Яна давлат тўнтариши ғавғоси: Қирғизистонлик ёзувчи Ўлжўбай Шакир ҳибсга олинди

Кутилмаганда ғойиб бўлиб қолган қалам соҳиби махсус хизмат томонидан қамалгани аниқланди.

Бишкекдаги “Қилим шами” ташкилоти раҳбари Гулшайир Абдирасулованинг “Озодлик”ка айтишича, Ўлжўбай Шакир ўз адвокати билан бирга Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сақланмоқда. Унинг адвокати Бахит Автандил Ўлжўбай Шакирнинг 48 соатга ҳибсга олинганини маълум қилган. Шу вақт мобайнида суд унинг ҳибсга олиниши нақадар қонунийлигини аниқлаб, уни бўшатиш ёки ҳибсда қолдириш ҳақида ҳукм чиқариши керак.

Адвокатга кўра, журналист ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига фаол бўйсунмасликка чақириш, тартибсизликларга чақириш ва ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айбланмоқда.

“Бу асоссиз айбловлар. Ўлжўбай Шакир зудлик билан озод этилиши керак. …Масаланинг бутун моҳияти шундан иборатки, айрим экспертизалар тайинланган. Текширувлар якунлангач, Ўлжўбай Шакирга нисбатан жиноий иш қўзғатилди”, – деди Бахит Автандил журналистларга.

Таниқли ёзувчи ва публицист Ўлжўбай Шакир 23 август куни ўз уйида юрганда ғойиб бўлган.

Унинг рафиқаси Назгул Бўдбаеванинг “Озодлик”ка айтишича, журналист 23 август куни тушда уйда ёлғиз бўлган, бироқ кейин ғойиб бўлган.

“Уйга келсам эшиклар очиқ, Ўлжабай эса йўқ. Телефони ўчирилган. У қариндошлар билан ҳам боғланмаган экан. …Уйга келганимда Бишкек милиция ходимлари ҳам келишди. Улар 31 август куни Ўлжўбай айтган акция ҳақида гаплашиш учун келганликларини айтишди”, деди аёл.

Маълум бўлишича, 52 ёшли ёзувчи 31 август, яъни Қирғизистон давлат мустақиллиги куни бугунги ҳокимиятнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қарши норозилик акцияси ўтказиш ташаббуси билан чиққан. Бунгача ҳам расмийлар бир неча фаолни давлат тўнтаришига уринишда айблаб ҳибсга олган.

Ўлжўбай Шакир ҳокимиятни тез-тез танқид қилиб туриши билан маълум.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг