Қирғизистон-Ўзбекистон: Ҳамкорлик келишувлари ўз мевасини бермоқда

Ўзбекистон Иссиқкўл соҳилидаги ўзига қарашли тўрт пансионатни 49 йилга ижарага олди.

Бу ҳақда Давлат мулкини бошқариш агентлиги директори Қанатбек Турғунбеков маълум қилди. Гап совет даврида Ўзбекистон томонидан барпо этилган “Дилором”, “Олтин қум”, “Роҳат” ва “Бўстон” пансионатлари ҳақида кетмоқда.

Бир неча йил аввал бу оромгоҳлар давлат тасарруфига олинганини айтилган ва бундан норози бўлган Ўзбекистон халқаро судга мурожаат қилган эди. Турғунбековнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон энди бу пансионатларнинг ҳар бирига 15-20 миллион доллардан сармоя киритмоқчи. Натижада у ерда олий даражадаги оромгоҳлар пайдо бўлади.

Юқорида номи тилга олинган пансионатларни ҳукумат 2020-йилда хусусий мулкка ўтказиш нияти борлигини маълум қилган эди. Давлат мулкини бошқариш жамғармаси мазкур бинолар давлат мулки бўлиб қолишини ва сармоядорга вақтинчалик бошқарувга (ижарага) берилишини маълум қилди.

Бу пансионатларнинг Ўзбекистонга берилиши ҳақидаги қарорни айрим фуқаролар танқид остига олдилар. Улар 17-август куни президент Садир Жапаровга очиқ мурожаат йўллаб, унда қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстона, ўзаро манфаатли, тенг ҳуқуқли ҳамкорликни доимо қўллаб-қувватлашларини, бироқ пансионатлар тўғрисидаги қарор нотўғри экани ҳақидаги фикрларини билдирдилар.

“2016-йилда Ўзбекистондан қайтариб олинган Иссиқкўл қирғоғидаги тўртта пансионат ери билан 49 йилга ҳеч қандай сабабсиз ва тўловсиз қайтарилиши Қирғизистоннинг манфаатларига тўғри келмайди, деб ҳисоблаймиз”, – деган улар ўз мурожаатларида.

Ўзбекистоннинг мулки бўлган тўрт пансионатни хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, уларга қирғиз тилидаги номлар берилди, яъни “Роҳат” – “Алтын жай”, “Дилором” – “Эне-Сай”, “Золотие пески” – “Бостери” деб ўзгартирилди. “Бўстон” пансионатининг номи ўзгаришсиз қолган.

Ижтимоий тармоқларда танқид авж олгач, бунга жавобан президент Садир Жапаров 18-август куни “Кабар” миллий агентлиги орқали изоҳ берди. Унда Қирғизистон томони ушбу мулк ва ерлар туфайли Тошкент билан судлашганини судда ютқазиб қўйганини айтиб, ўша пайтда пансионатларни Қирғизистонга қайтариб олган 2016-йилдаги бош вазир Темир Сариевни “популист”ликда айблади.
«2016 йилда Темир Сариев бош вазир бўлиб турганида, ростини айтсам, буни халқчиллик деб қабул қилган эди. Архивдаги қоғозларни ўқиб, келажакни синчиклаб ўйлаб, етти ўлчаб бир марта кесиш керак эди. …Ўша йили Ўзбекистон Вашингтондан Халқаро судга 65 миллион доллар даъво аризаси билан мурожаат қилди. 2017-йилда янги бош вазир Сапар Исақов Ўзбекистонга расмий хат йўллаб: “Тинч йўл билан ҳал қилайлик, сизга 4 пансионатни қайтариб берамиз, сиз эса Халқаро суддан даъвоингизни қайтариб олишингиз керак”, деган таклиф киритган. Улар даъвони қайтариб олишмаган. Май ойида халқаро суд Қирғизистон даъвогарга 40 миллион доллардан кўпроқ тўлайди, деган қарор чиқарди. Ундан кўра сизлар “49 йилга олиб, 4-5 юлдузли меҳмонхоналар қуринглар”, – деб келишдик”, – деди Жапаров.
Жапаров ушбу пансионатлар сотувга қўйилганда тақдирда ҳам харидор чиқмаслигини, узоқ муддат фойдаланишга топширилса, томонлар қулай бўлишини таъкидлади.

«…Ўша тўртта пансионатни сотмоқчи бўлсак, уларни 40 миллион эмас, тўрт миллион долларга ҳеч ким сотиб олмайди. Лекин 5-10 йилга бериш-бермаслик масаласи. Тўрт, беш юлдузли меҳмонхоналар қурилиб битгунича 5-10 йил ўтиб кетади. Ҳар қандай давлат сарфланган пулини оқламаса, уларни биз учун қуриб берган бўларди.

Жапаров Кампиробод масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

«Кампиробод кетди», деганлар ё саводсиз, аҳмоқ ёки ичи қора одамлар. Кампиробод кетмади. Келди. Биз уни биргаликда бошқариш учун 50 фоизни олдик”, – деди у.

Икки давлат ўртасида тузилган келишувга кўра, тўртала пансионат ҳам уч, тўрт юлдузли меҳмонхона даражасида таъмирланади. Ишчиларнинг камида 80% маҳаллий аҳоли бўлиши керак.

Агентликнинг қайд этишича, ушбу объектлар давлат балансида бўлиб, улар рентабелли бўлган, ҳозирда аксарият хоналари ёмон ва авария ҳолатида. Унинг айтишича, таъмирлаш учун катта сармоя керак.

Тўртта пансионатни Ўзбекистонга ижарага бериш тўғрисидаги қарор ҳафта бошида Чўлпонотада бўлиб ўтган Қирғизистон-Ўзбекистон ҳукуматлари қўшма комиссиясининг 10-йиғилишида қабул қилинган. Унга кўра, “Золотьие пески” пансионати “Тошкент механика заводи”га, “Дилором” пансионати “Асакабанк” ҳиссадорлик жамиятига, “Роҳат” дам олиш маскани “Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки”га, “Бўстон” эса “Ўзсаноатқурилишбанк” банкига берилади.
“Ҳар бир объектга 15-20 миллион доллар сармоя киритилиши, уларнинг ҳар бирида 200 га яқин иш ўрни яратилиши, солиқлар эса йилига 130 миллион сўмгача бўлиши тахмин қилинмоқда”, – дейилади Қирғизистон томони тарқатган хабарда.

Оқбура, Бишкек

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг