Диққат: Қулчилик ҳамон давом этмоқда

Россия полицияси ходимлари қулчиликка гирифтор бўлган икки ўзбекистонликни озод қилди.

Россиянинг Ставрополь ўлкаси полицияси икки нафар ўзбекистонликни 6 ой давомида қул қилиб ишлатган шахсларни қўлга олди.

“Kun.uz” нашрининг Россия маҳаллий матбуотига таяниб ёзишича, ўлканинг Шпаковский туманидаги Авиатор қишлоғида яшовчи пенсионер икки таниши билан бирикиб, Россияда ноқонуний яшаб келаётган икки ўзбекистонликни, 31 ёшли эркак ва 27 ёшли аёлни номаълум шахслардан 20 минг рублга сотиб олган.
Шу тариқа икки муҳожир ярим йил давомида ўша ерларда ҳақ олмасдан деҳқончилик қилишга мажбурланган.
Россия ҳуқуқ идоралари одамларни ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш фактини аниқлаб, икки кишини ҳибсга олган. Жиноий гуруҳнинг учинчиси бўлган шахснинг июл ойи охирида вафот этгани маълум бўлган.
Бугунги кунда “Қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш” ва “ноқонуний муҳожирликни ташкил этиш” моддалари бўйича айбланаётган пенсионер фуқаро тергов изоляторида ҳибсда, иккинчи гумонланувчи эса уй қамоғида экани айтилмоқда.
Ҳозирда полиция ўзбекистонликларни қул қилиб сотган шахсларни қидираётгани маълум. Озод қилинган шахсларнинг тақдири ҳақида нашрлар аниқ маълумот беришмаган. Одатда бундай шахслар ўз юртларига жўнатиб юборилади.
Бу ҳолат биринчи ва ягона эмас. “Озодлик” нашри Россияда одам савдоси қурбони бўлаётган фуқаролар, жумладан ўзбекистонликлар тақдири ҳақида туркум дастурлар тайёрлаб келишини эслатади. Қуллик шароитида ишлатилаётган муҳожирлар таҳририятга кўп бора шикоят йўллагани ҳам маълум.

Бугунги кунда Россия ҳудудида Марказий Осиё давлатларидан борган 3 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири борлиги айтилади. Лекин на Россияда ва на муҳожирлар келаётган ўлкаларда уларнинг аниқ сони ҳисобга олинмаган. Уларнинг кўпчилиги ноқонуний ишлаб юргани боис расмий ҳисоботларга кирмай қолишади.

Қулчилик тушиб қолишнинг асосий сабаблари – ўз ҳуқуқини ва тил билмаслик, иш излашда шубҳали одамларнинг кимлигини текширмасдан туриб уларга ўз ҳужжатларини топшириб қўйиш ҳисобланади.

Турли халқаро ташкилотлар қулчиликнинг олдини олиш мақсадида минтақа давлатларида кўплаб тадбирлар ўтказади. Шунга қарамай, муҳожирлар ҳамон одам савдоси фирибгарлари қармоғига илиниб қолмоқдалар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг