мумкин бўлади. Бу ҳақда 25 август куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

2023-йил 27-январда Бишкек шаҳрида икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари имзоланган ўртасида имзоланган баённомага кўра, жорий йилнинг 1-сентябридан Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари икки давлат ҳудудига кириш, чиқиш, ҳаракатланиш ва у ерда бўлиш учун бошқа йўл ҳужжатлари билан бирга ID -карталардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Маълумки, икки давлат Мустақиллик кунларини бирин-кетин, 31-август ва 1-сентябрь кунлари нишонлашади. Байрам олдидан икки давлат фуқаролари учун яхши совға бўлди.

Жўғўрқу Кенеш жорий йилнинг 3-майида тегишли қонунни тасдиқлаган. Аввалроқ Ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев жорий йилнинг тўрт ойида Ўзбекистондан Қирғизистонга 1 миллион 618 минг киши киргани, Қирғизистондан эса у давлатга 1 миллион 574 минг 732 киши чиққанини маълум қилганди.

Икки давлат ўртасидаги визасиз режимнинг амал қилиш муддати 60 кунни ташкил этади ва мамлакатга кирган фуқаро 5 кун ичида рўйхатдан ўтиши керак. Рўйхатга туриш бўйича талаб сақланиб қоладими, йўқми, бунга ТИВ аниқлик киритмаган.

Икки давлат чегарасида 15 та назорат пункти мавжуд. Уларнинг аксарияти 2005-йилда Қирғизистондаги сиёсий воқеалар туфайли ёпилган. Ўшанда биринчи “инқилоб” юз бериб, тўнғич президент Асқар Ақаев ўз лавозимидан воз кечишга мажбур қилинган эди.

Расмий равишда 2016-йилда Бишкек ва Тошкент муносабатлари яхшилана бошлаганида, айрим чегара пунктлари қайтадан очила бошлаган. Ўш вилоятидаги “Дўстуқ” чегара пункти 2017-йилда очилган. Орадан кўп ўтмай Жалолобод вилоятидаги “Маданият” ва “Баймақ” пиёдалар ўтиш жойлари ишлай бошлади.

2021-йил 1-апрелда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Сўҳ анклавини ушбу давлат билан боғлайдиган Сўҳ-Риштон йўлидаги “Қайтпас” ва “Ўтукчи” назорат бекатлари очилди.

Ҳукуматлараро келишувларга кўра, икки давлат ўртасидаги чегара постларидан яна бир нечтаси, жумладан Бекабад-Хонобод ўтказиш пункти ҳам очишга шай қилиб қўйилгани маълум. Айрим расмиятчиликлар ва техник масалалар ҳал бўлгач, уларнинг ҳам очилиши кутилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг